03:58 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда бензин ва автомашиналар нархи ошмоқда

12.01.2010 18:44 msk

Умар Шариф

Ўзбекистонда 2010 йил 1 январидан бошлаб бензин нархи қимматлади. Ўзбекистон президентининг 2009 йил 22 декабрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси 2010 йил давлат бюджетининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрларининг прогнози тўғрисида” дея аталувчи қарорига мувофиқ, бир литр бензин, дизель ёқилғиси ва транспорт воситалари учун бир килограмм газнинг нархи 25 сўмга ўсган ($ 0,012).

Мисол учун, АИ-95 бензиннинг бир литри 1275 сўмдан 1300 сўмгача ($ 0,65), АИ-91 –1.150 дан 1.175 сўмгача ($ 0,58), АИ-80 –1.040 дан 1.065 сўмгача ($ 0,53) кўтарилди. Шу билан бирга, Zeromax компаниясига қарашли UzGazOil ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган “Super euro”- 98 русумидаги бензиннинг нархи аввалги ҳолатида – бир литр учун 2000 ($ 0,99) сўмлигича сақланиб қолди. Ёқилғи учун янги нархлар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бир ҳил бўлиб қолади.

Қизиғи шундаки, бу сафар нархларнинг кўтарилиш сабабини анъанавий тарзда “ёқилғи-мой материалларининг қимматлагани” билан боғламадилар. Ҳолбуки, 2009 йилда нефть нархи анча кўтарилди (жаҳон бозорида нефть нархи 2009 йилда 78 фоизга кўтарилди. Бироқ 2008 йилда жаҳон бозорида нефть нархи пасайганида ҳам Ўзбекистонда бензин нархини пасайтирмадилар). Бу сафарги нефть маҳсулотларининг кўтарилишини бензин, дизель ёқилғиси ва транспорт воситалари учун газ истеъмолига жисмоний шахслардан олинадиган солиқ ставкаларининг 120 сўмдан 145 сўмгача кўтарилиши билан изоҳладилар.

В Узбекистане растут цены на бензин и на автомобили
“Фарғона.Ру” фотосурати

Бунгача бензин нархи роппа-роса бир йил аввал – 2009 йил 1 январида кўтарилганди. Ўшанда ёқилғи нархи 20 сўмга қимматлаган бўлиб, сабаби ҳам ҳозиргидек – истеъмол солиғининг кўтарилиши билан изоҳланган эди. Ҳолбуки, ўшанда бутун дунё бўйлаб нефть нархи бир неча баробарига тушиб кетганидан бензин арзонлаб кетганди. Бунгача эса бензин нархлари 2008 йил 15 сентябрда сезиларли даражада14-22 фоизгача қимматлаган эди (АИ-80 – 185 сўмга, АИ-91 – 205 сўмга; UzGazOil заправкаларида “Рremium Euro” -95 русумли бензин 2.050 дан 2.100 сўмгача, “Super Euro” -98 эса 2.150 дан 2.200 сўмгча қимматлади). 2008 йилда нефть нархи уч баробарига арзонлаганига қарамай, Ўзбекистонда бензин жами сўмга нисбатан 46 фоизга ва долларга нисбатан 30 фоизга кўтарилди.

Ўзбекистондаги бензин нархларининг 2008 йил сентябрь ойида кўтарилиши ўша йилда жаҳон бозорларидаги нефть нархининг кескин тарзда пасайиши билан бир вақтда кечди. Нефть нархининг ҳар бир баррели 2008 йил бошланишида 100 долларга тенг бўлиб, ёз ўртасига келиб 147 долларга кўтарилган эди. Шундан кейин нархлар кескин тарзда пасайди ва 9 сентябрь куни яна 100 долларга қайтди. Октябрь ойида эса глобал иқтисодий кризис туфайли нефть нархи 67 доллардан ҳам пасайиб кетди. Декабрь ойида жаҳон биржаларида нефть 30 доллар нархда сотилди.

