13:45 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Уйлари бузилганлар инсоний муносабатга умид қилмоқдалар

24.10.2009 09:41 msk

Ўз ахб.

Тошкентдаги эски уйлардан бирининг фотосурати. Ўзбекистон пойтахтининг бошқа фотосуратлари – “Фарғона.Ру” галереясида

Шу кунларда бир вақтнинг ўзида Тошкентнинг турли даҳаларида кўп қаватли бинолар қурилишига жой бўшатиш учун хусусий уйлар бузилмоқда. Шу билан бирга, уй эгаларини вақтида огоҳлантирмаслик, бузилган бинолар учун арзимаган пул тўлаш ёки арзон турар-жой таклиф қилиш одатий ҳолга айланди. “Фарғона.Ру” ўз мақолаларида бу мавзуни бир неча бор кўтариб келган. Бугун ўқувчиларимиз эътиборига навбатдаги уй бузилиш ва уларнинг эгаларини кўчириш жараёнини қандай кечаётганини тасвирлаб бермоқчимиз. Бизга бу ҳақда тошкентлик адвокат ва бузилажак хусусий уйларнинг эгалари сўзлаб бердилар.

Мустақил Ўзбекистонда турар-жой қурилишига қизиқиш 2000 йиллар бошида авж ола бошлаган. Аҳолининг баъзи қатламларининг даромади ўсиши қабатида кўчмас мулк нархи ҳам кескин кўтарилиб кетди. Бироқ, расмийларнинг ҳар қанча уқтиришларига қарамай, жаҳон молиявий кризиси Ўзбекистонни четлаб ўтгани йўқ: ўтган йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон турар-жой бозорида нархлар 30 фоизга тушиб кетди.

Адвокат кўзи билан қараганда

Фуқаролик ишларида ихтисослашган адвокат “Фарғона.Ру” мухбирига номини ошкор этмаслик шарти билан уйлар бузилиши қандай амалга оширилаётгани, бу ҳолларда қайси қонунлар бузилаётгани ва охир-оқибат одамлар қандай моддий зарар кўраётганлари ҳақида сўзлаб берди.

“Шу чоққача Олой бозори даҳасидаги “Юлдуз” конфет фабрикасига яқин ерда жойлашган маҳалла деярли бузилиб бўлди. Расмийлар уйлар бузилиши тўғрисида маҳалла аҳолисини 2008 йилнинг июль ойида огоҳлантирдилар. Ҳолбуки, бу ҳақда қарор Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 2007 йил ноябрь ойида қабул қилинганди. Қабул қилинган қарор устидан қонун бўйича судга шикоят қилишга ажратилган муддат аллақачон ниҳоясига етган. Ҳудди шундай вазият Ҳамид Олимжон метроси даҳасида, Баровский номидаги медицина колледжи ёнида, яъни, шаҳар марказидаги хусусий уйлар бузилаётан пайтда ҳам кузатилган эди.

Ўзбекистон пойтахтидаги турар-жой қурилишини “молиявий монстрлар” дея аталувчи хусусий қурилиш ташкилотлари амалга оширмоқдалар. Уйларни бузиш тўғрисидаги қарор шаҳар ривожланиши режасига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинади. Қонунга кўра, қарор шаҳар кенгашида, яъни депутатлар томонидан тасдиқланиши керак. Аммо уйларни бузиш тўғрисидаги қарор амалда ҳоким томонидан мустақил равишда, на депутатлар ва на уй эгалари билан маслаҳатлашилмай қабул қилинади.

Уже сносят
Тошкент.Бу уйларни бузишга бошладилар. “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” фотосурати

Оддий фуқаронинг бошига бундай кунлар ҳар куни ҳам тушавермайди. Шунинг учун уларда бундай масалани ҳал қилиш тажрибаси йўқ. Огоҳлантириш қўлга теккан пайтда расмийларнинг қарори устидан судга шикоят аризаси бериш муддати ўтиб кетганини билган пайтда кўпчилик одамларнинг торвузи қўлтиғидан тушиб кетади. Улар ҳокимият бизга одамгарчилик қилиб, инсоний муносабатда бўлармикан дея умид қиладилар.

