12:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европада Against Karimov ҳаракати тузилди

05.11.2009 10:50 msk

Мария Яновская

Фотосуратда: Ўзбекистон президенти Ислом Каримов

Ўзини Марк Рупперт деб таништирган ва Швецияда истиқомат қилувчи одам “Against Karimov” ҳаракатини ташкил этди. Ҳаракатнинг “Ҳаёт Журнали”да ўз саҳифаси бор. Ундаги “Ўзбекистон халқига мурожаат” дея номланган постинглардан бири шундай бошланади: “ Ислом Каримов бошчилигидаги расмий тузилмалар мана йигирма йилдан бери халққа қарши жиноий зўравонлик сиёсатини олиб бормоқда. Қанча йиллар бўлибдики, расмийлар сиёсатидан норози бўлганлар ва Андижон фожеасининг шоҳидлари таъқиб ва репрессияга учраяптилар. Турли динга эътиқод қилувчиларни сиқувга олиш, хусусан, лютеран ва бошқа конфессиялар вакилларини таъқиб этиш давом этмоқда. Шу чоққача мамлакатда гомосексуал алоқалар (бачавозлик) учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ёппасига босим ўтказилмоқда, боз устига, расмийларнинг жиноятларига қарши нафақат ошкора чиқаётган, балки, жиндеккина норозилик билдирган кишилар ҳам тинч қолаётганлари йўқ”.

Марк Руппертга кўра, ҳаракат ўз олдига “республика халқига мамлакатни қўлга олган Ислом Каримов ва унинг жиноий тўдасидан қутилишга ёрдам бериш” мақсадини қўйган. Ҳаракатнинг шиори – “Золим қулатилиши лозим!” Қандай қилиб? Ҳаракат веб-саҳифасидаги материалларни ўрганар экансиз, Ўзбекистонни Европа суд қарорларини бажаришга мажбур қилиш йўли билан бу ғояни амалга ошириш мумкин деган хулосага келасиз.

“Каримовнинг давлат раҳбари лавозимида қолаётгани қонунга хилоф эканлигини ҳар қандай юрист исботлаб бериши мумкин. Конституцияга таяниб халқ бирлашса бўлди. Мамлакатдаги бош жиноятчи, халқнинг чинакам душманини жавобгарликка тортадиган вақт аллақачон етиб келган. Аммо аввал уни тахтдан ағдариш лозим. Унга ўхшаганларнинг жойи – Гаага Трибуналининг қора қурсисида”. Against Karimov ҳаракатининг халққа мурожаатидан.

“Against Karimov жамоатчилик ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти Ислом Каримовга қарши Гаага Трибуналига даъво аризаси тайёрлаётгани ҳақида эълон қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси суд идоралари Ислом Каримовга қарши ҳар қандай даъво аризаларини қабул қилишдан бош тортиши муносабати билан даъво халқаро суд инстанцияларига йўналтирилади. Даъво аризасида Ислом Каримовнинг жинояткорона ҳаракатларини қоралаш ва уни Ўзбекистон Президенти вазифасидан четлатиш талаб этилади”.

Биз Марк Рупперт билан боғланишга қарор қилдик ва унинг ишлари қандай кечаётганини сўрадик.

- Марк, нега энди бу ҳаракатни тузишга киришиб қолдингиз?

- Менинг шахсий сабабларим бор. Бундан ташқари, мен яқин дўстларим ва баъзи ишбилармон ҳамкорларимнинг манфаатларидан келиб чиқиб иш тутаяпман. Уларнинг Каримовга қарши бундай даъво билан чиқишларига асослари етарли.

- Каримовга қарши Европа судига даъво билан чиқиш ғояси қаердан келиб қолди?

- Европада туриб ва Европа судига ариза берилса, Ўзбекистон расмийлари томонидан сизга келтирилган ноқулайликлар учун компенсация олиш мумкин. Судда ўзининг ҳақлигини исботлай олган ҳар қандай одам бу компенсацияни олиши мумкин.

- Компенсацияни ким тўлайди, Европами?

- Ўзбекистонни компенсация тўлашга мажбур қилиш имкониятсизлигини тушунамиз. Аммо суд Каримов ва унинг режимини моддий ва маънавий зарар етказгани тўғрисида қарор қабул қилса, унда Европа суди Ўзбекистоннинг чет элдаги мулкини мусодара қилиши мумкин. Мен транспорт ваоситалари, кўчмас мулк ва бошқаларни назарда тутаяпман. Кейин бу мулк сотилиши ва ундан тушган пулни компенсация тўлашга сарфлаш мумкин.

