08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Алвидо, Тошкент ҳиёбони!

16.11.2009 12:40 msk

Ўз ахб.

Фотосуратлар “Фарғона.Ру” мухбирлари ҳамда тошкентликлар томонидан суратга олинган

Сўнгги бир неча йил давомида Тошкент марказидаги дарахтлар расмийлар томонидан шавқатсиз қирқилмоқда. Чор Россияси генерал-губернатори Черняевнинг буйруғи билан XIX аср охирида шаҳар марказида биринчи парк барпо этилди. Тошкентликлар уни Сквер дея атаб келгандилар. Қачонлардир давлат томонидан қўриқланган юз йиллик чинорларни илдизини ҳам қолдирмай қирқишмоқда. Кейин уларни уч метрли тўсинларга бўлиб самосвалларга юкланмоқда ва номаълум йўналишда олиб кетилмоқда. Бошқа ишчилар эса кесилган дарахтларнинг илдизигача қирқиб, йиғиштириб, тозаламоқдалар.

Душанба, 16 ноябргача Ҳиёбондаги барча дарахтларнинг деярли ярми кесиб бўлинди, арракашларнинг эса тўхташ ниятлари йўқ.

Фото с веб-сайта Uforum.Uz
Ҳиёбон дарахтлари кесилмоқда

“Фарғона.Ру” мухбирининг Тошкент шаҳар табиатни асраш қўмитасида аниқлаган маълумотларга қараганда, дарахтлар “давлат раҳбарининг шахсан берган топшириғига биноан” кесилмоқда. Бу ҳақда мазкур қўмита ходими номини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилган.

Фото с веб-сайта Uforum.Uz

Дарахтлар кесилиши сабаби ҳақида фақат фол оча оласиз, холос. Ахир президентдан ҳеч ким сўрашга ботина олмайдику “Нега дарахтлар кесиляпти”, деб. Аммо бунинг жавоби ҳақида, расмийлар мисол учун, дарахтлар касалланган дея баҳона қилишлари мумкин.

- Дарахтлар нега кесилаётганини билмайман, аммо буни дарахтлар касалланиши профилактикаси мақсадида қилинаяпти дея тахмин қилишим мумкин. Мисол учун, Академиклар шаҳарчасидаги дарахтлар ҳам ҳудди шу тарзда кесилган ва расмийлар бунинг сабабини айнан шундай деб кўрсатгандилар, - дейди экология мавзусида ихтисослашган журналист Наталья Шивалдова.

Вырубка сквера идет полным ходом
Ҳиёбон жадал суратлар ила кесилмоқда. 2009 йил 15 ноябрь

Аммо янги кесилган дарахтларга қараб уларнинг кексайганига қарамай мутлақо соғломлигини кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам экспертлар ҳиёбон кесилишидан асосий мақсад янги қурилган Форумлар саройи ҳамда Амир Темур ҳайкали учун кўриниш доира панорамасини очиш дея ҳисобламоқдалар.

Памятник Амиру Тимуру
Амир Темур ёдгорлиги дарахтлар ортида кўринмай қолган экан

Айтишларича, атрофдаги йўллар ҳиёбон ҳисобига яна беш метрга кенгаяди. Шунинг учун ҳам ерда реконструкция чегарасини белгиловчи оқ чизиқ тортиб қўйилган.

Архитекторлар дарахтларнинг бундай кесилишини “фасадни очиш” дея атайдилар. Айнан шу тарзда бир неча йил илгари Мустақиллик кўчасидаги (собиқ Пушкин) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси олдидаги учта катта чинор кесиб ташланган эди. Ҳолбуки, ўн йиллар илгари бу дарахтлар панжара билан ўралган ва унга “дарахт фалон йилда экилган ва давлат томонидан қўриқланади” деган лавҳа осилган эди. Бироқ, республика мустақилликка эришганидан кейин бу лавҳалар йўқолди, дарахтлар кесилди,илдизлари кавлаб олинди. Уларнинг ўрнида гулхона пайдо бўлди. Ҳудди дарахтлар илгари умуман бўлмагандек.