Аммо кўп ҳолларда қурилиш ташкилотларининг бузилаётган уй эгаларини кўчириш масаласини тўғри ҳал қила оладиган малакали мутахассислари йўқ бўлади. Ва энг асосийси, улар уйи бузилаётган одамлардан қаерда яшашни исташлари тўғрисида сўрамайдилар. Ҳолбуки, қонунга кўра, қурувчи ташкилотлар бузилаётган уйлар эвазига одамларга қаердан уй тақдим этиш лозимлиги ҳақида маълумот олишлари лозим. Тошкентликларнинг аксарияти ўз квартилараларини аллақачон хусусийлаштириб бўлганлар ва анчадан бери хусусий мулк эгалари саналадилар.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин “Мулк тўғрисида”ги қонун биринчилар қаторида қабул қилинган. Бугунги кунда мазкур қонуннинг бузилиши давлатнинг реал ҳуқуқий маданиятини акс этмоқда. Бугунги кунда катта-катта ер участкалари турар-жой эгаларини тўғри жойлаштириш тўғрисида ҳатто тассавурга ҳам эга бўлмаган компанияларга сотиб юборилиши, уй жойларидан айрилаётган одамларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, агар катта уйда битта одам яшаб келган бўлса, унга фақат бир хонали квартара берилаяпти. Қонунга амал қилинадиган бўлса, агар бузилаётган уй эвазига тақдим этилаётган турар-жой арзонроқ бўлса, унда қўшимча товон пули тўланиши лозим. Амалда эса бу нарса ҳеч қачон кузатилмаган.

Уй ва квартиралар Маиший техник инспекцияси (МТИ) томонидан долзарблиги йўқолганига анча бўлган меъёрлар бўйича баҳоланмоқда ва оқибатда ҳар бир оила бор-йўғи 20-30 миллион сўмдан ($11-16 минг) товон пули олмоқда. Бу пулга Тошкентда арзирли турар-жой сотиб олиб бўлмайди. Бузилаётган уйлар хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан бозор нархларидан бир неча баробар кам бўлган нархда баҳоланмода. Яна бозор иқтисодиёти ҳукм сураяпти деган фикрлар ҳам бор...

Ушбу қонуният давлат томонидан қурилиш ишлари амалга оширилаётган пайтда ҳам кузатилмоқда. Шаҳар инфратузилмаси учун зарур бўлган йўл, тунель ва кўприклар қурилишида хусусий уйларни бузиш керак бўлади. Бундай ҳолларда давлат ташкилоти кўчмас мулк эгалари учун турар-жой биржаларидаги энг арзон квартираларни олиб бермоқда. Бундай ҳолатлар генерал Петров кўчасида кенгайтириш ишлари олиб борилганида кузатилган эди. Бозор нархи 200 минг доллар бўлган уйлар эвазига 50 минг долларлик уйлар берилган, боз устига , шаҳар четида.

Баъзи уй эгалари юристларга ҳам мурожаат этиб кўрдилар, аммо адвокатларнинг аксарияти бундай вазиятларга илк бор дуч келганлари важидан мижозларга малакали ёрдам кўрсата олганлари йўқ.

Уйи бузилаётган одамларни жойлаштириш муаммосига тўғри ёндашиш учун бир пайтнинг ўзида ер, турар-жой ва фуқаролик қонунчилигига мурожаат этиш лозим. Мисол учун, ер қонунчилиги уй эгаларига нафақат турар-жой учун келтирилган зарарни, балки боз устига, уларнинг уйлари бузилмаган ҳолда ололмай қолган даромадларини ҳам қоплашни кўзда тутади.

