23:25 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

30.12.2009 12:39 msk

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) 27 декабрь туш пайтига келиб республикада парламент сайловлари бўлиб ўтди дея билдирди. МСК маълумотига кўра, эрталабдан шу чоққача сайловчиларнинг ярмидан кўпи овоз бериб бўлгандилар, ҳолбуки, мавжуд қонун бўйича, сайловларнинг бўлиб ўтиши учун ўттиз уч фоизи етарли эди. Олдинроқ МСК раиси Улуғбек Абдусаломов мамлакатда 17,2 миллион фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга дея маълум қилганди. Маҳаллий вақт билан соат 13 га келиб Олий Мажлисга сайловларда сайловчиларнинг 57,3 фоизи ёки 9,88 миллион киши иштирок этиб бўлди.

Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 20:00 гача давом этди. Парламентдаги ўринлар учун тўртта сиёсий партиялар кураш олиб бордилар, 135 та ўринга 500 дан зиёд номзодлар даъвогарлик қилдилар. Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун ўн бешта ўринга махсус квота ажратиб берилган эди.

“Фарғона.Ру” мухбирлари пойтахтдаги сайлов участкаларидан бирига бориб овоз бериш иштиёқи билан ёнаётган сайловчиларни ўз кўзлари билан кўриб келишга аҳд қилдилар. Йўлма-йўл учраган одамларнинг фикрини сўрадилар. Кимга овоз бердингиз деган саволга баъзи ўткинчилар жўнгина қўлларини силкиган бўлсалар, бошқалари у ерга бориш бефойда, бирорта ҳам номзодни танимаймиз, иннакейин, биз сайловларнинг ҳалол ўтишига ҳам ишонмаймиз деб айтдилар.

- Бу йил сайловлар нақадар ҳалол бўлишини билмайман, аммо ўтган йилларга қараб, сайла-сайлама, ҳаётнинг яхши бўлмаётганини кўраяпмиз, - деди ўрта ёшдаги одам. – Ем солинган охурга бошқалар келаяпти, холос. Тўйганларни кетказишаяпти.

Бошқа сайловчилар россиялик сиёсатчиларни кўпроқ танишларини, ўзимизникилар ҳақида эса умуман эшитмаганларини таъкидладилар. Маҳаллий аҳоли ҳам республика телевидениесининг бири-бирига ўхшаган ва зерикарли кўрсатувларига қараганда Россия телеканалларини афзал кўради. Сўралган одамларнинг аксарияти шундай бўлиб чиқди.

Шу билан бирга сайловларда овоз бериб бўлганлар ҳам учради. Улар асосан катта ёшдаги одамлар бўлиб чиқдилар. Кимга овоз бердингиз, ўз номзодингизни биласизми деган саволга улар турлича жавоб бердилар. Баъзилар жавоб беришни истамадилар, бошқалар эса ҳатто у ёки бу номзод учун овоз беришга ташвиқот қилишга ҳам уриндилар. Нега айнан унга овоз беришга чақираяпсиз деган саволга улар уни “истиқболи порлоқ ёш раҳбар сифатида” билишларини, ўз ишчи ходимлари учун анча яхши ишларни қилгани ва бордию, у сайланадиган бўлса, “халқ ноиби сифатида ўз дастурини максимал равишда амалга оширишга ҳаракат қилишини” таъкидлай бошладилар. Пойтахт муассасаларидан бирида жойлашган сайлов участкасида одам унчалик гавжум эмасди. Шунинг учун бўлса керак, сайлов комиссияси вакиллари ҳар бир кириб келган сайловчини нуфузли меҳмон каби кутиб олиб уларнинг барча саволларига ҳозиржавоблик билан жавоб беришга ва умуман олганда самимийлик ва очиқ чеҳралик билан муомала қилишга ҳаракат қилдилар.