- Ҳаракатда кўпчилик қатнашаяптими? Шу чоққача нечта даъво аризаси берилганини айта оласизми?

- Аввалига биз ўттизта, балки элликта ёки олтмишта ариза тўпламоқчи бўлдик... Биз ҳар бир аризачи ўртача эллик минг евродан товон пули тўлаш тўғрисида талаб билан чиқишини тахмин қилганидик. Ҳаммаси жамланса, икки-уч миллион еврога етиши керак эди. Мулкни ҳибсга олиш учун етарли миқдордаги пул. Аммо ҳаракатимизга бутун Европа иттифоқида ишлайдиган одамлар қўшилдилар. Айни пайтда лойиҳамизда иштирок этишни истаган уч юз киши бор. Бу ўтган ҳафта маълумоти (суҳбат 21 октябрда бўлиб ўтган).

Ҳозирча даъво аризаларнинг тафсилотлари-ю, аризачиларнинг номларини ошкор этмаяпмиз. Тушунасизку, агар бу маълумотлар олдиндан ошкор этиладиган бўлса, аризачиларнинг Ўзбекистонда қолган қариндошларига махсус хизмат идоралари босим ўтказиши мумкин. Судлар чиқарган қарорлар сони 200-250 тага етганида аризачиларнинг номлари ёппасига ошкор этила бошланади. Даъво аризалари битта коллектив аризага бирлаштирилади ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига берилади, ана ўшанда...

ЭКСПЕРТ ШАРҲИ

“Менимча, Марк Рупперт Гаага трибуналини, яъни, Халқаро жиноят судини (ХЖС) инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди билан адаштириб қўйганга ўхшаяпти. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар бўйича Европа Конвенциясининг иштирокчиси бўлмагани боис, бу ҳужжат бўйича ҳеч қандай жавобгарлиги йўқ. Демак, Страсбургга “Тютькин Ўзбекистонга қарши” каби шикоятлар билан мурожаат қилишнинг имконияти йўқ”, - дейди марказий осиёлик қочоқлар билан ишлаш бўйича эксперт Елена Рябинина.

- Дастлабки шикоятлар қандай судларга берилади?

- Шикоятчилар яшаётган жойлардаги ҳудудий судларга. Қишлоқ, район, вилоят судларига...

- Европадаги қишлоқ судлари Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъво аризаларини қабул қилади демоқчимисиз?

- Сизга жуда жўн кўринаяптими? Аммо Пиночетни судга тортиш схемасига бир қаранг. Ҳаммаси бири-бирига ўхшайди. Ўшанда ҳам жабрланган лотин америкаликлар Европа судларига шикоят берганлар, тегишли суд қарорлари қабул қилинган ва Пиночет Англияга даволангани келганида беш-етти йил аввалги суд қарорлари кўтарилган: бу қарорлар район полиция бўлимига олиб келинган ва маълумотлар пойтахт полициясига етказилган. Шундан кейин Пиночетни Лондонда ҳибсга олдилар ва судга бердилар. Биз ҳудди ўша сценарий бўйича иш юритамиз. Агар Европа Иттифоқида яшаётган ўзбекистонлик шахс Ўзбекистон расмийлари устидан ариза ёзиб етарли даражада исбот тақдим этадиган бўлса, бу аризалар кўриб чиқилади. Сизга бу нарса қанчалик фантастика бўлиб туюлаётган бўлса, Google тизимида Пиночетни қандай қўлга олганларини ўқиб кўринг...

Мен эринмай Гугл тизимига кириб Пиночет устидан бўлиб ўтган суд материаллари билан танишиб чиқдим. Ўқиганим сари, Чили ва Ўзбекистон ўртасида, истеъфодаги президент Пиночет ва амалдаги президент Каримов, Лотин Америкасидаги мустақил суд тизими ва Ўзбекистондаги судлар ўртасидаги параллеллар шубҳали бўлиб туюлаверди. Аммо шу билан бирга, Марк Руппертга саволларим тугамади.

- Даъво аризаларининг мазмун-моҳияти нимадан иборат? Режимнинг айбдорлигини тан олишми ёки моддий компенсация тўғрисидами?

- У ҳам, бу ҳам. Даъво аризаларини диний сабабларга кўра жабрланган андижонликлар, бизнесидан айрилган тадбиркорлар беришмоқда. Фуқаролик ҳуқуқларни тиклаш, номус ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, келтирилган зарарни ундириш тўғрисида талаблар бор... Ўзбекистон ижроя ҳокимияти шунчалик кўп қўпол хатоларга йўл қўйдики, бизда ҳар томонлама асосланган даъво аризалари беришга имкониятимиз бор.