Табиийки, аксарият мамлакатларда бензин ва бошқа турдаги нефть маҳсулотларининг нархлари ҳам пасайди. Бироқ Ўзбекистонда эмас. 2009 йил давомида нефть нархи 2008 йилга нисбатан анча паст бўлишига қарамай, Каримовнинг 2008 йил 29 декабрь кунги жисмоний шахслардан бензин, дизель ёқилғиси ва транспорт воситалари учун газ истеъмолига солиқ ставкаларини кўтариш (100 дан 120 сўмгача) тўғрисидаги қарорига мувофиқ Ўзбекистондаги бензин ва ёқилғи маҳсулотлари нархи баландлигича қолаверди. Дунё бўйлаб нефть нархи кўтариладими ёки пасаядими, фарқи йўқ – Ўзбекистонда бензин нархи фақат кўтарилади, холос...

Президентнинг бошқа янги йил совғаси эса автомобиль савдосига тегишли. Ўша-ўша президентнинг “Ўзбекистон Республикаси 2010 йил давлат бюджетининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрларининг прогнози тўғрисида” қарорига мувофиқ, мамлакатда импорт ва янги автомобиллар савдоси билан фақат юридик шахслар, яъни, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий диллерлари шуғулланадиган бўлдилар. Яъни, хусусий тадбиркорлар ушбу даромадли бизнес билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар. Давлат раҳбари ўзининг ушбу тақиқини ҳеч қанақасига изоҳламади.

Турли экспертлар Ўзбекистондаги чет эл автомобиллар бозори ҳажмини 3 мингдан 8 минггача баҳолаётганларини қайд этиш жоиз. Ўзбекистон ҳукумати томонидан киритилган бож ҳамда бошқа тўловларининг баландлиги хорижий автомашиналар савдоси ҳажмини кўтаришга имконият бермаяпти. Бу автомашиналарининг деярли 70 фоизини жисмоний шахслар сотиб келган эдилар. Улар лицензия сотиб олиб, ўзлари автомобиль олиб келиб сотишган. Мошинафурушларнинг конвертация борасида муаммолари бўлмаган, чунки янги хорижий машиналар ички бозорда фақат долларга сотилган. Энди импорт автомашиналари бозорида фақат “Автоваз”нинг “Восток-Лада” компанияси каби юридик шахслар қолади, холос. Бундай компанияларнинг конвертация борасида қийинчиликларга учраётгани сир эмас; уларга конвертацияга йўл очиб берилгани йўқ, аммо рақобатчиларини йўқ қилиб берилди. Энди улар бозорларда истаган нархларини қўйишлари мумкин. Бу нархларнинг пасаймаслиги табиий.

Бундан бери Ўзбекистонда импорт автомашиналари анча камроқ сотилишини тахмин қилиш мумкин (шу жумладан, Россия маҳсулотларини ҳам: хусусий тадбиркорлар расмий дилерларга қараганда кўпроқ машина сотиб келишган). Кўплаб автомобиль компаниялари Ўзбекистон бозоридан маҳрум бўладилар – кичик партиядаги автомашиналар сотиш учун ваколатхона очишдан фойда йўқ. Очиғи, фойда олдин ҳам кам эди, сотилаётган автомобиллар ҳажми унчалик катта эмасди. Ўзбекистонликлар эса табиий, танлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлаяптилар.

Тошкентдаги мустақил Uzmetronom сайтининг норасмий манбаларга таяниб хабар беришича, “Ўзавтосаноат” компанияси 2008 йил 8 январидан сўнг GM-Uzbekistan ишлаб чиқараётган энг ҳаридоргир автомобилларга нархни 12 фоизга кўтариш масаласини муҳокама қилишни режалаяпти. “Matiz”, “Nexia” ва “Damas” каби автомобилларнинг нархлари 15 январдан ёки 1 февралдан кейин кўтарилиши эҳтимоли бор. Ҳолбуки, чет эллик ҳаридорларга сотилаётган мазкур русумли автомобиллар Ўзбекистонда сотилаётганидан кўра 12-15 фоизга арзон.

Умар Шарифов



 

Реклама