00:41 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонга афғон темир йўли нечун даркор?

02.12.2009 15:05 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон давлат темир йўл компанияси 2009 йил октябрь ойи охирида 75 километрга чўзилган Хайратон –Мозори Шариф темир йўл участкасини қуриш бўйича Афғонистон ҳукуматининг тендерини қўлга киритди. Ноябрь ойи охирида эса қиймати 129 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланди. Қурилиш ишлари тез кунлар ичида бошланади ва 2011 йилда ниҳоясига етади.

Мазкур участка қисқа – бор-йўғи 75 километр бўлганига қарамай, ушбу темир йўлнинг Афғонистон учун аҳамияти жуда катта. Амударёдаги Хайратон порти орқали мамлакатга келаётган импортнинг деярли ярми ва гуманитар юкларнинг катта ҳажми кириб келади, шунинг учун ҳам янги темир йўлнинг ишга киритилиши юк оқимининг сезиларли даражада кўтаришига имконият яратади.

Мост через Амударью
Ўзбекистон-Афғонистон чегараси. Амударёдан ўтган “Дўстлик” кўприги. Фото © Blog.Freerangeinternational.com

Ўзбекистон бу лойиҳани амалга оширишга яхши тайёргарлик кўрди. Хусусан, мамлакатда 2001 йилда Туркманистонни айланиб ўтувчи 223 километрга чўзилган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини қуриш бошланди. Умумий лойиҳа қиймати 447,1 миллион долларга тенг бўлган трасса Ўзбекистоннинг марказий вилоятларини жанубий Сурхондарё вилояти билан боғлади ва мамлакат темир йўл магистралларини Термизга олиб чиқди. Йўл 2007 йилдан бери ишлаяпти. Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз темир йўл инфратузилмасини Афғонистондаги биринчи темир йўл билан бўлажак интеграцияси учун тайёрлади.

На мосту через Амударью
“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига тегишли Россияда ишлаб чиқарилган ТЭМ2 тепловози Амударё устидаги кўприкда. 2008 йил фотосурати

Ўзбекистон Хайратон-Мозори Шариф участкаси қурилиши масаласининг ҳал этилишини деярли 2,5 йил кутди. Боз устига, Ўзбекистон томонида Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон йўналишида ишлаган қурилиш қувватлари ишга шай эди. Гап биринчи навбатда Япония халқаро ҳамкорлик банкидан (JBIC) олинган 156 миллион долларлик имтиёзли кредит эвазига 2001 йилда сотиб олинган техника ҳақида кетмоқда.

Покистон ҳам Ўзбекистоннинг бу қизиқишини қувватлади. Исломобод 2003 йил декабрида Покистоннинг Чаман шаҳридан Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳригача 170 километрлик йўл қуришга тайёрлигини билдирди. Бироқ Покистондаги сиёсий барқарорсизлик ушбу инфратузилмавий ғоянинг амалга оширилишига йўл қўймади.

Агар Ўзбекистон Термиз ва Хайратон ўртасидаги йигирма километрлик темир йўл участкасини таъмирласа (Хайратон-Мозори Шариф лойиҳаси бўйича шартномада бу нарса кўзда тутилган), унда иккала йўл участкаси – Термиз- Мозори Шариф ва Чаман-Қандаҳор халқаро Трансафғон йўлагининг яратилиши бўйича муҳим босқич бўлиб қолади. Ўзбекистон эса бутун минтақа бўйлаб энг йирик транзит юклар оралиқ базасига айланиши мумкин.

“Бу лойиҳанинг бизнес томони яхши”, - дейди Россия стратегик тадқиқотлар институтининг эксперти Аждар Куртов. – “Бир томондан, икки қўшни мамлакат орасида йўллар қанча кўп бўлса, шунчалик яхши. Коммуникация қурилишидан Ўзбекистон катта пул ишлайди. Афғонистон учун ҳам инфратузилмага қанча кўп пул ётқизилса, шунчалик яхши. Ушбу йўл бўйлаб савдо фаолияти амалга оширилишига умид бор”.

Узбекский тепловоз в Афганистане
Ўзбек тепловози Афғонистонда. Фото © Trainboard.com

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норландга кўра, Ўзбекистон Афғонистон билан ҳамкорлик қилиб иқтисодий жиҳатдан катта ютуққа эришади. Хайратондан Мозори Шрифга чўзилган темир йўл кейинчалик “барча Марказий Осиё мамлакатлари учун денгизга, Жанубий Осиё портлари ва бозорларига чиқадиган йўл бўлиб қолиши мумкин”, - дейди у.

Америкалик дипломатнинг фикрига “Новости” РАА ва “Фарғона.Ру” эксперти Санобар Шерматова ҳам қўшилмоқда. “Бу ерда иккита масала ҳал бўлаяпти: бир томондан, ҳарбий-техника воситаларини етказиш, бошқа томондан эса – тижорат мақсадлари амалга оширилади. Менимча, бу икки масала ҳам ҳал этилади”.