ЭКСПЕРТ ШАРҲИ

“Гаагада турли халқаро судлар кўп, аммо уларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистонга нисбатан юрисдикцияга эга эмас. Ўзбекистон Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) Статутини ратификация қилмаган, шунинг учун ХЖС бундай ишларни кўриб чиқа олмайди. Бунинг учун унга БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши мурожаат этиши керак (унинг мурожаат қилмаслигига ишончим комил) ёки ўзбеклар Тожикистон ва Грузияда инсонийликка қарши жиноятлар содир этишлари лозим”, - дейди Страсбург Университетининг илмий ходими, халқаро юрист Кирилл Коротеев . – “Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Судини ва Европа мамлакатлари судини аралаштирувчи яна бир муаммо мавжуд. Судлар учинчи мамлакат фуқароларини учинчи мамлакатларда инсониятга қарши қийноқлар ва шунга ўхшаш жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Зокир Алматовни Германияда жиноий жавобгарликка тортишга уринишлар зое кетди: немис расмийлари уни эсон-омон ватанига қайтариб юбордилар”.

Бундан ташқари, биз моддий компенсация тўғрисида аризалар бераяпмиз. Европада адвокатлар хизмати жуда қиммат, аммо мен юристлар билан музокаралар ўтказдим, улар даъво қилинаётган пул миқдоридан фьючерс фоизларига ишлашга рози бўлдилар.

Ҳозир лойиҳа билан Ўзбекистоннинг мухолифатдаги партиялари, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари шуғулланаяптилар. Тайёргарчилик ишлари жадал суратлар билан олиб борилмоқда. Даъво аризаларини бериш ва уларни коллектив даъво аризисига бирлаштириш лойиҳаси ўзбек мухолифат партияларининг ҳам эътиборини жалб этди, улар биз билан ҳамкорлик қила бошладилар. Европадаги “эркчи”ларга ёки “Бирдамлик” ҳаракатига қаранг – уларни сиёсий ташкилотлар эмас, бири-бири билан ҳанузгача келишиб ололмайдиган партизан отрядларига қиёслаш мумкин эди. Энди бўлса, лойиҳа пайдо бўлиши билан одамлар яқинлаша бошладилар. Энди бизда ўша “партизан отрядлари”дан ягона мухолифат ҳаракатини тузиш истиқболи пайдо бўлди.

- Ўзбекистон Европа суди қарорига бўйсунади деб ўйлаяпсизми? Европа Тошкент билан алоқаларини бузишни истайдими ўзи? ЕИ бор кучи билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият борган сари яхшиланиб бораётган дейишга уринмаяптими?

- Пиночетнин ҳибсга олиниши схемасига қаранг...

- Чилининг табиий гази йўқ.

- Албатта, Ўзбекистонда газ бор. Европага газ етказиб бераётган Россия ва Украина “ҳунар” кўрсатганидан кейин ЕИ Россияни айланиб ўтувчи газ қувурларини қуриш йўлларини излаб қолган. Бундай вазиятда Европа иттифоқининг позициясида ҳар қандай ўзгаришларни кутиш мумкин. Аммо коллектив даъво аризалари бериладиган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди уни қабул қилиб кўриб чиқишга мажбур бўлади. Ўзбекистон учун Европа судининг қарори рамзий характерга эга бўлиши турган гап. Аммо Европа учун эмас. Мазкур судлар қарорларидан сўнг ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари олдинги йиллардаги каби ҳисоботлар ёза олмайдилар. Иккинчидан, молиявий таҳлилчилар ушбу суд қарорларни истисно эта олмайдилар. Учинчидан, Европанинг йирик бизнес вакиллари Каримов билан иш олиб бориш умуман мумкин эмаслигини тушуниб оладилар. Ушбу лойиҳа президент маъмурияти ва айнан Каримовга қарши шахсан қаттиқ зарба бўлади. Чинакамига жиддий зарба.

- Наҳотки Ўзбекистон мулкини Европа жабрланганлар фойдасига мусодара қилади дея жиддий ўйлаяпсизми?

- Ҳа. Бошқа давлатларга тегишли учоқлар ёки бошқа мулкларнинг Европа Иттифоқи ҳудудида мусодара қилинган ҳоллари маълум.

* * *

Одатдагидек, “Фарғона.Ру” ўз ўқувчиларига Марк Руппертнинг ушбу интервьюда билдирган ғайри оддий ғоялари тўғрисида ўз фикрларини билдиришни таклиф этади. Биз эса ўз навбатида, “Каримовга қарши” ҳаракатининг фаолияти устидан кузатишни давом этамиз.

Мария Яновская