16:26 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон рейтинги: Каримов ўзи бошқараётган республиканинг “эришган ютуқлари” билан ғурурланишига арзийдими?

17.12.2009 07:25 msk

Ўз ахб.

2006 йил фотосурати: Ислом Каримов ўз мамлакати эришган улкан ютуқларга қувонмоқда

Ўзбекистон конституциясининг 17 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзга чиқа туриб, президент Ислом Каримов йигирма йил давомида бошқариб келаётган ўзи мамлакатда ўтказилаётган “кенг кўламли ислоҳотлар” ва эришилган буюк ютуқлар тўғрисида республика бомонди олдида бир соат давомида мақтаниб маъруза қилди.

“Мамлакатимиз эришган бундай улкан марраларнинг барчасини бутун дунё тан олаётганини кўриб, Асосий қонунимиз бeлгилаб бeрган мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри эканига такрор ва такрор ишонч ҳосил қилмоқдамиз”, - деди ҳеч ҳафа бўлмай Ўзбекистон президенти. Кейин у ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олиш учун яна кўп нарсалар қилиш лозимлигини тушунтирди. “Бу борада энг асосий масала, - дея давом этди Каримов, – амалга оширган ишларимизга танқидий баҳо бeриш, манманликка бeрилмаслик, халқаро тажриба ва ўзгаларнинг ютуқларига бeписанд қарамаслик, ҳаётимизда бу йўналишда ҳали-бeри учрайдиган ғов ва тўсиқларни бартараф этишдан иборат. Бу ўткир ҳақиқатни аввало ўзимиз англашимиз ва амалий хулосалар чиқаришимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ғоят муҳим ўрин тутади”.

Маъруза ниҳоясига яқин Ислом Абдуғаниевич аҳвол бу даражада яхши бўлишнинг сабаблари борасида батафсил тўхтаб ўтди: “Бугун бизнинг дeмократик давлат, фуқаролик жамияти, замонавий иқтисодиёт тизимини барпо этиш, дунёда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш йўлида эришаётган ютуқларимизни ва барқарор натижаларимизни жаҳон жамоатчилиги тан олаётган экан, бунинг боиси нимада, дeган табиий савол туғилади. Бунинг боиси – аввало, эл-юртимизнинг қандай бой тарих ва маданий-маънавий мeросга эга эканида, унинг интeллeктуал салоҳияти ва илдизлари нақадар чуқур эканида, халқимизнинг ўз олдига қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида қандай буюк ишларга қодир эканидадир”.

Ўзбекистон президенти қандай ютуқлар ҳақида сўз юритди? Кимни у “манманликка берилмасликка” чақирди? Афсуски, бу ноъмалум бўлиб қолди. Шу билан бирга, жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистоннинг у ёки бу соҳалардаги ютуқларини қандай баҳолаётганига аниқлик киритсак қизиқарли бўларди. Маълум бўлишича, бу нарсани қилиш қийин кечмайди: Ўзбекистон эришган ютуқларнинг умумий баҳо контурларини белгилашда муаммо йўқ.

Мисол учун, коррупцияга қарши кураш ва бутун жаҳонда коррупция даражасини ўрганиш бўйича халқаро нодавлат Transparency International ташкилотининг сўнгги рейтингида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 174-чи ўринни эгаллаган. Ўзбекистонга қараганда коррупция бор-йўғи қуйидаги олтита давлатда кўпроқ авж олган экан: Чад, Ироқ, Судан, Бирма, Афғонистон ва Сомали.

Давом этамиз. Каримов эслаб ўтган Ўзбекистон “халқининг юксак мақсадларга эришиш йўлида қандай буюк ишларга қодир қилувчи интeллeктуал салоҳияти”ни баҳолаш учун БМТ Ривожланиш дастурининг (UNDP) БМТга аъзо бўлган 182 та мамлакатнинг инсон потенциали ривожланиш даражаси тўғрисидаги ҳисоботига мурожаат қиламиз.

Ушбу тадқиқот хулосасига кўра, Ўзбекистон инсон потенциали ривожланиши индекси бўйича 182 та мамлакта ўртасида 119-чи ўринни эгаллаган. Ўзбекистон эгаллаган ўринни яққол тасаввур қилиш учун, ундан олдинги 118-чи ўринда Экваториал Гвинея, ундан кейинги 120-чи ўринда эса Қирғизистон, етти позициядан кейин Тожикистон (127) ва ундан кейинги ўринда Намибия эгаллаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон умумий интеллектуал даражасининг баҳоси йилдан-йилга тушиб бормоқда: бунгача мамлакат рейтинг позицияларида 113, 113, 111, 107, 101, 95 ва 94-чи ўринларини эгаллаб келганди. Миллатнинг жадал суратлар ила таназзулга кетаётгани яққол кўриниб турибди, шунинг учун ҳам “интеллектуал салоҳият, интеллектуал салоҳият”, дея сафсата сотишга ҳожат йўқ...

ОАВ эркинлиги соҳасида аҳвол бундан-да баттар. “Чегара билмас репортерлар” (“Reporters sans frontières”) эълон қилган матбуот эркинлиги индекси бўйича Ўзбекистон 175 та тадқиқот ўтказилган мамлакатлар ичида 160-чи ўринни эгаллаган. Сўз эркинлигига муҳаббати билан ажралиб турмайдиган Ливия (156-чи), Руанда (157), Экваториал Гвинея (158) ва Покистон (159) Ўзбекистондан илгарилаб кетган. Унинг ортидан эса Фаластин ҳудудлари, Шри Ланка, Саудия Арабистони, Сурия, Вьетнам, Яман, Хитой, Лаос, Куба, Бирма, Эрон, Туркманистон, Шимолий Корея, Эритрея қаторлашганлар.

