23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ ҳукумати Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни қайта тиклашни режаламаяпти

23.11.2009 15:52 msk

Ўз ахб.

АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Жорж Крол 20 ноябрь куни ўзбекистонлик ва чет эллик журналистлар билан учрашув ўтказди. Матбуот анжуманида АҚШнинг Ўзбекистонда бўлиш, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ғарб оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистонга қайтиши каби мавзулар муҳокама этилди.

Жорж Крол АҚШ Бош дипломатик хизматининг ёрдамчи вазир рангидаги профессионал аъзоси. Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг муовини вазифасида 2008 йил май ойидан бери ишлаб келмоқда. Ж.Крол 1982 йилдан бери дипломатик ишда, 2003-2006 йилларда АҚШнинг Белоруссияда элчиси бўлиб ишлаган. Варшава, Нью-Деҳли, Санкт-Петербург, Москва, Киев, Минскда дипломатик миссияларни бажариб келган. Америка-Россия масалалари бўйича идора директори ва МДҲда махсус топшириқлар бўйича элчи ёрдамчиси каби муҳим лавозимларни эгаллаган. АҚШда Гарвард Университетини ва Англияда Оксфорд университетини тамомлаган. Рус ва поляк тилларида эркин сўзлаша олади.

Жорж Крол ўзининг икки кунлик ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, хусусан, республика ташқи ишлар вазири Владимир Норов, бош вазир муовини Элёр Ғаниев билан музокаралар ўтказганини сўзлаб берди. Америкалик меҳмон шунингдек, республиканинг бир қатор вазирликлар ва маҳкамаларида бўлди.

Ўз сафаридан асосий муродни Крол “АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида, шу жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларни чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттириш” деб атади ва унинг ташрифи жорий йилда амалга оширилган “Уильям Бернс ва Роберт Блейк каби олий мартабали америка мутасаддилари ташрифларининг давоми” эканлигини қўшиб қўйди.

“Биз нафақат ҳукуматлар даражасида, балки, мамлакатларимиз халқлари ўртасида ҳам фикр ва ахборот алмашув йўли билан муносабатларимизни яхшиламоқчимиз”, - деди АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг муовини. – “Бизнинг умумий манфаатларимиз бизнес, соғлиқни сақлаш, таълим ва бир қатор бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилмоқчи бўлган соҳаларга тегишли”. У икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар америкалик ва ўзбекистонлик давлат мутасаддиларининг ўзаро ташрифлари важидан чуқурлашиб боришига умид билдирди.

Журналистларнинг Хонободдаги базанинг қайта тикланиши, Афғонистонга юкларнинг транзити ва АҚШ ҳукумати бу нарсага қанча пул тўлайди деган саволга жаноб Крол қуйидагиларни айтди. АҚШнинг Ўзбекистонда бўлиши тўғрисида ҳеч қандай музокаралар олиб борилмади, Ўзбекистон ҳудуди орқалиАфғонистонга фақат гуманитар юклар олиб ўтилмоқда, транспорт операцияларининг молиявий қабати борасида унга ҳеч нарса маълум эмас. Негаки, мазкур юкларнинг транспорти билан хусусий фирмалар шуғулланадилар ва бу саволларни уларга йўллаш лозим.

Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш тўғрисида сўз юрита туриб Жорж Крол бу масала Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги диалогнинг энг муҳим унсурларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. “Ўзбекистоннинг бизга Афғонистон бўйича бераётган маслаҳатлари қадрли, - дейди Ж.Крол. – Ўзбекистон Афғонистонга элктр энергияси етказиб бераётгани туфайли Қобулда свет бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтаётган янги тижорат йўналишлари Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳамда Марказий Осиёдаги билан бошқа мамлакатлар билан алоқаларининг тикланишига ҳисса қўшмоқда”.

Пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ва бир қатор ғарб фирмалари шу сабабдан Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш ҳамда бунга АҚШ ҳукуматининг муносабати масалаласи муҳокама қилинганида, Ж.Крол “бу бозор тизими, сотувчилар ва ҳаридорлар нима сотиш ва нима сотиб олиш, шу жумладан, пахта масаласини ҳам ўзлари ҳал қиладилар”, деб айтди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш мавзуси борасида сўз юрита туриб, қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмоновни озод этиш ҳақидаги саволга Жорж Крол “бу масалалар муҳокама этилмоқда” деб жавоб берди ва шу билан бирга, ҳозирги президент Барак Обама маъмурияти “бошқа мамлакатларга ўз қадрият ва тамойилларни зўрлаб қабул қилдирмоқчи эмас, аммо мамлакатда демократияга қандай риоя қилиш кераклигини ўзи намуна бўлиб кўрсатмоқда” деб айтди.

Ж.Кролдан Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатга “Ассошиэйтед Пресс” ва “Озодлик Радиоси” каби ғарб оммавий ахборот воситаларининг қайтарилиши тўғрисида музокаралар олиб борилаяптими, деб сўрадилар. Бунга Ж.Крол масс-медиа ривожланиши масаласи – давом этаётган диалогнинг узвий бир қисми бўлиб, ушбу масаланинг муваффақият ила ҳал қилинишига умид билдираётгани айтди.

Ўзбекистоннинг углеводород захираларидан фойдаланиш тўғрисида гапира туриб, Жорж Крол ўзининг миссиясини “америка нефтегаз ширкатларининг инвестиция имкониятлари ҳақида кўпроқ билиш” эканлигини айтди. “Шунингдек, биз минтақадаги углеводород ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришда замонавий технологияларни қўллаш ҳамда уларнинг экспортини ривожлантириш имкониятини ўрганмоқдамиз”, дея қайд этди давлат котиби ёрдамчисининг муовини.

Марказий Осиё республикаларида сув-энергетика ва унга ҳамроҳ муаммолар тўғрисидаги саволга Ж.Крол бу муаммоларни минтақа мамлакатларининг ўзлари ҳал қилишлари лозим, бироқ АҚШ ва Европа иттифоқи уларга бу нарсада ёрдам беришга тайёрлар деб жавоб берди.

Ўз ахб.



 

Реклама