07:45 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячи Ғанихон Маматхановни товламачиликда айбдор деб топиб беш йилга кесдилар

03.12.2009 11:58 msk

Фарғона.Ру

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячи, Шахс ҳуқуқлари ҳимояси бўйича халқаро ташкилот фаоли Ғанихон Маматханов жиноят ишлар бўйича Охунбобоев туман суди томонидан беш йилга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар беради Озодлик овози.

“Прима-ньюс” хабар беришича, Ғ.Маматханов Фарғона вилояти прокуратураси ва милицияси ходимлари томонидан 9 октябрь куни унинг сумкасига пул ташлаб қўйиб қўлга олинган эди. Шу куни унга номаълум кимса телефон қилиб Фарғона шаҳар бозори ҳудудида учрашишни сўраган. Маматханов билан ўша куни телефонда суҳбатлашган ҳуқуқ ҳимоячи Абдусалом Эргашевга кўра, учрашув бўлиб ўтган, бироқ нотаниш кимса Маматхановдан қўлидаги портфелини очиб кўрсатишни талаб қилган. Ҳуқуқ ҳимоячи нега деб сўраганида, нотаниш кимса унга ташланиб унинг портфелига ниманидир тиқа бошлаган. Маматханов иғвога йўлиққанини сезиб унга ҳалақит беришга уринган ва портфелга солинган нарсани улоқтирмоқчи бўлган. Аммо шу пайтда милиция ходимлари уни қўлга олдилар ва сумкасидан 500 минг сўм (330 долларга яқин) пул “топиб олдилар”. Пулни ташлаган киши айблов хулосасида фермер Рўзимат Усмонов дея номланган. Маматхановнинг таъкидлашича, бу одам билан аввал ҳеч қачон учрашмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячи Ўзбекистон Жиноят кодекси 168 (фирибгарлик) моддасининг 2 ва 3 қисмлари ва 211 (пора бериш) моддасининг 1 ва 3 қисмлари билан айбдор деб топилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги хабардор манбаларнинг маълум қилишича, Ғанихон Маматханов Фарғонада мажбурий болалар меҳнатига қарши чиқиб келган ва фермерларнинг ҳақи учун курашчиларнинг олдинги сафида бўлган. Маматханов 13 йил илгари Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятига аъзо бўлган, тахминан тўрт йил олдин у Шахс ҳуқуқлари ҳимояси қўмитасига кирган, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар, хусусан, фермерлар ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланиб келган. Ўзбекистондаги фермерларнинг кўпи бу йил ўзларига қарашли ерларидан қонунга хилоф тарзда маҳрум бўлгандилар. Ғанихон Маматхоновнинг чиқишларини тез-тез “Озодлик” радиоси тўлқинларида эшитилиб турарди, у Озодлик овозининг вилоятдаги ахборот манбаси бўлиб хизмат қилган. У қўрқмай ёлғиз ўзи норозилик акцияларини ўтказиб келган.

Марғилонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Мўътабар Тожибоевага кўра, ҳибсга олинишидан бир неча кун илгари Маматханов Ислом Каримов номига очиқ мактуб йўллаган ва мамлакатда президент кўрсатмасига кўра ўтказилаётган “фермер хўжаликларини йириклаштириш бўйича ислоҳотлар” борасида ўзининг танқидий фикрларини билдирган эди.

Маълум бўлишича, у олдин ҳам президентга мактублар ёзиб келган: 2008 йил 30 октябрь куни Ғани Маматханов Ислом Каримовга мактуб йўллаб ўтказилаётнган нотўғри ер ислоҳотлари ортидан вилоятда ишсизликнинг кўпайишини, турмуш даражасининг пасайишини ва пировардида, радикал ва экстремист бўлишга тайёр одамларнинг кўпайишини таъкидлаганди. Амалда, ҳуқуқ ҳимоячи президентни ақл билан иш тутишга чақирди, бу эса шубҳассиз маҳаллий ҳокимият вакиллариниг ғазабини жунбушга келтирди.

Жорий йил октябрь ойининг бошида Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятига ташрифи арафасида давлат раҳбарини мамлакат ички сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирган ҳуқуқ ҳимоячи ҳибсга олинган эди. Расмийлар ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячига унинг барча “қилгулик”ларини эслатдилар: 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларига қарши якка ҳолда ўтказган очлик акцияси ва ўша воқеалардан кейин икки ҳафта ўтиб вилоят ҳокимлиги олдида очлик акцияси. Фермерлар ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши 2004 йилда ўтказган норозилик акцияси, ўшанда ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳуқуқ ҳимоячини қаттиқ калтаклаган эдилар.

Маматханов ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан ўч олишлар бўлишини кутган эди. “Улар менинг ортимдан изма-из юрибдилар, Тошкентга ҳам мен билан бирга борадилар, жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этаётган суд мажлисларига келадилар, узоқдан туриб менинг дўстларим, сафдошларим билан учрашувларимни кузатадилар. Кейин бўлса ортимдан Фарғонага қайтадилар. Улар гўёки менинг соямдек бўлиб қолдилар, баъзида билсангиз, уларнинг йўқлигини сезиб қолсам, ўзимни ноқулай сезадиган бўлиб қолибман. Сўнгги пайтда улар учинчи одамлар орқали менинг оёқ-қўлларимни синдиришларини, тилимни кесишларини айтишаяпти. Негадир, соя борасида омадим келмаганга ўхшайди”, - дея куларди Ғанихон Маматханов.

Ҳуқуқ ҳимоячи ҳибсга олинганидан сўнг унинг ўта камтарона яшаб келгани маълум бўлиб қолди. Ҳозир Ғаи Маматхановнинг адвокат хизматига пул тўлашга ҳам пули йўқ экан. Унинг оиласи эса учрашувга озиқ-овқат ва иссиқ кийим олиб келишга қодир эмас.

“Мен жаҳон ҳамжамиятини, халқаро институтларни, ёлғиз бўлса ҳам ғурурини йўқотмаган ва жасур инсон ҳуқуқлари учун ҳимоячининг тақдирига бефарқ бўлиб қолмасликка чақираман. Агар мен даволанаётган бўлмаганимда, ишонаверинг, бугун унинг ёнида турган бўлардим, унга таянч бўлишга уринардим, аммо афсуски, касалман...”, - дейди куюниб М.Тожибоева.

“Биз Ғанихон Маматханов билан ҳамкасб эдик. Мен унга ўзимга ишонганимдек ишонаман. У ҳалол одам”, - дея билдирди таниқли ҳуқуқ ҳимоячи “Фарғона.Ру” агентлигига.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларини ва мустақил журналистларни юқорида келтирилганга ўхшаш моддалар билан ҳибсга олиш ва озодликдан маҳрум этиш одатий ҳолга айланди. Ўзбекистон расмийлари жаҳон ҳамжамиятининг цензура ва инсон ҳуқуларининг бузилишида айбловларига эътибор ҳам бермай қўйганлар. Шунинг учун ҳам фуқаролик жамияти вакиллари орасидан айбланаётганларнинг жиноий ишлари гўёки уларнинг айбдорлигини исботловчи чораларнинг қўллаш ёрдамида сохталаштирилмоқда. Номақбул шахсларни панжара ортига ташлаш учун товламачилик, фирибгарлик ва пора беришда айбловлар расмийлар учун энг хушмақбул йўл бўлиб қолмоқда. Мисол учун, тошкентлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Саййидни, гулистонлик Алишер Кароматовни, Аъзам фармонови ва Аъзам Турғуновни ҳамда бир қатор бошқа фаолларни ҳибсга олиб судлашда ҳам ҳудди шундай схема қўл келган.