Экспертга кўра, Афғонистон шимолида айнан Тошкент иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар мавжуд. “Афғонистон шимоли аввали-бошидан Ўзбекистоннинг таъсир доирасида бўлган. Шибарғон ва Мозори Шариф буфер зона вазифасини ўтаган: генерал Дўстум ўзбек расмийлари билан ҳамкорликда ва уларнинг назорати остида ишлаб келган. У Афғонистоннинг шимолини ҳарбий ҳаракатларга тортмасликка, бу ерга толибларнинг кириб келишига йўл қўймасликка уриниб келган. Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош бу ҳудудлар Афғонистоннинг энг тинч қисми бўлиб келган, бу ердаги афғонларнинг турмуши уруш вайрон келтирган жанубий ҳудудларга қараганда яхшироқ бўлган”.

Афғонистонга кўрсатилган иқтисодий ёрдам чегараолди ҳудудларда барқарорликни сақлашга кўмак беришини Тошкент яхши тушунади. Шунинг учун ҳам Санобар Шерматовага кўра, Ўзбекистон учун бу биринчи навбатда ҳал қилиниши бўлган масала бўлиб қолмоқда.

Москвадаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубновга кўра, ўз вақтида Ўзбекистон шўроларнинг Афғонистонга интервенциянинг асосий таянч базаси бўлган, мамлакатнинг АҚШ учун ҳам шундай асосий таянч базаси бўлиши табиий. “Вашингтон, Тошкент ва Қобул ўртасидаги Ўзбекистоннинг Афғонистондаги биринчи темир йўл қурилишига контрактнинг олишини шўролар давридаги режаларнинг табиий давоми сифатида кўриш мумкин. Ўшанда ҳам Ўзбекистоннинг Термизидан Амударё устидаги “Дўстлик” кўприги орқали Афғонистонга темир йўлни давом эттириш тўғрисида ғоялар пайдо бўла бошлаганди”.

Узбекский тепловоз в Афганистане
Ўзбек тепловози Хайратонда. Фото © Trainboard.com

Ўзбекистон учун ушбу лойиҳага бош пудратчи бўлиш ҳар томонлама, ҳам иқтисодий ва сиёсий тарафдан манфаатли. “Тошкент яхшигина пул ишлаб олиши ва шимолий Афғонистон вилоятларида ўз таъсирини кучайтириши мумкин”, - дейди Марказий Осиё бўйича таниқли эксперт. – “Қизиғи шундаки, Ўзбекистон нафақат темир йўл қуриш бўйича шартномага эга бўлди. Тошкент Ҳиротдан Қандаҳоргача автомобиль йўли қурилиши ҳуқуқини ҳам эгалламоқчи”, - дейди эксперт.

“АҚШнинг ҳам бундан кўрадиган фойдаси очиқ-ойдин: биринчидан, ўзбекларнинг арзон ишчи қўллари, иккинчидан, Ўзбекистон томонидан таъминланадиган қурилиш материаллари ва инфратузилмалар. Америкаликлар учун бу темир йўлни ўзбеклар қўли билан қуриш осонроқ, бу йўл америка юкларини Афғонистон марказига Саланг довони орқали етказиб бериш учун ўта самарали бўлади”, - дейди Дубнов.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, Марказий Осиёдаги давлатлар НАТО юклари учун ўз ҳудудларидаги йўлларни тақдим этишга тайёрлигини изҳор этганларидан сўнг кўпчилик мутахассислар толиблар янги транспорт йўналишларига зарба бериш учун шимолий Афғонистондаги фаолиятини кучайтириши мумкин, демоқдалар. Балки Ўзбекистоннинг Ғарб билан ҳамкорликка фаол қўшилиши минтақа хавфсизлигини бузилишига олиб келиши ва террористлар нишонига айланиб қолиши мумкин бўлиб қолар?

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланднинг яқинда Тошкентдаги “Экономическое обозрение” (“Иқтисодий шарҳ”) журналига берган интервьюда транзитнинг шимолий тармоғи чиндан ҳам террорчилар учун нишон бўлиб қолиши мумкинлигини афсус билан қайд этди.

Аммо Қўшма Штатлар ҳамкорларини қийин аҳволда ташлаб қўймоқчи эмас. Кўринишидан, 75 километрли Хайратон-Мозори Шариф темир йўл тармоғининг қурилишида банд бўладиган ўзбек қурувчиларини НАТО қўшинлари қўриқлайдиганга ўхшайди.

“НАТО вазиятга жуда ҳам жиддий ёндашаяпти”, - дейди элчи.

Шундай қилиб, Тошкентнинг кенг кўламли иқтисодий ва сиёсий амбицияларини амалга оширилиши биринчи навбатда аксилтеррорчилик коалициясининг шимолий Афғонистонда зарур барқарорликни сақлаб қолишига боғлиқ бўлиб қолади.