Амалда эса қурилиш фирмаларининг вакиллари келадида “Ҳоким қарори билан уйингиз бузиладиган бўлди. Бу ердан туёғингизни шиқиллатиб қолинг” дейишади. Ҳоким қабул қилган қарор олти ойдан сўнг кучга киради, шу вақт ичида одамлар кўчишга тайёрланишлари лозим. Амалда эса одамларни уйларида суриб чиқарадилар, уларни электр энергияси, газ, сув таъминотидан узиб қўядилар. Агар уй эгаси шунга ҳам қарамай уйини тарк этмаса, уларни суд тартибида кўчирадилар. Бульдозерлар ҳам шай туради!

Афсуски, одамларнинг судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб олишларига имкониятлари йўқ: рақибингиз ҳокимият бўлганида, судья унинг кўнглини олишга уринади. Ахир судларни юқоридан тайинлайдилар, уларни халқ сайламайди. Шунинг учун, огоҳлантириш олган пайтдан бошлаб уй эгалари судга шикоят билан мурожаат этиш имкониятга эга бўлсалар-да, кўпчилик “молиявий монстр”лар билан судлашишни истамайдилар. Шунинг учун ҳам “Юлдуз” фабрикаси ёнидаги уйларнинг бир қисми муваффақият ила бузилиб бўлди.

Маҳалланинг қолган қисми тез орада бузилади, одамлар кўчирилади ва улар берилган уйлардан қониқадилар, қурувчи компания бўлса улкан миқдордаги пул маблағини тежаб қолади”.

Ҳуқуқ ҳимоячилари уйлар бузилишидан жабрланганларнинг ёнини олишга бошладилар

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг фаоллари 2009 йил август-сентябрь ойларида Тошкент марказидаги турар-жой даҳаси – Яккасарой тумани Баҳодир кўчасининг уйлари бузилаётан аҳолиси ўртасида мониторинг ўтказдилар. Ушбу даҳадаги хусусий ва кўп қаватли уйларни бузиш ва уларнинг ўрнида “HE Development Korea” МЧЖ тижорат компанияси томонидан кўнглиҳушлик мажмуасини қуриш тўғрисидаги буйруқни Тошкент шаҳар ҳокими 2007 йил май ойида имзолаган.

Ўн сотихга тенг ҳовлиси ва икки қаватли етмиш квадрат метрли уйнинг эгаси бўлган пенсионер ҳуқуқ ҳимоячиларига қуйидагиларни айтди:

- Уйда жами ўн беш киши – тўртта оила яшайди. Биз бу уйни 300 минг долларга сотишимиз мумкин эди. Қурилиш компанияси штаби бизга 70 минг долларлик товон пули таклиф этмоқда. Ўшанда ҳам миллий валютада ва Марказий банк курси бўйича (“қора бозор”да бир доллар 1920 сўм, расмий курс бўйича 1501 сўм). Бундай пулга мен уй сотиб ололмайман, бунақа пулга уйини сотадиган аҳмоқлар йўқ. Энг асосийси, мен бундай пулга шу даҳада уй сотиб ололмайман. Уйимни ўз қўлим билан, пишган ғиштдан қурганман, топган пулимни сарфлаганман шу уйга! Уйим яна юз йил туриши мумкин. Бу ерда томорқам бор, чорва боқаман...

Ҳуқуқ ҳимоячилари пенсионердан, “нега у ўз мулкингизни расмий равишда баҳолатиб олмаяпсиз?” деб сўрагандилар, бу нарсанинг хизмат ҳақи учун тўлайдиган пули йўқлигини айтди.

- Турар-жой биносини баҳолаш учун 500 минг ($333) тўлаш керак, бу мен учун қимматлик қилади. Мен пенсионер бўлсам, 160 минг ($106,5) оламан. Уй қийматини белгилаш учун мен тўрт емай-ичмаслигим лозим, - дея тушунтирди Альянс суҳбатдоши. – Биласизми, уйларимиз устидан юқори кучланишли электр тармоқлари ўтган ва санитария меъёрларига кўра бу ерда кўп қаватли уйларни қуриш мумкин эмас. Қурилиш штабининг хулқига қараб ҳайрон бўлаяпман: биз билан келишиб олиш ўрнига, қандайдир плакат билан қўрқитишаяпти.

