19:44 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Правда Востока” ҳеч кимга керак бўлмай қолди

22.12.2009 14:01 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон ҳукуматининг “Правда Востока” газетаси маълум бўлишича, ўз обуна кампаниясининг ўтиши борасида қаттиқ ташвишга тушиб қолибди. Газета ўзи учун қўққисдан, ҳеч ким уни ўқишни истамай қолганини англаб етибди. “Югурган етар экан” (“Кто бежит, тот и догоняет”) мақоласидан вазирлар маҳкамасининг газетасига қизиқиш нақадар сўнганлигини борасида хулосагакелиш мумкин.

Кўринишидан, идора ва муассасалар томонидан амалга ошириб келинган обуна “Правда Востока” ададининг муҳим омили бўлиб қолаётганга ўхшаяпти – мақолада айтилишича, июль ойи бошида шундай обуна бошлангани ҳақида эълон қилинганида журналистлар “енгил тин олишган”, ҳозир бўлса, “кампания ниҳоясига етишига аттиги бир неча кун қолганида” дастлабки натижалар мутлақо қувонтирмаяпти.

“Биз Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги ўз мухбирларимиз билан бевосита мулоқот ўрнатдик. Ушбу муаммога ташкилотлар ва ҳокимиятларнинг эътиборини қаратиш учун натижалар 24 сентябрь куни нашр этилди. Бироқ, таассуфки!.. Сурхондарёда саккиз, Сирдарёда – йигирмата нусхага обуна бўлдилар, холос. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимлари обуна октябрь-ноябрь ойида фаол ўтади дея ишонтирган эдилар. Таҳририят ҳам бир четда ўтиргани йўқ. Вилоятдаги ўз мухбирларимиз маҳаллий расмийларга обуна кампаниясига масъулият ила муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақида доим эслатиб турдилар”, - дейилади мақолада.

“Правда Востока” жамоати “туман, ташкилот ва ўқув муассасалари раҳбарлари томонидан” беҳаёларча алданганини қайғу ила тан олиш лозим: кампания бошланишида бу раҳбарлар журналистларни “газета керак ва кампанияни ўз назоратимизга оламиз” дея ишонтиргандилар. “Иши келишган тадбиркорларга, йирик қўшма корхоналар, фермер хўжаликлари раҳбарларига уларнинг ҳомийлик қилиш зарурлиги ҳамда келгуси йилга ўзлари бошқараётган меҳнат жамоалари аъзоларига, пенсионерларга, кам таъминланганларга газетага обуна қилиб қўйиш кераклиги тўғрисида эслатиб ўтишларини” ваъда қилганлар. Шунга қарамай, “Правда Востока” газетага қизиқиш кундан-кунга пасаймоқда.

Ушбу кичкина мақола орқали Ўзбекистонда мақталган обуна кампанияси қандай ўтаётганининг батафсил тафсилотлари билан танишиш мумкин: энг аввало барча туман ва шаҳар ҳокимларига хат юборилади, таҳририят ходимлари хизмат сафарларига отланадилар, расмийлар барча ҳомийларга меҳнаткашларни, пенсионерларни, кам таъминланганларни қайси газеталарга обуна қилиш лозимлиги тўғрисида эслатиб турадилар. Қизиғи шундаки, обуна кампаниясининг барбод бўлишида журналистлар ҳокимларни ва турли ташкилот раҳбарларини айбдор қилаяптилар, аммо ўзлари чиқараётган газетанинг сифати ҳақида умуман сўз юритилмаяпти ҳам.

“Правда Востока” газетасини ҳатто қудратли маъмурий ресурслар ҳам қутқара ололмай қолаяпти. Эл орасида 10 декабрга келиб “ҳукумат газетасига муносабат анча совиб қолган”. Буни айниқса Сурхондарё (146 та нусхага обуна бўлишган) ва Сирдарё (182 нусха) вилоятлари мисолида кўриш мумкин. Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида “Правда Востока”нинг бирорта ҳам нусхасига обуна бўлмаганларидан даҳшатга тушасиз, Олтинсой туманида бор-йўғи иккита нусхага обуна бўлишган, Шеробод туманида газетани фақат ирригация тизими ходимлари ўқийдилар, Бандихон туманида эса фақат ҳокимлик обуна бўлган, холос. “Кўринишидан, ҳокимлик шу билан ўз вазифасини бажарган дея ҳисоблаяптилар шекилли”, дея истеҳзо билан қайд этади “Правда Востока”.

