05:41 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон махсус хизматлари мустақил журналистларга досье тўплаяпти

15.01.2010 12:55 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

“Фарғона.Ру” фотоси

Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир неча мустақил журналистларни сўроққа тутди. Еттинчи январь куни турли вақтларда турли чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган Василий Марков, Сид Янишев, Абдумалик Бобоев, Ҳусниддин Қутбиддинов ва Марина Козлова Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Баҳром Нурматов томонидан “суҳбатга” чақиртирилди. Василий Марков ва Абдумалик Бобоев чақирув қоғозисиз прокуратурага бормасликка қарор қилдилар; қолганлар келиб жаноб Нурматов билан суҳбатлашиб қайтдилар.

Прокуратурада ҳар бир журналистга уларнинг устидан тўпланган шахсий дело – улар ёзган мақолалар ва репортажлари ҳамда батафсил таржимаи ҳол ҳамда бошқа ҳужжатлар кўрсатилди. Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси журналистларга ушбу материаллар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилганини маълум қилди.

Баҳром Нурматов Ҳусниддин Қутбиддиновга мухолифат сайтларида чоп этилган мақолалар муаллифларига тегишли тўрт ёки бешта тахаллусларни кўрсатиб: “улар сизга тегишли эмасми?” дея қизиқди. У шунингдек, журналистнинг “Туронзамин”, “Фарғона.Ру” ва “Центразия” сайтларига мақола ёзиб туриш-турмаслиги билан ҳам қизиқди. Прокурор ёрдамчисини журналистнинг чет элдан олаётган пул жўнатмалари, қамалган журналист Дилмурод Саййид оиласи билан борди-келдиси бор-йўқлиги ҳамда Human Rights Watch, Freedom House ва “Эзгулик” каби ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари билан алоқаси ҳақида сўради. У шунингдек, журналист чет эл агентликларига Ўзбекистонни қораловчи мақолалар ёзганми ёки уларга интервью берган-бермаганлиги билан қизиқди.

Хусниддин Кутбиддинов
Ҳусниддин Кутбиддинов

“Мен бошқаларни ҳам прокуратурага чақиришганини билганим йўқ эди, шунинг учун улар ўзлари учун қандайдир маълумотга аниқлик киритишлари ёки менга нисбатан қандайдир шубҳа-гумонлар борлиги ҳақида билдирмоқчилар деб ўйладим. Бу гумонларни яхшиси кучайтирмаган афзал, - дея таассуротлари билан ўртоқлашди Ҳусниддин. – Аммо кабинетдан чиқиб болаларни кўрдим ва “групповой” профилактика бошланибди-да, деб ўйладим”.

Сид Янишев эрталаб унга Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Баҳром Нурматов телефон қилганини ва бир неча саволларга жавоб бериш учун таклиф этаётганини айтиб берди. Шу билан бирга, журналистга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш қўзғатилмагани ва тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганини билдирди.

Учрашув пайтида прокурор ёрдамчиси шахсий досьени очиб Сиднинг таржимаи ҳолидан кўпчилик учун номаълум бўлган тафсилотларни ўқий бошлади ва вақти-вақти билан тўхтаб келтирилаётган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлашни сўради. “Менинг халқаро экспертлар иштирокидаги халқаро конференцияларда бўлишим ҳақида алоҳида сўроққа тутди. Менинг Василий Марков билан Андижон вилоятига сафарим, чегарада аввалига чегарачилар, кейин бўлса ИИББ ва МХХ ходимлари томонидан бизни қўлга олинишимиз борасида савол берди; мен унга бу ишнинг барча тафсилотларини сўзлаб бердим. У менинг Галима Бухарбаева билан (Uznews.net сайти муҳаррири) муҳтамал ҳамкорлигим, унинг бирорта топшириқларини бажараётганим ҳамда IWPR (Британия Уруш ва тинчликни ёритиш институти) билан ҳамкорлик қилиш-қилмаслигим борасида сўради”, - дея эслади Сид Янишев.

