03:59 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент бозорларида “пластик”да ҳисоб-китоб қилиш учун илк терминаллар пайдо бўлди

16.12.2009 08:23 msk

Ўз ахб.

Шу кунларда “Тошбозортайёрловсавдо” ассоциацияси ЎзА ахборот агентлигига Тошкентнинг ўн иккита бозорида ўттиздан зиёд тўлов терминаллари ўрнатилганини ҳамда бу ерларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва буюмларни пластик карточкалар орқали сотиб олиш мумкинлиги ҳақида ишончли маълумот тақдим этди. Ассоциация вакилининг сўзларини “Фарҳод” бозорининг раҳбари Баҳодир Сайидов ҳам тасдиқлаб, у бошқараётган бозорда тўртта терминал ўрнатилганини маълум қилди. “2010 йилдан бошлаб уларнинг сонини сезиларли миқдорда кўпайтириш режаланган”, - дея ваъда қилди Б.Сайидов. “Фарғона.Ру” мухбирлари ҳам Тошкент бозорларини айланиб кўришга ва терминалларнинг қандай ишлаётганини ўз кўзлари билан кўришга қарор қилдилар ҳамда қуйидагиларни аниқладилар.

Фарҳод бозорида чиндан ҳам тўртта терминал бор экан, уларнинг бари битта “пятак”да жойлашган. Боз устига, терминаллар фақат VISA тизими карталарига хизмат қилар экан, холос. Шу ернинг ўзида осиб қўйилган эълонда “DUET тизимидаги карточкалар вақтинча қабул қилинмаяпти” деб ёзилган экан (DUET (Direct Universal Electronic Transaction) – Ўзбекистоннинг 18 та банкини бирлаштирувчи UZKART Банклараро Жараёнлаштириш Маркази тақдим этган маҳаллий тўлов тизими. Тўловлар миҳаллий валюта – сўмларда амалга оширилади. – Таҳр. изоҳи).


Фарҳод бозори, Тошкент. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Катта бозор учун тўртта терминал озлик қилади, ҳолбуки, бугунги кунда шаҳарликларнинг аксарияти ихтиёрий-мажбурий равишда пластик карталар билан таъминланган. Бундан ташқари, карточкалар бўйича истаган нарсангизни сотиб олиш мумкин эмас. Мисол учун, ўша Фарҳод бозорида карточка бўйича баъзи-бир сабзавотлар, тухум, ўсимлик мойи ва мол гўшти сотиб олиш мумкин, холос. Гуруч, мева-чева, зира-кашнич, шакар, товуқ гўшти (окорочка) ва бошқа нарсалар фақат нақд пулга сотилаяпти.


Фарҳод бозоридаги терминаллар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Озчилик ҳаридорлар бозорда тўлов терминаллари ўрнатилгани ҳақида хабардор эканлар, кўпчилик уларни излаб ўтирмай, одатдагидек нақд пулга савдо қилиб юришибди.

Бироқ терминалларнинг борлигини билган тақдирда ҳам, уларни бозордан топиш осон иш эмас. Мисол учун, “Фарғона.Ру” мухбирлари улкан “Фарҳод” бозорида уларни топиш учун бозор маъмурияти ходими ёрдамидан фойдаландилар. “Қатортол” улгуржи бозорида, “”Миробод (Госпитальний) ва Олой бозорларида эса бундай аппаратларни топиб бўлмади.


Фарҳод бозоридаги терминаллар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Балки бу бозорларда ҳам терминаллар ўрнатилгандир, аммо бу ҳақда тижоратчилар ҳам билмас эканлар, бозорқўмни эса топиб бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пластик карточкаларни жорий этиш беш йил олдин бошланганди. Ўшанда республика аҳолисига ойлик иш ҳақининг бир қисмини мажбурий равишда “пластик”га ўтказиб бера бошладилар. Одамлар бу карточкалардан фойдаланишга қийналганлари ҳақида кўп ёзилган. Пировардида, ўзбекистонликларнинг ҳарид қилиш қобиллиги пасая бошлаган. Кейинчалик, аста-секин бу муаммо ечила бошланди – терминаллар аввалига “бутик”ларда, кейин бўлса супермаркетлар ва бошқа кичикроқ дўконларда пайдо бўла бошлади. Бироқ бу аппаратларнинг кўпи ишламагани важидан муаамо бутунлайига ҳал бўлгани йўқ.


Фарҳод бозоридаги терминаллар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Марказий Банк ва Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг 2009 йил август ойида чиққан қарорига биноан, терминаллар қуйидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига қўйилиши лозим: авиа- ва темир йўл чипталари кассаларида, коммунал хизмат корхонали қошидаги тўлов қабул қилиш пунктларида, алоқа бўлимларида ва телефон учун тўлов қабул қилиш пунктларида, солиқ ва бошқа тўловлар қабул қилиш пунктларида, авто-ёқилғи қуйиш шохобчаларида, савдо майдони 150 квадрат метрдан зиёд бўлган дўконларда, ресторан ва меҳмонхоналарда, умумий овқатланиш объектларида ҳамда ходимлари ойлик иш ҳақини пластик карталарда оладиган корхона ва муассасаларида.

Ҳозирча қарор муаммони ҳал этгани йўқ: мамлакатда ишлайдиган терминалларнинг тақчиллиги мавжуд. Оқибат - ўз пулларини нақд қила ололмаган ўзбекистонликларнинг норозиликлари ошиб бормоқда.


Бозордаги олиб-сотарлар эса терминал у ёқда турсин, ҳатто касса аппаратларини ҳам ўрнатишга шошганлари йўқ. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Балки, чиндан ҳам 2010 йилдан бошлаб республика расмийлари ваъда қилганларидек, терминаллар сони бир неча баробарига ошиб, барча озиқ-овқат дўконларида ва бозорларда ўрнатилар. Аммо бу нарса банкларда ўз ҳисоб рақамига эга бўлмаган оддий деҳқонларни қувонтирмаса керак. Ҳар ҳолда мамлакатда аҳоли ўртасида банк деган муассасаларга ишонч даражаси ҳозир ҳам жуда паст. Шунинг учун бозордаги тижоратиларнинг аксарияти шу чоққача касса аппаратлари ўрнатмаганлар.

Ўзбекистоннинг ҳозирги ижтимоий-иқтисодий шароитида деҳқонлар етиштирган ҳосилларини фақат нақд пулга сотсаларгина тирикчиликларини ўтказа оладилар. Республика расмийлари бу аҳволни яхши билганларидан ҳам ҳамма ерда ёппасига терминалларни ўрнатишни талаб қилиб туриб олганлари йўқ. Ҳозирча.

Ўз ахб.



 

Реклама