14:50 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент вилояти мактаб ўқувчилари ҳали ҳам пахта далаларидан қайтганлари йўқ

10.11.2009 13:33 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон расмийлари пахта фронтидаги ғалаба нашидасини сураётган, Ислом Каримов пахтакорларни табриклаётган бир пайтда Тошкент вилояти мактаб ўқувчилари оғир шароитларда икки букилиб пахта теришда ва мамлакат ҳирмонини тўлдиришда давом этаяптилар. Уларни пахта далаларида қолишга молиявий манфаатлар эмас, балки, “юқоридан” ҳанузгача мактаб маъмуриятларига пахта кампаниясининг тугагани ва мактаб парталарига қайтиш тўғрисида буйруқ бўлмагани мажбур қилмоқда.

“Фарғона.Ру мухбирлари Тошкент вилоятининг пойтахтдан тахминан ўттиз километр нарида жойлашган Жамбул поселкаси ёнидаги пахта далаларини бориб кўрдилар. Сўнгги ҳафта давомида Тошкент вилоятида об-ҳавони яхши деб бўлмади. Енгил туман ва жала бўлиб қуйилаётган ёмғир одамларни ташқарига чиқиш бўйича ҳар қандай истагини йўқотарди. Аммо ҳудди шундай об-ҳаво шароитида болалар бугунги кунгача ҳам пахта далаларида эрталабдан кечгача пахта теришга мажбур бўлмоқдалар.

Поселка кўчаларидан бирида биз тасодифан қоп қўлтиқлаб олган бир нечта қизларни кўриб қолдик. Биз улардан, наҳотки пахтанинг ҳаммаси териб олинмаган бўлса, дея қизиқдик. “Йўқ, ҳали терилмаган далалар кўп. Ҳалиям теришаяпти”, - дея жавоб беришди қизлар. Боз устига, ўзлари ҳам ўша далалардан қайтаётганларини ва маҳаллий қозоқ мактбининг еттинчи синф ўқувчилари эканликларини айтишди.

Дети на хлопковых полях Ташкентской области
Тошкент вилояти пахта далаларидаги болалар. “Фарғона.Ру” © Фото

Биз қозоқ қизларини суратга олаётган пайтда бизга шу овулда истиқомат қилувчи қирқ ёшлардаги аёл келиб қўшилди. Унинг ўғли ҳам шу мактабнинг олтинчи синфида ўқир экан. “Болам нимжон, мен уни бугун пахтага юбормадим, кўча совуқ, Худо кўрсатмасин, яна касал бўлиб қолмасин. Кеча чарчаб эгат ичида ухлаб қолибди, ўқитувчиси кўрмабди ҳам, илон чақиб олса нима бўларди? Йўқ, яхшиси уйда ўтирсин”, - дея ҳасрат қилди она.

Атрофга қараб пахта далалари бу ердан кўринмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Шунинг учун суҳбатдошларимиздан йўлни кўрсатишни ёки бизни кузатиб қўйишларини сўрадик. Аёл биз билан ўзининг “нимжон” боласини юборишга рози бўлди. Йўл йироқ экан, қишлоқдан чиқиб ариқ ва жарликлар орқали пахта даласига йўл олдик.

Йўлдошимиз – олтинчи синф ўқувчиси ҳар куни пахта теримига чиқишини айтиб мақтана бошлади. Сўзлаша туриб икки километр юриб қўйдик. Бир оз ўтиб одамларнинг қораси кўрина бошлади. Яқинлашиб лойга ботиб пахта тераётган ўн икки ёшлардаги саккизта болани кўрдик. Болалар бизга қизиқиб қарай бошладилар. Биз вақтдан фойдаланиб фотоааппаратларимизни чиқара бошладик, аммо болалар биздан яширинишга, энгашиб олиб ғўза ортига ўтиб олишга бошладилар.

“Кимсизлар?” – деган кескин овозни эшитиб қолдик. Маҳаллий мактаб ўқитувчиси экан, шу ерда болаларнинг устидан назорат қилиб турган экан. Биз рўйи-рост журналист эканлигимизни тан олдик ва болаларни пахта далаларида қандай эзиб ишлатаётганларини кўриб кетиш учун атайлаб келганимизни айтдик. Унинг бизга хайрихоҳлик билан муомала қила бошлагани бизни бир оз ажаблантирди.

Дети на хлопковых полях Ташкентской области
Тошкент вилояти пахта далаларидаги болалар. “Фарғона.Ру” © Фото

“Фақат мактабимиз сонини кўрсатманг ва болаларнинг юзини суратга тушмасин, бўлмаса бошимиз балодан чиқмай қолади”, - деди у. У ҳатто болаларнинг юзи тушиб қолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳар бир кадрни текшириб чиқди. Болалар маҳаллий мактабнинг олтинчи синф ўқувчилари экан. Уларга қараб, совуқ ҳавода ишлашдан роҳатланаётганларини сезмадик. Боз устига, очиқ даладаги совуқ шамол уларнинг юзларига аямай савалар эди.

Муаллима бизга нарироққа боришимизга маслаҳат берди. “Агар бир неча даладан ўтсангизлар бошқа мактаб ўқувчиларининг пахта тераётганини кўрасизлар”. Аммо уфқда ҳеч нарса кўринмас, лой кечиб юришга эса бизда иштиёқ қолмагани учун биз хушмуомалалик билан бу таклифни рад этдик.

Муаллима бизга ҳар бир мактабнинг пахта териш бўйича ўз режаси борлигини маълум қилди. “Мактабимиз ҳар куни бир ярим тоннадан пахта териб топшириши керак. Бу мажбурият. Аммо биз ҳар қанча ҳаракат қилганимиз билан бунга улгурмаяпмиз. Районо (туман халқ таълими бўлими) вакиллари октябрь охиригача пахтадан қайтасизлар деб ваъда қилишганди. Ноябрь кирса ҳам пахта тугаши ҳақида ҳеч гап йўқ”, - ҳасрат қилади у. Нега ҳаммангиз журналистлардан қўрқасизлар деган саволга эса у жавоб ҳам бериб ўтирмади.

Унга миннатдорчилик билдирдик ва мактаб сонини кўрсатмасликка ваъда қилиб биз ортга қайтдик. “Сизлар ахир журналистсизлар, бирор нарса қилсангларчи. Болаларни далалардан қайтаринглар!” – дея изимиздан қичқириб қолди у.