21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: АҚШ элчихонасида журналистлар «Science» журналининг муҳаррири билан экология масалаларини муҳокама қилиб олдилар

28.10.2009 14:44 msk

Фарғона.Ру

26 октябрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида журналистларнинг «Science» ҳафталик журналининг илмий ходими Ричард Стоун билан учрашуви бўлиб ўтди. У Ўзбекистонга сув-энергетика муаммоларини ўргангани ва марказий осиёлик журналистлар ва олимлар билан алоқа ўрнатиш учун келган эди.


«Science» ҳафталик журналининг илмий муҳаррири Ричард Стоун. «Фарғона.Ру» АА фотосурати

Журналистлар учрашувда бир қатор муаммоларни кўтариб чиқдилар. Хусусан, Туркманистондаги “Олтин аср кўли” дея аталувчи кўл ҳақида. Туркманистонда коллектор-дренаж сувларини тўплаш учун шу кўл барпо этилмоқда. Ричард Стоун 2004-2005 йилларда бу мамлакатда бўлиб, илмий тадқиқотлар ўтказган. Уни янги сув ҳавзасини тўлдириш учун Амударё сувининиг олиниши ортидан Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида муҳтамал чиқажак можаролар масаласи қизиқтирган. Ўзбекистонлик экспертларга кўра, Амударёдан қонунга хилоф тарзда сув олиниши унинг тақчиллигини кучайтиради ҳамда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда экологик вазиятни бундан ҳам ёмонлаштиради. Расмий Ўзбекистон ҳозирча бу масала борасида ўз позициясини баён этмаган. Шу билан бирга, кўлни барпо этиш бўйича лойиҳанинг биринчи навбати шу йилнинг июль ойида ишга киритилди.

«Science» журналида чоп этилаётган мақолаларнинг қандай амалий фойдаси бор деган саволга Ричард Стоун Туркманистон кўли қурилишининг танқиди ҳеч нарсага олиб келгани йўқ, боз устига, Туркманистон ушбу лойиҳани амалга ошириш учун икки баробар кўпроқ куч ва ғайрат билан ишга кириша бошлади, деб жавоб берди. Бошқа тарафдан, нашр саҳифаларида Тожикистон шимолидаги уран қолдиқлари сақланадиган омборлар муаммосининг кўтариб чиқилиши журналистга кўра, ушбу мамлакат ҳукуматини радиоактив чиқиндиларни сақлаш муаммосига жиддийроқ ёндашишга ундади.


«Science» ҳафталик журналининг илмий муҳаррири Ричард Стоун. «Фарғона.Ру» АА фотосурати

Тожикистонга бўлажак сафари давомида Стоун расмий шахслар билан учрашувни, Помирдаги Сарез кўли аҳволини тадқиқ этишда тожикистонлик олимлар билан ҳамкорлик қилишни ҳамда ҳамкасблари билан ушбу сув ҳавзасига бағишланган ва яқинда бўлиб ўтган конференция натижаларини муҳокама этиб олишни режалаган. Эслатиб ўтамиз, бу кўл 1911 йилда содир бўлган зилзила натижасида пайдо бўлган. Улкан кўчки Мурғоб дарёсини тўсиб қўйган. Айни пайтда кўлнинг сатҳи кўтарилиб бормоқда ва унда 18 миллиард куб метр сув бор. Хавфли ҳудудда олти миллионга яқин аҳоли яшайди. Олимларга кўра, агар тўғон қўпорилса, жуда кўп одамлар ҳалок бўладилар, энг кўп қурбонлар Афғонистон ва Тожикистон ҳудудида бўлади. Шу билан бирга, бу фалокатдан энг катта иқисодий зарарни Ўзбекистон ва Туркманистон бошидан кечиради. Марказий Осиё давлатлари бундай улкан фалокатнинг оқибатларини тугатиш учун бир неча ўнлаб йиллар сарфлашлари керак бўлади.

Ўзининг сафари давомида «Science» муҳаррири сиёсий босим воситаси сифатида қўллашга уринилаётган трансчегаравий дарёлар муаммосини ҳам муҳокама қилиб, бу ҳақда нафақат сиёсатчи ва олимларнинг, балки, Тожикистоннинг кенг жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиб олмоқчи.


«Science» ҳафталик журналининг илмий муҳаррири Ричард Стоун. «Фарғона.Ру» АА фотосурати

Америкалик таҳлилчи ушбу мураккаб муаммолар муҳокама этилаётган пайтда минтақадаги ҳар бир мамлакат ўз фойдасига дастак келтиришга уринишини таъкидлаб ўтди. Албатта Тожикистон ўзининг сув-энергетика ресурсларини ривожлантира туриб бундан кейин ҳам янги гидроэнергетик иншоотларни қураверади. Р.Стоун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мажлислардан бирида сўзга чиқа туриб “Ўзбекистонни тиз чўктираман” дея билдирганини эслатди.

Жаноб Стоун ўзбекистонлик журналистлар билан Эрон ва Шимолий Корея сингари борилиши қийин бўлган мамлакатларда ядровий қуролни ёйинламаслик ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини ёритувчи материалларни тайёрлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Айни пайтда Ричард Стоун Пекинда истиқомат қилмоқда ва ўзининг асосий машғулотидан ташқари, «National Geographic», «Discover» ва «Smithsonian» каби журналлар учун мақолалар ёзиб келаяпти. У «Мамонт: Муз даври гигантининг қайта тирилиши» китобининг муаллифи.