Тошкент ҳиёбони йўқ қилинмоқда

Умуман олганда, Тошкентда сўнгги йилларда ҳамма ерда соғлом дарахтларни кесиш анъанага айланди. Ўзбекистоннинг ўз саноат ўрмон хўжалиги бўлмаганидан, бундай кесилган дарахтларнинг ёғочлари мебель ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Ҳудди шу тарзда, бир неча йил аввал Чилонзор даҳасининг “Москва” кафеси ёнидаги бутун бир дарахтзорни кесиб ташладилар. Ўшанда бу дарахтларни 107-чи ўрта мактаб ўқувчилари ҳимоя қилишга киришдилар ва ўзига ҳос норозилик акциясини ўтказдилар. Дарахтларни қучоқлаб турган болаларнинг фотосуратлари Тошкентдаги “Зеркало XXI” газетасида чоп этилганди. Бироқ бу акция дарахтларни қутқариб қола олмади.

Сквер
Тошкент, марказий ҳиёбон. 2009 йил 13 ноябрь.

Шу билан бирга, бир-мунча вақтдан бери Ўзбекистондаги бирорта ҳам газета бу каби воқеалар ҳақида ёзишга ботина олмайдиган бўлиб қолди. Негаки, ҳар қандай нодемократик давлатдаги каби, экология масалалари сиёсат билан узвий боғлиқ. Кесилган дарахтлар ҳақида ёзиш ёки уларнинг ҳимоясига туриш жуда хатарли: бундай мақолани чоп этган ҳар қандай газета ёпилиши ва ҳар қандай экологик ташкилотнинг раҳбари ишдан бўшатилиши мумкин.

Сквер
Тошкент, марказий ҳиёбон. 2009 йил 13 ноябрь.

- Республикамизда профессионал экологлар ҳозирча етарли, аммо улар давлат сиёсатига қарши чиқадиган бўлсалар, ишларидан маҳрум бўладилар, - дейди экологияга йигирма йилдан зиёд умрини бағишлаган мутахассис номи ошкор бўлмаслик шарти билан. – Уларнинг ўрнига бу ишни мутлақо тушунмайдиган мутасаддилар келадилар. Шунинг учун ҳам тилимизни тийиб юришимизга тўғри келаяпти.

Кўпчилик мустақил экспертлар Амир Темур Ҳиёбонидаги дарахтларни кесишни “ваҳшийлик” дея атамоқдалар.

Памятник Карлу Марксу
Карл Маркс ҳайкали Скверда XX асрнинг 60-90- чи йилларида турган

Ҳиёбон марказидаги ҳайкаллар бир неча бор алмашган. Аввалига бу ерда Туркистон округи генерал-губернатори К.П.Кауфманга, кейин эса И.В.Сталинга, Карл Марксга ва 1994 йилда Амир Темурга ҳайкал ўрнатдилар.

Аммо Сквернинг асосий эътибора лойиқ ёдгорлиги доим асрларга тенг дарахтлар бўлиб келган. Айнан шу ерда севишганлар висол дамларини ўтказишар, ўриндиқларда пенсионерлар шахмат ва нард ўйнаб ўтиришарди. Шу кунгача ҳам тошкентликлар оилавий бўлиб Ҳиёбонга сайр қилгани келиб турадилар. Асрга тенг дарахтлар кесилганидан сўнг бу жойни Тошкентнинг энг гўзал маскани дея атаб бўлармикан?

Сквер
Сквер. 2008 йил фотосурати.

Қачонлардир Сквер ўрнида ташландиқ, ёғингарчиликда лой ва офтоб тиғи остида жазирама иссиқ ва чанг майдон турган. Келажакда уни нима кутмоқда?

Сквер
Сквер. Фотосурат 2009 йил 15 ноябрь куни олинган.