Сид Янышев
Сид Янишев

Прокурор ёрдамчиси журналистнинг мақолалари “бир томонлама” ва “объектив эмас” деган фикрни изҳор этди. Бунга Сид эътироз билдириб, ўз мақолаларида у ёки бу масала ё муаммо борасида турли фикрларни келтирганини айтди. Шунда прокуратура мутасаддиси берилган жавобларни Тошкент шаҳар прокурори Б.Б.Валиев номига “тушунтириш хати” шаклида ёзиб беришни сўради. “Яъни, у мендан бутун журналистлик фаолиятим ҳақида, кимнинг раҳбарлиги остида, қаерда ва қачон ишлаганим, қандай конференцияларда иштирок этганим, Ўзбекистонни қоралаб қандай мақолалар ёзганим ҳақида ёзиб беришимни сўради”, - дейди Сид Янишев.

Журналистга кўра, уни прокуратурага қандай мақсадда чақиришгани номаълум бўлиб қолди. Прокурор ёрдамчиси ҳеч қандай изоҳ бермай, фақат прокуратурага миллий хавфсизлик хизматидан ва ташқи ишлар вазирлигидан материаллар келиб тушгани ва шунинг учун чора кўриб журналистлардан “тушунтириш хати” олиш лозимлигини айтди, холос.

Бир неча йил илгари “Transition online” ва “Associated Press” билан ҳамкорлик қилиб келган Марина Козловага ҳам шу каби саволлар берилди. Суҳбат ҳақида унинг ўзидан сўрашнинг иложи бўлмади: прокуратурага ташрифининг эртасига у Ўзбекистонни тарк этиб Кишиневга жўнаб кетди. Унинг онаси журналист аёл пул ҳақида сўралмагани, балки тахаллус остида ёзилган бир неча мақолаларни кўрсатиб: “улар сизга тегишлими?” дея сўраганларини айтиб берди (яъни, унинг электрон почтаси кузатув остида бўлган). Прокурор ёрдамчиси Маринага нисбатан прокуратурада ҳеч қандай дело йўқ, аммо бундай материаллар МХХ ва ТИВда борлигини маълум қилди. Журналист аёлнинг “Ўзбекистондан чиқиб кета олишим мумкинми?” деган саволига у “албатта”, дея жавоб берди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу учрашувларнинг бари норасмий характерга эга бўлган. Яъни, журналистларга ҳеч қандай айбловлар қўйилмаган. Шу билан бирга, уларнинг фаолияти “юқоридагилар”га ёқмаётганини ва бунинг оқибати яхшиликка олиб келмаслиги тўғрисида очиқ ишора берилган.

Саккизинчи январь куни мени ҳам чақиришди. Чақирув қоғозини кутиб ўтирмай тўққизинчи январь куни прокуратурага келдим ва ўша Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Баҳром Нурматов билан учрашдим.

Алексей Волосевич
Алексей Волосевич

У менга қоғоз тўла оғир папкани кўрсатиб, уни ташқи ишлар вазирлиги тақдимоти бўйича Бош прокуратура томонидан юборилганини тушунтирди. Папкада Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази томонидан тўпланган менинг барча мақолаларим бор экан.

Умуман олганда, Нурматовни ўша-ўша масалалар: яъни менинг кимга ишлашим, бирорта ахборот агентлигининг штатида туриш-турмаслигим, менга ишлаш учун бирор кишидан таклиф тушган-тушмагани қизиқтирган эди. У яна мен қандай тахаллуслар остида ёзишим, семинарларда иштирок этиш учун чет элларга чиққаним, халқаро конференцияларда иштироким, Uznews.net ва IWPR ҳамкорлик қилган-қилмаганим (ушбу икки ОАВ улар учун энг қўрқинчли бўлиб қолганга ўхшайди) ҳақида қизиқди.

Яна менинг объектив эмаслигим ҳақида айтилди.

