03:53 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Даниялик журналист Майкл Андерсен: “Ислом Каримов ва унинг ҳамкасблари – Марказий Осиёдаги “экстремистларнинг” энг катталари”

20.01.2010 17:05 msk

Фарғона.Ру

Марказий Осиё режимлари сўнгги ўн беш йил давомида рақибларига “экстремист” ва “террорист” тамғаларини ёпиштириб мухолифатни йўқ қилиб келмоқда. Кўп йиллардан бери Марказий Осиё масалалари билан шуғулланиб келаётган Майкл Андерсен “Диний экстремизм ҳақида афсона” дея аталувчи янги фильмини суратга олди. “Ал-Жазира” телеканалининг инглиз тили хизмати 2010 йил 20 январь кунидан бошлаб фильмни олти кун давомида намойиш этади. Шу билан бирга, уни телеканалнинг веб-сайтида ҳам кўриш мумкин. “Фарғона.Ру” Майкл Андерсен билан унинг сўнгги лойиҳаси ҳақида суҳбатлашди.

Нега бундай фильмни суратга олишга қарор қилдингиз?

- Узоқ вақт давомида мен Марказий Осиё диктаторларининг ўз рақибларини йўқ қилиш учун “экстремизм” дея аталувчи таҳдиддан фойдаланиб келаётганларини, мухолифатчиларга “экстремист” ва “террорист” лаънат тамғаларини ёпиштириб келаётганларини кузатиб келдим. Шунингдек, мен, ғарб сиёсатчиларининг Ислом Каримов каби ўзбек диктатори ташвиқотига учганларини кўрдим. Шунинг учун ҳам мен бу фильмни яратишга ва унга “Марказий Осиёда диний экстремизм ҳақида афсона” деб ном беришга қарор қилдим.

Сиз “афсона” деяпсиз. Сиз экстремизмнинг минтақага таҳдид қилаётганига ишонмайсизми?

- Ҳамма нарсани жўнгина баҳолаш керак эмас.

Майкл Андерсен
Майкл Андерсен

Илгари экстремизм чиндан ҳам таҳдид бўлмаган. Бироқ ҳозир бундай таҳдид бор. Бунга Каримовга ўхшаганлар айбдор. Ўтган асрнинг 90-чи йилларида марказий осиёлик етакчилар дунёни “экстремизм” ва “радикализм” билан қўрқитганларида, бундай таҳдид арзимаган даражада эди.

Марказий Осиёдаги ислом тарихан мўтадил бўлиб келгани ўқувчиларингизга маълум бўлса керак. Бироқ, Ислом Каримов ва бошқалар ислом экстремизми образидан маҳаллий аҳолини қўрқитиш ва ўзига бўйсундириш учун фойдаландилар. Улар “хавфли исломий террорчилардан сизларни фақат мен қутқара оламан, аммо барқарорликни таъминлаш учун демократиядан вақтинча воз кечишга тўғри келади” деган сўзларни айтиб келдилар. Бундан ташқари, у “мени танқид қилишга уринган ҳар бир одам сотқин ва экстремист дея тан олинади ва қамалади” каби сўзларни айтиши мумкин эди.

2001 йил 11 сентябрь куни бўлиб ўтган фожеадан сўнг Ғарб соддалик билан Марказий Осиёда экстремизм хавфи тўғрисидаги баёнотларга ишонди. Шунга қарамай, Марказий Осиёдаги режимлар экстремизм билан қўрқитаётган пайтда бу гаплар афсона эди.

Бугунги кунда аҳвол қандай?

- Бугун экстремизм хавфи ўсаяпти, бу ҳалокатли иқтисодий-ижтимоий сиёсат ва режимларнинг репрессив характерининг оқибати бўлиб қолмоқда. Расмийлар ўзларининг “экстремизм” ҳақидаги башоратлари албатта амалга ошиши учун қўлидан келган ишларни қилаяпти. Кўпчилик эксперт тадқиқотлари хулосасига кўра, “Ҳизбут-Таҳрир”га ўхшаган ташкилотларга сўнгги пайтда кўплаб янги аъзолар қўшилмоқда.

