18:33 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Фотосуратчи Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш қўзғатилди

18.12.2009 08:39 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” агентлигига маълум бўлишича, Ўзбекистонда таниқли тошкентлик ҳужжатли фотосуратчи ва кинооператор Умида Аҳмедовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат) ва 140 (Ҳақорат) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ушбу моддалар бўйича айбдор топилган судланувчига нисбатан икки йилдан уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазо қўлланади.

Умида Аҳмедовага кўра, Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ терговчиси капитан Нодир Аҳмаджанов унга Ўзбекистон матбуот ва ахборотлаштириш агентлиги ташаббуси билан “Швейцария Элчихонаси Гендер Дастури” билан бир қатор китоблар ва фильмлар яратишда ҳамкорлик қилган муаллифларга, шу жумладан, Умида Аҳмедовага нисбатан ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган. Хусусан, Аҳмедова 2007 йилда “Швейцария Элчихонаси Гендер Дастури” кўмагида нашр этилган “Аёллар ва эркаклар: тонг саҳардан кун ботгунча” дея номланувчи фотоальбомни чиқаришда айбланмоқда. Альбом Ўзбекистонда истиқомат қилувчи одамлар турмушинининг турли ҳолатларини акс этувчи 110 та фотосуратдан иборат,

Терговчи Умида Аҳмедовага унга нисбатан жиноий иш Тошкент шаҳар прокуратурасининг қандайдир экспертларининг фотоальбомни “ўзбек халқига нисбатан ҳақорат ва туҳмат” дея тан олган хулосасига асосан қўзғатилган, дея тушунтирди. Шу билан бирга, ҳужжатли фотография (фотомонтаж ёки фотоинсценировка эмас) қандай қилиб “ҳақорат” ёки “туҳмат” бўлиши мутлақо тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Боз устига, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ўзбек халқининг таҳқирланган шаънини ҳимоя қилишга ким ваколат бергани ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Умида Аҳмедованинг айтиб беришича, уни илк бор милицияга 17 ноябрь куни чақиришган. Капитан Нодир Аҳмаджанов телефон орқали Миробод тумани ички ишлар бўлимига унинг “Аёл ва эркак: эрта саҳардан кун ботгунча” альбомининг чиқарилиши тўғрисида гувоҳлик кўрсатмалари бериш учун таклиф этган. Терговчи икки соат давомида Аҳмедованинг фотоальбом нашр этилишида ҳамда “Аёллар ва эркаклар: удум ва маросимлар” ва “Иффат ташвиши” фильмларини суратга олишида иштирокига оид саволлар берган.


Умида Аҳмедова. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“У ҳатто “этнография” нимани англатишини ҳам билмас экан, - деди Умида Аҳмедова “Фарғона.Ру” билан суҳбат давомида. – Мен унга “этнография” билан шуғулланаман деб айтдим. У эса: “Нима дегани бу?” деб сўраяпти. Мен: “Ўз ижодимда мен асосан этнографик нуқтаи назаридан эл ҳаёти билан қизиқаман, халқ маросимлари, удум, тўйларни суратга оламан. Бунинг нимаси туҳмат экан?” Саволимга жавоб ололмадим”.

Милиция капитани Нодир Аҳмаджанов билан кейинги суҳбат 16 декабрь куни бўлиб ўтди. Терговчи Умида Аҳмедова фотоальбом муаллифи экан, унда гувоҳ эмас, балки айбланувчи бўлиб қолади, дея билдирди. Шундан кейин у Аҳмедовага адвокат ёллашни маслаҳат қилди.

Маълумотнома. Умида Аҳмедова Тошкент вилояти Паркент шаҳрида туғилган. 1986 йилда Москвада Бутуниттифоқ Давлат Кинематография Институтини (ВГИК) тамомлаган ва Ўзбекистонда биринчи кинооператор аёл бўлиб қолган. Постановкачи оператор сифатида ўндан кам бўлмаган фильмларни суратга олган. 1990-чи йиллар ўртасидан бошлаб фақат фотосурат билан шуғуллана бошлади. 2003-2005 йилларда Тбилисида “Гендер ва ОАВ” Халқаро Конференцияси доирасида унинг шахсий фотокўргазмалари бўлиб ўтди. Умида Аҳмедова 2004 йилда Россия Интер-Пресс-Фото танловида “Марказий Осиёда замонавий фотография” номинациясида Гран-При олган. Унинг шахсий фотокўргазмаси 2006 йилда Копенгагенда ўтган. “Аёллар ва эркаклар: удум ва маросимлар” ва “Иффат ташвиши” фильмларини суратга олишида иштирок этган. “Иффат ташвиши” фильми Ўзбекистонда ўта нохолис кутиб олинди ва анча шов-шув кўтарди.

Қуйида Умида Аҳмедованинг бир неча фотосуратларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Суратларни илтифот ила муаллифнинг ўзи тақдим этган.

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой

Фото Умиды Ахмедовой