“Бу ерда мақолаларингизни бир томонлама, объектив эмас ва мамлакат раҳбариятини ҳақоратловчи дея ҳисобламоқдалар”, – деди покурор ёрдамчиси папкага кўзи билан ишора қилиб. Мен ундан ким бундай ҳисоблаяпти ва бу хулоса билан танишиш мумкинми дея сўрадим. Рад жавобини берди. Аммо шундай мақолаларни санаб ўтди: “2007 йил сайлов компаниясининг хроникаси”, “Ўзбекистон турмалари бўйлаб мўъжаз саёҳат”, “Миллатчилик мадҳияси”, “Тошкент марказида халқлар дўстлиги ёдгорлиги бузилди”.

Суҳбат “тушунтириш хати” ёзиб бериш таклифи билан ниҳоясига етди. (“Аммо сиз бундан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз”, деди хушмуомалалик билан Нурматов). Мен бош тортмасликка қарор қилдим ва мақолаларим объектив эмас деган фикрга қўшилмаслигимни, устимдан материаллар тўпланиши ва прокуратурага чақирилиш ҳолатини менга нисбатан босим ҳамда профессионал фаолиятимга аралашув ва цензурага уриниш каби баҳолашимни ёздим. Шундан кейин мен жаноб Нурматов билан хайрлашдим. Прокуратурага нега чақиртирилганим ҳақида прокуратура ходими бошқа журналистларга индамагани сингари менга ҳам ҳеч нарса дегани йўқ.

Қайд этиш жоизки, бир неча мустақил журналистларни бир вақтнинг ўзида қўрқитиш акцияси Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда. Қизиғи шундаки, чақирилганларнинг аксарияти қандайдир ахборот агентликларининг ёки бошқача анъанавий оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари эмас, балки интернет-журналистлари. Интернет жадал суратлар ила ёйилаётгани важидан уларнинг тарқатаётган хабарларига эҳтиёж борган сари кучаймоқда. Интернет-журналистини ишдан бўшатиш ёки унинг иш берувчисига босим ўтказишнинг иложи йўқ экан, уларнинг расмийларга ёқмайдиган фаолиятдан воз кечиш учун жиноий таъқиб таҳдиди ёки бевосита жиноий таъқиб этиш билан таъсир кўрсатиш йўли қолади, холос.

Бундан уч ой муқаддам ҳудди шундай суҳбат илгари “Фарғона.Ру” билан яқиндан ҳамкорлик қилган таниқли журналист Андрей Кудряшев билан прокуратурада эмас, ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтди. Суҳбатни ТИВ матбуот котиби Эшнор Жабборов ўтказди.

Андрей Кудряшов
Андрей Кудряшов

“Мен 2005-2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигида “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг мухбири сифатида расман аккредитациядан ўтганман, - дейди Андрей Кудряшев. Фаолиятим давомида расмийлар билан ҳеч қандай зиддиятлар бўлмаган. Аккредитация муддати тугаганидан кейин мен “Фарғона.Ру” билан штатли ҳамкорликни тўхтатдим. Бироқ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг диққатга сазавор бўлган жойлари ҳақида бир неча бадиий материаллар чоп этдим. Ушбу мақолаларимни кўпини марказий ва вилоят нашрлари, мисол учун, “Хорезмская правда”, Gzt.uz ва бошқалар ўз саҳифаларида муаллифлигимни кўрсатмай қайта чоп этдилар.

2009 йил 16 октябрь куни мени Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирдилар ва баъзи мақолаларим объектив бўлмаган характерга эга деб билдирдилар. Мен уларнинг фикрига қисман қўшилдим ва ўз мақолаларимда фақат ўзимнинг субъектив кўз қарашларимни баён қилаётганимни таъкидлаб ўтганимни эслатдим. Бундан ташқари, айни пайтда мен соғлиғим туфайли ҳеч қандай ОАВ билан ҳамкорлик қилмаётганимни, ҳеч ким билан шартнома тузмаганимни, ҳеч кимнинг топшириқларини бажармаётганимни тушунтирдим. Менга ташқи ишлар вазири Владимир Норов номига тушунтириш хати ёзишимни ва унда чет эл оммавий ахборот воситалари билан аккредитациясиз ҳамкорлик қилсам жавобгарликка тортилишим тўғрисида огоҳлантирилагинимни кўрсатиб ўтишимни таклиф этдилар.