Бундай ташкилотларга хайрихоҳларнинг кўпаётганини ҳам қайд этиш муҳим.

Яна бир муҳим нарса. Марказий Осиёдаги расмийларнинг таъкидлари ва сохта далилларига қарамай, шу чоққача ҳеч ким “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг зўрлик ишлатмоқчи эканлигини исботлай олгани йўқ.

Фильмда ЕХҲТнинг Бишкекдаги вакили Андрью Тесорьернинг (Andrew Tesoriere) айтганидек, “қўлга олинган одамларнинг ҳуқуқлари, гарчи улар террорчиликда гумонланаётган бўлсалар ҳам, ҳурмат қилиниши лозим. Агар сиз шундай қилмасангиз, экстремизм ва балки, ҳатто терроризм билан боғлиқ муаммоларни кучайтирасиз, холос”.

Андрью Тесорьер
Андрью Тесорьер

Афсуски, маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу мавзуда жиддий гапира олмайдилар.

- Демак, сиз бугунги кунда экстремизм хавфи мавжудлигига ишонар экансиз-да?

- Ҳа, бугунги кунда экстремизм хавфи мавжуд. Бироқ бу таҳдидни жиловлаб туриш учун унинг илдизи қаердалигини англаш зарур. Экстремизмни минтақадаги репрессив режимлар дунёга келтирмоқдалар.

Марказий Осиёдаги “экстремизм” ҳақида гапирганимизда, фақат диний экстремизмни назарда тутатиган бўлсак, бу нафақат соддалик бўларди, балки хавфли ҳамдир. Фильмда мен ўзбек мухолифатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳдан интервью олганман. У ҳам Ўзбекистонда бугун экстремизм нафақат диндорлар ўртасида, балки, кенгроқ тарқалганини уқтирмоқда. Унга кўра, ўртача тадбиркор, ўқитувчи ёки ишчилар ҳам бугунги кунда радикализмга мойил бўлиб қолмоқалар.

Ўйлашимча, Андижондаги 2005 йил воқеаси, Марказий Осиёда сўнги йилларда содир бўлаётган унчалик катта бўлмаган чиқишлар ёки отишмаларнинг барчасида одамлар ноиложликдан сўнгги чораларни кўришга мажбур бўлаётганларини кўриш мумкин.

Марказий Осиё режимларининг одамларни қай аҳволга солаётганини кўрганингизда бундай радикализмни қоралаб бўладими?

Фильмда тожикистонлик эксперт Парвиз Муллажонов айтганидек, “Марказий Осиё етакчилари исломни тушунмайдилар, исломдан қўрқадилар, улар ким экстремист ва ким оддий диндор эканлигининг фарқига бормайдилар. Улар ҳаммани йўқ қилишга отланганлар. Агар бундай қилишда давом этасверсалар, радикал ташкилотларни кучайтирадилар, холос”.

Демонстрация узбекских беженцев в Брюсселе
Ўзбек қочоқларининг Брюсселдаги намойиши

- Нима деб ўйлайсиз, Ғабдаги одамлар нима бўлаётганини тушунадиларми?

- Йўқ.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг етакчиси Муҳиддин Кабирий менга айтганидек, “Ғарб Марказий Осиёда фақат икки нарсани: экстремистларни ва авторитар режимларни кўрмоқда. Улар ўз манфаатлари йўлида, барқарорликни таъминлаш учун авторитар режимларни қўллаяптилар. Ғарб Марказий Осиёнинг учинчи томони борлигини, оддий, ҳеч кимга зарари етмайдиган одамларни унутиб қўйди”.

Ғарб учун – мен Ғарбнинг сиёсий етакчиларини назарда тутаяпман – Афғонистонга транзит, энергия воситалари ва геосиёсат Марказий Осиёдаги оддий одамларнинг ҳаётидан муҳимроқ.

- Фильмни суратга олаётганингизда, кўпроқ нимадан таъсирландингиз?

