05:07 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Болалар пахтада ҳали ҳеч қачон бу йилгидек қийналмагандилар

09.12.2009 09:04 msk

Д.Драйзер

Фотосуратларни ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева тақдим этган (Тошкент)

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон парламентида болалар меҳнатидан фойдаланишда иш берувчилар ва ота-оналарнинг маъмурий жавобгарлигини кучайтирувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқила бошланди.

Бунгача 2008 йил сентябрь ойида ратификация қилинган “Болалар эксплуатациясининг ёнг ёмон шаклларини илдизини қуритиш тўғрисида” ва “Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисида” халқаро Конвенцияларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Миллий режа қабул қилинган эди. Ўша пайтнинг ўзида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев мазкур конвенцияларни амалга ошириш бўйича чора кўришни кўзда тутувчи тегишли ҳукумат қарорини имзолади.

Бу ҳужжатлар Ўзбекистонга халқаро жамиятнинг болаларни қул каби ишлатишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлари ва бунинг ортидан 2007 йилда ғарб мамлакатларининг энг йирик тўқимачилик маҳсулоти импортчилари томонидан ўзбек пахта толасини сотиб олинишига бойкот эълон қилинишига расман жавоб бериш учун керак эди.

Амалда эса халқаро босим ҳам мамлакатда мажбурий болалар меҳнатини тўхтата олмади.

Узбекистан. Дети на хлопке
Ўзбекистон. Ўспиринлар пахта даласида

“Бизда болалар меҳнатини тақиқловчи қонунлар бор бўлгани билан улар ишламаяпти, - дея афсусланади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икромов. – Барча ишлар президент девонхонасининг оғзаки кўрсатмасига мувофиқ қилинади. Ҳокимларнинг ҳаммаси оғзаки кўрсатмани олганларидан кейин туман халқ таълими бошқармаларига, мактаб директорларига буйруқ берадилар. Улар эса ўз навбатида, болаларни далага олиб чиқадилар. Ҳамма ишлар оғзаки равишда бажарилади, ҳеч ким масъулиятни зиммасига олишни истамайди. Ўзим кўрдим, Чинозда, Янгийўл туманлари пахта даларида бешинчи, олтинчи, еттинчи синф болалари ишлаяптилар. Уларга ҳеч қандай шароит яратилмаган, ўқитувчилари эса болалар ишласин дея назорат қилиб юрибдилар, холос”.

Ўзбекистон. Болалар пахта теримида

Янги қонунларнинг қабул қилиниши муносабати билан дунёда пахта толаси экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллаётган Ўзбекистон расмийлари мамлакатда болалар меҳнати мавжудлигини яширишга уринмоқдалар. Энди бўлса, болаларнинг даладаги иши яна ҳам оғирлашди, уларнинг саломатлиги хавф остида.

“Республикада ўтган йилга нисбатан болалар эксплуатацияси борасидаги вазият анча ёмонлашди, - дейди “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов. – Бу нарса айниқса болаларга зарур шароит яратиш соҳасига тегишли. Бу йил болалар очиқ даланинг ўзида ўрнатилган чодирларда яшаганларига гувоҳ бўлдик. Мустақиллик йиллари бунақаси асло бўлмаганди. Бу йил болаларни ёппасига пахтага олиб чиқиш ҳоллари қайд этилди ва барча вилоятларда мактаблар пахта терими пайтида ёпиб қўйилди”.

Ўзбекистон. Болалар пахта теримида

“Ноябрь ойида мен Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона вилоятлари далаларида бўлдим, - дея ҳикоя қилади номини ошкор этмасликни сўраган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи. – У ерларда шу чоққача болаларни пахтага чиқаришяпти (интервью ноябрнинг йигирманчи кунлари олинган – муаллиф изоҳи). Қишлоқ жойларида яшайдиган болалар ҳар куни ўн километр йўлни яёв юриб далага қатнайдилар. Кечқурун соат 16-17 да уйларига қайтадилар. Болаларни озиқ-овқат, ичимлик суви, транспорт билан таъминлаш ота-оналарга юклатилган. Болалар устидан ўқитувчилар ва фермер хўжалиги вакиллари назорат қилмоқдалар. Биз у ерда медицина ходимлари йўқлигини қайд этдик.