Менимча, Европа иттифоқи Ўзбекистондан барча санкцияларни олиб ташлаганидан ҳамда АҚШ билан дўстликнинг янги даври бошланганидан сўнг ушбу қўрқитиш кампанияси, яъни Кино музейининг ёпилиши, Умида Аҳмедовани жиноий жавобгарликга тортилиши ҳамда мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилишидан битта мақсад бор – эркин фикрловчи одамларни қўрқитиш. Мен ҳеч қачон мухолифатчи бўлмаганман, аммо жамиятимизнинг тоталитарзмга силжиш хавфи мавжуд. Авторитар ҳокимият рақибларига қарши шавқатсиз кураш олиб боради, сиёсий мухолифатни эзиб йўқ қилади. Аммо тоталитаризм шароитида ҳокимиятга қарши чиқаётганлар етмагандек, тузумга етарли даражада садоқатини намойиш эта олмаган одамларни ҳам жазолашга ўтадилар ва пировардида, СССРнинг: “рухсат берилмаган барча нарса тақиқланган” деган тамойили амал қила бошлайди”, - дея қайд этади Андрей Кудряшев.

Айни пайтда республикада бор-йўғи 38 та журналист Ўзбекистон ТИВ аккредитациясига эга. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон ҳукуматига ўта бетараф рус, хитой, турк, қирғиз, озарбайжон, эроний нашрларнинг вакиллари. Бармоқ билан санаса бўладиган ғарб нашрларининг (France-Presse, “Le Suar”) мухбирлари бирор нарса ёзишдан аввал ўн марта ўйлаб кўрадилар. Акс ҳолда аккредитациядан маҳрум бўлиш ҳеч гап эмас.

Давлат ОАВ журналистларининг фаолияти қаттиқ назорат остида (мамлакатда мустақил нашрлар йўқ). Режим нуқтаи-назаридан кечириб бўлмайдиган қилмишлар учун жазо муқаррар. Қилмиш сифатида тегишли элчихоналарнинг таълим дастурлари бўйича ғарб мамлакатларига сафарлар кўрилади. Мисол учун, 2009 йилда икки журналистнинг Парижга сафари президент девонхонасини қаттиқ ҳафа қилди ва натижада журналистлар Собиржон Ёқубов ва Бекқул Эгамқуловни ишдан бўшатдилар; бир неча ой ўтиб “Uzbekistan today” газетасининг иқтисодий масалалар бўйича журналисти Дмитрий Поваровни Францияга бориб келгани учун ишдан бўшатдилар. Ҳудди шундай мақсадда АҚШга бориб келган Ўзбекистон газеталаридан бирининг бош муҳаррири ўринбосари ҳам ишдан ҳайдалди.

Бошқаларини эса жўнгина, қамаяптилар. Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг йиллик ҳисоботига кўра, 2009 йил 1 декабрига келиб Ўзбекистон озодликдан маҳрум этилган журналистлар сони бўйича дунёда олтинчи ўринда. Бу республикадан Хитой (24) киши, Эрон (23), Куба (22), Эритрея (19) ва Бирма (9) ўзиб кетган, холос. Ўзбекистонда бундай журналистлар сони еттита: Муҳаммад Бекжонов, Юсуф Рўзимуродов, Ғайрат Мелибоев, Ортиқали Номозов, Жамшид Каримов, Солижон Абдураҳманов ва Дилмурод Саййид.

2005 йил бошида Ўзбекистонда 80-100 та ғарблик ва мустақил журналистлар фаолият юритган эди. Бугунги кунга келиб бундайлар сони 15-20 тадан ошмайди. Мамлакат аҳолиси мамлакатда бўлаётган ҳодисалар ҳақида “Озодлик”, “Би-би-си”, “Америка Овози” ва “Free Dolina” радиолари ҳамда Интернетдан хабар топмоқдалар. Ўшандаям, бундай сайтларга Ўзбекистонда тўсиқ қўйилмоқда.

Алексей Волосевич