Сайлов комиссияси вакилларига бириктириб қўйилган бир неча столларда сайловчиларнинг рўйхатлари ётган экан. Олган бюллетенлари учун имзо қўйган сайловчилар сони кўп эмаслиги кўринди: баъзи варақларнинг чорак қисми имзоларга тўлган бўлса, бошқаларда умуман сиёҳ тегамаган эди.

Шу муносабат билан савол туғилди: МСК овоз бериб бўлган сайловчиларнинг сонини нечоғлиқ аниқ баҳолади? Ҳар ҳолда, битта сайлов участкасига қараб хулоса чиқариб бўлмайди. Балки бошқа сайлов участкаларида одамлар фаолроқ овоз берган бўлса керак? Эсталик учун фотосуратга олишга уринишлар милиция ходимлари ва сайлов комиссияси вакиллари томонидан кескин тарзда қайтарилди. Улар фотоаппарат кўтарган одамга: “Суратга олиш мумкин эмас!” дея ташландилар. “Нега?” деган саволга улар агар бу ишни Ўзбекистон телеканали вакиллари қилганларида рухсат бера олишларини, ўшанда ҳам аввал тегишли идоралар билан аввалдан келишиб олишларини тушунтирдилар. “Балки сизлар маҳфий маълумотларни сотмоқчисизлар?” – дея тахмин қилди сайлов комиссияси вакили. Сайловларнинг нимаси маҳфий бўлиши мумкин деган эътирозга эса у қатъийлик билан: “Мумкин эмас! Сиз фақат овоз беришингиз мумкин, расмга олишга рухсат йўқ!” дея жавоб берди. Омади келмаган фотосураткашни қўлтиғидан олиб участка эшигигача чиқариб қўйишди. У фақат депутатликка номзодларнинг фотосуратларини олишга эришди, холос.

Ошкораликдан қўрққан ҳукумат вакилларининг бу каби ҳаракатларидан демак, яширадиган нарса бор эканда, бўлмаса бу каби масхарабозликнинг нима кераги бор эди деган фикрлар пайдо бўла бошлади.

Шу билан бирга, мустақил ва халқаро кузатувчилар бу сафарги сайловларда ҳам натижалар сохталаштирилади дея ишончлари комил. Бу нарса мамлакатда анчадан бериб қўлланаётган амалиёт бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда барча сиёсий партиялар аввали бошдан ҳукуматга тарафдор саналади, парламент эса расмийлар томонидан қатъий назорат остига олинган. Ўз навбатида Ғарб ҳам кузатувчиларга кўра, парламент сайловларидаги сохталаштиришларни эътиборга олмайди, негаки, улар Афғонистондаги урушда Тошкентнинг ёрдамига муҳтож.

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган мухолифат партиялари йўқ, ҳукуматни танқид қилгувчилар эса расмийлар томонидан қатъий таъқиб остига олинган. Сайловларда иштирок этаётган тўртта партия мавжуд режимни қўллаб келади. Шу билан бирга Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, “сайловлардаги ошкоралик ва очиқлик кузатувчилар институти томонидан таъминланмоқда. Марказий сайлов комиссияси 36 давлат ва миссиялардан, тўртта халқаро ташкилот – ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари демократик институти бюроси, МДҲ Ижроя қўмитаси, ШҲТ ва Ислом конференцияси ташкилотидан келган 270 та кузатувчини рўйхатга олган. Улар Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатасига ўтаётган сайловларни мониторингини ўтказмоқдалар. Бундан ташқари, округ сайлов комиссиялари томонидан сайловларда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг 45 мингдан ортиқ кузатувчи ва ишончли вакилларига тегишли мандатлар берилган”, – дея хабар беради Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги ЎзА.

Шу билан бирга, Financial Times газетасининг хабар беришича, мисол учун, ЕХҲТ Ўзбекистонда асосий эркинликлар чеклаб қўйилган дея сайловга ўз кузатувчиларини юборишдан бош тортган. Amnesty International ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Мэйзи Вайхердинг (Maisie Weicherding) Ўзбекистондаги сайловлар сохта бўлади деган фикрни билдирган.