Бизнинг кузатувларимиз вақтида, яъни ноябрь ойи ўртасида далага олиб чиқилган болаларнинг қайд этилган минимал ёши – иккинчи ва учинчи синф ўқувчилари. Болаларга пахта териш бўйича ҳеч қандай кунлик норма белгиланмаган, ҳамма ўз ҳолига яраша пахта терган.

Турли вилоятларда пахта терими турли вақтларда бошланган, юқори синф ўқувчилари 15-28 сентябрь ҳақида гапирмоқдалар. 5 октябрь кунидан бошлаб қуйи синф ўқувчиларини ҳам олиб чиқа бошладилар. Коллеж ва олий таълим юртлари талабаларини уйларидан олисроқ жойга, йўқ деганда 30-50 километр масофага ётоқ билан олиб чиқдилар. Болаларни маҳаллий мактаб ёки коллежларининг спорт залларида жойлаштирдилар. Баъзида қабул қилувчи фермер хўжаликлари “кўнгилли” ёрдамчиларни темир каравот билан таъминладилар, кўпинча эса болалар ўзлари билан олиб келган кўрпаларини ерга тўшадилар.

Бу йил, давлат расмийлари халқаро танқиднинг кучайиши ортидан келиб чиқаётган муаммолардан ўзларини четга олишга уринганларидан инсон ҳуқуқларининг кўпроқ бузилишлари, пахта теримини ташкил этишда эса кўпроқ пала-партишликлар қайд этилди. Авваллари пахта терими бўйича барча ташкилий ишларни давлат ўз зиммасига олиб келган дея ҳисобланарди. Бу йил эса давлат болаларни пахта теримига жалб этмаяпти, балки уларнинг ўзлари “ихитиёрий равишда” пахта теримида қатнашаяптилар дея кўрсатмоқчи бўлдилар. Шунинг учун ҳам ҳуқуқбузарликлар кўпайди, тушунмовчиликлар пайдо бўлди: фермерлик хўжаликлар, таълим муассасаларининг мажбуриятлари белгилаб берилмади ва пировардида, ташкилий муаммоларнинг аксарияти ота-оналарнинг зиммасига тушди”.

Ўзбекистон. Болалар пахта теримида

“Фарғона.Ру” мухбирининг болалар меҳнати атрофида юзага келган вазият қачон ўзгаради деган саволига ҳуқуқ ҳимоячи, Ўзбекистон Виждон тутқунлари қўмитасининг раҳбари Баҳодир Номомзов шундай жавоб берди:

- Бу мамлакатда яқин келажакда нима ўзгариши мумкин? Ростини айтсам, бу йилги мавсумда дала кезиб, болаларга яратилган шарт-шароитларни ўрганганим йўқ. Лекин шу нарсани аниқ биламан: барчасига мамлакатдаги мавжуд ижтимоий табақаланиш айбдор. Ҳаддан зиёд бойлар бор ва ўта камбағаллар ҳам бор. Камбағаллар бойларни яна ҳам бой қилаяпти. Бу нарса ўзгармас экан, болалар пахта теришда давом этаверадилар. Ахир кўпчилик бир бурда нонга пул ишлай дея далага чиқаяпти, ота-оналарнинг ўзлари уларни пахта тергани юбораяптилар...

Шўролар давридан бери Ўзбекистонда анъанага айланган мажбурий болалар меҳнати амалиёти ўн беш ёшгача бўлган 2,5 миллион болаларнинг икки-икки ярим ой давомида ўқишдан маҳрум бўлишларини ҳамда оғир жисмоний меҳнатни англатади. Ўша болаларнинг мажбурий меҳнати ортидан мамлакат ҳар йили пахта толасини экспортидан бир миллиард доллар даромад кўради.

Д.Драйзер