- Ушбу фильм қаҳрамонлари озчиликни ташкил этади. Бироқ улар ҳайрон қоладиган даражада жасур одамлар – ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ўз ҳаётларини хавф остида қолдириб, режимга қарши курашда давом этмоқдалар. Бунинг исботини биз ҳар ҳафта давомида кўраяпмиз.

Афсуски, бу яна бир бор минтақанинг барча мамлакатларида самарали, ишончга сазавор сиёсий мухолифатнинг йўқлигига далил бўлаяпти.

Яна бир жуда кучли таассурот – режимнинг шавқатсиз, қатъий босими остига тушиб қолган одамлар ва бутун бошли оилалар. Бегуноҳ одамларни қилмаган жиноятлари учун, уларнинг бегуноҳлигини била туриб турмага қамадилар... На холис тергов ва на холис судлар. Одамларга адвокатга мурожаат қилишга имконият бермадилар... Ёки қийноқлар, полициянинг шавқатсизлиги... Рўйхатни яна давом этиш мумкин. Минтақадаги минглаб бегуноҳ одамлар кечираётган кундалик ҳаётидан таъсирланишим ҳануз давом этмоқда. Аҳволнинг энг ёмони Ўзбекистонда. Шунга қарамай, минтақанинг бошқа мамлакатлари етакчилари “ўзбекча йўл”ни танлаяптилар.

- Марказий Осиёнинг келажагини қандай кўрасиз?

- Жуда хавотирдаман. Минтақадаги расмийларнинг ўтказаётган сиёсати мутлақо хавфли ва ҳалокатга маҳкум. Бу сиёсатдан фақат ҳокимият устида турган клептократия манфаатдор.

Минглаб одамларни турмаларга ташлаб, расмийлар тескари натижаларга эришмоқдалар, холос. Халқаро инқироз гуруҳи ҳисоботларидан турмалар радикал кайфиятларнинг ўсишига ва радикал гуруҳлар учун ташвиқот майдончасига айланаётганини кўриш мумкин.

“Ҳизбут-Таҳрирнинг” Қирғизистондаги вакили Дилёр Жумабаев менга: “Турмаларда одамларимиз кўп, бироқ озодликка чиққан минглаб одамларимиз ҳам бор. Турмадан кейин улар энди ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Тез орада, жуда ҳам тез орада биз исломий халифат ўрнатамиз” деб айтди.

Дилер Жумабаев
Дилёр Жумабаев

Мен ундан халифалик зўрлик билан ўрнатиладими, деб сўраганимда, у кўзларимга қараб: “Йўқ албатта, йўқ. Фақат Қуръон кучи билан”, деб жавоб берди.

Экспертларнинг аксарияти Марказий Осиё режимлари нотинч даврларни бошидан кечираяптилар деган фикрга қўшилмоқдалар. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей (Craig Murray) айтганидек, “Ғарб кўмаги остида минтақага секин ҳаракатланувчи мина – норозилик ўрнатилмоқда. Ғарб ушбу диктатураларни қўллар экан, норозиликлар аксилғарбий характерга эга бўлади”.

* * *

Майкл Андерсенга қуйидаги элктрон манзили бўйича хат йўллаш мумкин: michaelandersencentralasia@yahoo.com

Майкл Андерсеннинг “Марказий Осиёдаги диний экстремизм ҳақида афсона” фильмини “Ал-Жазира” (Aljazeera English) телеканали орқали қуйидаги вақтларда кўриш мумкин (Гринвич вақти билан):

Чоршанба, 20 январь: 6.00 ва 18.30;

Пайшанба, 21 январь: 01.30, 14.00 ва 19.30;

Жума, 22 январь: 06.30 ва 16.30;

Шанба, 23 январь: 03.30 ва 20.30;

Якшанба, 24 январь: 00.30 ва 05.30;

Душанба, 25 январь: 08.30.

Тез орада фильмни Youtube- Аль-Джазира каналида кўриш мумкин бўлади