Freedom House ташкилотининг “Матбуот эркинлигининг глобал шарҳи-2009” дея аталувчи ҳудди шу каби тадқиқотларида 195 та мамлакатда босма, теле- ва радио ҳамда онлайн оммавий ахборот воситаларининг эркинлик даражаси, сиёсий ва иқтисодий вазият баҳоланган. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 189-чи ўринда дунё бўйича энг мустабид мамлакатлар гуруҳида жойлашган. Ўрта Осиёдаги учта қўшни мамлакат ҳам Ўзбекистондан юқори ўринларда: Қирғизистон – 158-чи, Қозоғистон – 169-чи, Тожикистон – 171-чи ўринларда. Ушбу тадқиқот хулосаларига кўра, Ўзбекистондан ҳам кўра ёмон аҳволни Куба, Эритрея, Ливия, Бирма, Туркманистон ва Шимолий Кореяда кузатиш мумкин.

Яна бир муҳим кўрсаткич мавжуд – бизнесни осон юритиш индекси. Бутун жаҳон банки гуруҳи (The World Bank Group) ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида бизнесни осон юритиш тўғрисидаги махсус ҳисоботини чоп этади. Рейтингда эгалланган юқори позиция шу ёки бошқа мамлакатда бизнес юритиш учун яхши шароитлар яратилганини билдиради; рўйхат остига тушган сари бизнес учун шароит ёмонлашаверади.

Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон ҳисоботда қамраб олинган 183 та мамлакат орасида 150-чи ўринда жойлашган. Ўрта Осиё бўйича қўшни Қирғизистон рейтингнинг 41-чи ўринида, Қозоғистон – 63-чи, Тожикистон – 152-чи ўринда. Бундан кейинги ўринларни қора Африка мамлакатлари эгалладилар.

Иқтисодий эркинлик индекси бўйича Heritage Foundation ва The Wall Street Journal ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон 183 та мамлакатлар ўртасида 148-чи ўринда. The Heritage Foundation экспертлари иқтисодий эркинликни “фуқароларни зарур ҳимояси ва эркинликни қўллашдан ташқари, ишлаб чиқариш фаолиятига, товар ва хизматларнинг тақсимоти ва истеъмолига ҳукуматнинг аралашуви ёки тўсқинлик қилиши йўқлиги”га қараб баҳолайдилар.

Ушбу рейтингда Ўрта Осиё мамлакатлари қуйидаги тартибда жойлашдилар: Қирғизистон – 74-чи, Қозоғистон – 83-чи, Тожикистон – 122-чи, Ўзбекистон – 148-чи, Туркманистон – 169-чи ўринда. Рейтнингнинг сўнгги ўринларини Эритрея, Зимбабве, Куба ва Шимолий Корея каби мамлакатлар эгаллаганлар.

The Economist Intelligence Unit (Британиядаги Economist журналининг таҳлилий бўлинмаси) компанияси томонидан ҳисобланган мамлакатлар ва минтақаларнинг тинчликсеварлигини эътироф қилувчи тинчликсеварлик индексига кўра, Ўзбекистон 144 та давлатлар ичида 106-чи ўринни эгаллаяпти. Бу индекс учта асосий критерий негизида тузилади: ички ва у ёки бу мамлакат аралашган халқаро можароларнинг мавжудлиги ва уларнинг кўлами; бир мамлакат ичидаги барқарорлик ва хавфсизлик даражаси; давлат милитаризацияси – ҳарбий бюджет миқдори, ҳар 100 минг аҳолига ҳарбий хизматчилар сони ва ҳоказо. Жами 25 та кўрсаткичлар таққосланади.

Human Rights Watch ва Amnesty International каби ташкилотлар ҳар йили ўз ҳисоботларида Ўзбекистонга қандай ўрин ажратиши ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Бу икки ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг сайтларини Ўзбекистонда очиб бўлмаслиги аҳволнинг қай даражага етгани борасида яққол тасаввур беради. Human Rights Watch ташкилотининг Андижондаги 2005 йил 13 май фожеасига бағишланган “Қўрғошин ёмғири” дея аталувчи ҳисоботнинг электрон нусхасини компьютерида сақлаб қўйгани учун 2007 йилда журналист ва ўша ташкилотнинг собиқ ходимаси Умида Ниёзова жиноий жавобгарликка тортилган эди. Ўшанда барча айбловлар тўплами бўйича журналист аёлни 7 йилга озодликдан маҳрум этдилар (кейинчалик уни амнистия бўйича озод қилдилар). Ўзбекистон расмийлари ўша HRW вакилларига икки йилдан бери аккредитация беришдан бош тортиб келаяптилар.

Жаноби Каримовнинг “дунёда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш йўлида эришаётган ютуқларимизни ва барқарор натижаларимизни жаҳон жамоатчилиги тан олаётгани” ҳақидаги мақтовларига шунақа изоҳ ва шарҳларни келтиришимизга тўғри келди. Бунақа ютуқлар билан ғурурланса бўладими?..

Ўз ахб.