Газетадагилар халқ нега “Правда Востока” газетасини ўқишни истамаётганларини тушунишни истамаяптилар! Мисол учун, Ховосда “йигирмадан зиёд йирик корхоналар жойлашган”, аммо Ховос темир йўл бошқармасидан “шу чоққача ҳукумат газетасига буюртма тушгани йўқ”. Журналистлар бу ҳолдан таажжубдалар – “Правда Востока” республикадаги кўплаб банклар ва турли ташкилотларнинг фаолиятини тез-тез ва катта ҳажмдаги материаллар билан ёритиб турадилар, аммо бу ношукурлар бўлса газетага эътибор бермай, обуна бўлмаяптилар. Нима, улар ўзлари ҳақида ўқишга қизиқмайдиларми! Нима, “республикада нималар кечаётгани ҳақида” ўқиш қизиқ эмасми? Кўринишидан, улар “ўз дунёқарашларини кенгайтиришга интилмаяптилар” ва “ҳукумат нашрларидан кўра, ғийбат ва жанжаллар ҳақида ёзаётган кўнгилочар нашрларни афзал кўраётганга” ўхшайдилар.

“Правда Востока” ҳақида мактаблар ҳам эшитишни истамаяптилар, шунинг учун газета турли раҳбарларларга, шу жумладан, Таълим вазирлиги мутасаддиларига дашном бермоқда: “Мамлакатда 9769 та мактаб бор, уларнинг ҳар саккизтадан биттаси обуна бўлган, холос. Олий ўқув муассасалари, айниқса қишлоқ жойларидаги кўплаб ахборот-ресурс марказлари обунадан четда қолдилар. Мамлакатдаги мавжуд ўн мингта маҳалла фуқаролари йиғинларидан бор-йўғи 37 таси “Правда Востока”га обуна бўлдилар, аммо Тошкент шаҳрида бирорта ҳам маҳалла обуна бўлмади. “Ўзбекистон Темир йўллари” Давлат акционерлик жамияти компанияси ҳам обуна борасида қувонтира олгани йўқ – шундай катта идора бор-йўғи 19 нусха газета олади, холос”.

“Правда Востока” “агар хоҳиш бўлса, аҳволни тузатиш мумкин”лигини эслатмоқда. Газета ҳокимлар ва турли раҳбарларга “газета одамларга кераклигини ва уларни ахборот очлиги балосига гирифтор қилиш мумкин эмаслигини” ниҳояти англаган ҳолда “яна бир бор кучанишни ҳамда идоралар орасида обунани муносиб тарзда якунлашни” қатъият ила тавсия қилмоқда.

Хулоса шуки, одамлар бу газетанинг нега кераклигини доно раҳбарларсиз тушуниб олишга қодир эмаслар.

Ахборот очлиги борасидаги фикрлар борасида биз ҳам газетанинг фикрига тўла қўшиламиз, одамларни бундай қилиб қийнаш ножоиз. Бироқ Сталиннинг “Мазали ва соғлом овқат тўғрисида” китоби оч қолган ошқозонларни қандай тўдирган бўлса, “Правда Востока” ҳам ахборот очлигини шундай тўйдираётганини қайд этиш жоиз. Агар журналистлар буни тушунмаган бўлсалар, демак улар профессионаллик жиҳатдан таназзулга тушиб қолганлар.

Қизиғи шундаки, мақолада обуна кампаниясини барбод қилганларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган санкциялар ҳақида бирор оғиз сўз айтилмаган. Ахир бугунги кунда “Правда Востока”ни эътибордан четда қолдириб бунинг учун жазосиз қолмай бўладими? Кўринишидан, ҳокимлар бугундан бошлаб яна бир бор “кучанадилар” ва “зудлик билан вазиятни тузатишга киришадилар”. Ўқувчилармиздан бирортасини шу чоққача “Правда Востока” газетасига мажбуран обуна қилишга улгуришган бўлсалар ҳам керак...