19:28 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Эксперт хулосаси”: Умида Аҳмедова ижоди “Ўзбекистон халқлари анъаналарини таҳқирлади”

18.01.2010 16:00 msk

Алексей Волосевич

Тошкентлик фотограф ва кинооператор Умида Аҳмедовани ўзбек халқини “ҳақорат қилиш” ва “туҳмат” бўйича айблаётган жиноий иши якунловчи босқичига етиб келди. Умида Аҳмедовани 2010 йил 13 январь куни унинг кино- ва фото-ишларига нисбатан “экспертлар” гуруҳининг хулосаси билан таништирдилар (матн бу ерда). Ўзбекистонда илк бор ижодкорни ҳатто сиёсий эмас, балки ижтимоий-этнографик мавзуларга олган кино ва фотосуратлари учун суд қилишмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил охирида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ташаббуси билан Умида Аҳмедовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-чи ва 140-чи моддалари бўйича ўзбек халқини ҳақоратда айблаб жиноий иш қўзғадилар. Ушбу моддалар бўйича айбдор деб топилган шахсга нисбатан икки йилдан уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ жазоси қўлланади. Расмийлар унинг 2007 йилда “Швейцария элчихонаси Гендер Дастури” кўмаги остида нашр этилган 110 та фотосуратдан иборат “Аёллар ва эркаклар: эрта тонгдан кун ботгунча” дея аталувчи фотоальбомига ҳамда Олег Карпов билан ҳамкорликда “Бокиралик юки” фильмининг яратилишига шу йўл билан жавоб чора кўрдилар.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходими Комил Акбаров 13 январь куни Умида Аҳмедовага фотоальбом ва фильм юзасидан ўтказилган ялпи экспертиза хулосасини тақдим этди. Олдин тахмин қилинганидек, ушбу фильм ҳам муҳокама қилинган.

“Ахборот ва коммуникациялар агентлиги оммавий коммуникациялар соҳаси мониторинг марказининг 2009 йил 15 май кунги хулосасига ҳамда ялпи экспертиза хулосасига кўра, “Аёл ва эркак: эрта тонгдан кун ботгунча”ҳамда “Бокиралик юки” ва “Анъана ва маросимларда аёллар ва эркаклар” фильмлари муаллифлари У.Т.Аҳмедова ва О.Карпов халқимиз урф-одатларини қоралашга қаратилган ўзларининг илмий бўлмаган, асосланмаган кинояли ва истеҳзоли нотўғри шарҳлари, ёшларнинг руҳий-ахлоқий ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган негатив ахборот билан Ўзбекистон Республикаси халқларининг анъаналарини маълум миқдорда ҳақорат қилади. Буни ўз навбатида миллий урф-одатларга туҳмат, менсимаслик ва ҳурматсизлик каби баҳолаш мумкин. Шундай қилиб, Аҳмедова Умида Тўхтамуродовнанинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-чи моддасида (“Ҳақорат”) кўзда тутилган аломатларни кўриш мумкин”, - дейилади терговчи Акбаровнинг Умида Аҳмедовани жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қарорида. Қизиғи шундаки, ушбу қарорда 139-чи моддаси (“Туҳмат”) бўйича айбловлар тушиб қолган.

Яқин кундар ичида Умида Аҳмедовага расман айблов эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳозир у терговчига Ўзбекистондан чиқмаслик тўғрисида тилхат ёзиб берган.

Кўпчилик ҳужжатли фотография қандай қилиб бутун бир халқ устидан “ҳақорат” ёки “туҳмат” бўлишидан ҳайрон қолмоқдалар. Экспертларнинг хулосаси билан ўзингиз танишиб кўришингиз мумкин. Бунинг учун фотосуратга ишоратни боссангиз, матн тўла очилади.

Экспертиза по делу Умиды Ахмедовой
Умида Аҳмедова иши бўйича экспертлар хулосаси

Экспертиза хулосаси қисман ўзбек ва қисман рус тилида тузилган. Ўқувчиларимиз эътиборига “Бокиралик юки” филмини ҳам тақдим этамиз. Фильмни кўриш учун бу ерга (ёки бу ерга), Умида Аҳмедованинг фотосуратларини кўриш учун эса бу ерга босинг

Алексей Волосевич тайёрлади