Плакат рядом со сносимыми домами
Тошкент. Бузилаётган уйлар ёнидаги плакат. “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” фотосурати

Унга қўшни бўлган пенсионер аёлнинг 59 квадрат метрли уч хонали квартираси кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган, уй олдида кичик боғчаси, гараж ва омборхонаси бор

- Ўзимга қарашли кўчмас мулкни 50 минг долларга баҳоладим. Штаб эса менга 42 миллион сўм ($28 минг) таклиф қилаяпти. Юзага келган асабий ҳолатдан шу йилнинг ўзида тўрт киши вафот этди, ўзимда ҳам қон босими кўтариладиган бўлди, - дея ҳасрат қилади аёл. –Квартирамни сотиб Россияга, ногирон қизимни олдига кетишим керак. Россияда сўм ҳеч кимга кераги йўқ, валюта шохобчасидан олиш имконияти бўлганида ҳам, бир чорак давомида 5000 минг олишга рухсат бор, холос. Қолган сўмларимни долларга алмаштириш учун бир неча йил навбатда туришим керак эканда? Бошбошдоқликлардан ғазабланаяпмиз, ўз мулкимизни ўз билганимизча тасарруф қила олмаганимиздан бошимиз берк кўчага кириб қолди. Боз устига, штаб ўзининг ноқонуний плакатлари билан таҳдид қилмоқда.

- Менинг хонадоним 76 квадрат метр, унда саккиз киши пропискадан ўтган, - дейди №24 уйнинг иккита квартирасида ўз оиласи билан яшайдиан пенсионер. – Бизга Марказий банк курси бўйича 46 минг доллар таклиф этдилар. Асабийлашганимдан баданимга яра тошиб кетди. Руҳий изтироблардан яра тошгани тўғрисида дўхтирни справкаси ҳам бор. 99 ёшга кирган қайнонам ётибди уйимда... Икки йил илгари бир амаллаб уйимни капитал таъмирдан чиқардим, эртаси куни штабдан келиб уй бузилади деб кетишди. Бу янгиликни эшитиб ўлиб қолишимга озгина қолди!

Унинг улфати, 1943 йилда туғилган пенсионер ҳовлиси 8,2 сотих бўлган катта уйда (191 квадрат метр) яшайди.

- 7 август куни уйимга штаб бошлиғи, маҳалла маслаҳатчиси ва ҳокият қошидаги кадастр хизматининг ходими келдилар.

Мен касал бўлишимга қарамай (қанд диабети, кўзда операция) қирқ минут давомида асабимга тегишди. Мен бузғунчи эканман, ҳамма жойга ёзавериб одамларни ишдан қўяётган эканман. Ҳали бульдозер келмай туриб ваҳима уруғини сочаётган эмишман. Ерни нима қиласиз, ўлсангиз ҳаммаси қолиб кетадику, дейишади. Хотиним билан мени юрагим ушлаб қолди, уларни қувиб солдим. Меҳмонлар кетганидан кейин яна укол қилишди бизга...

Уйнинг қийматини белгилаш учун пенсионер қариндошларидан 500 минг сўм ($333) қарз олди.

- Эр-хотин оладиган пенсиямиз 180 минг сўмга ($120) тенг. Уйимни 197,7 миллион сўмга ($129 минг) баҳоладилар. Бундан ташқари, коэффициент белгилашга ҳақим бор. Жами қўшимчалари билан уйимнинг нархи 220 минг долларга етади, - дейди Альянс суҳбатдоши. – Штаб уйнинг қийматини кўриб мени комиссияга пора берганликда айблай бошлади ва саккизинчи қаватда бир хонали квартира берамиз дейишди. Қариларга ҳеч қандай ҳурмат йўқ. Саккизинчи қаватга қандай қилиб кўтариламиз? Уларнинг осиб қўйган таҳдидли плакати бизни қўрқита олмайди. Буни ёзган киши уни қонун билан асослашни унутибди. Ҳамма идораларга шикоят ёзганман, аризаларимни битта бутун китоб қилиб чиқарса бўлади. Давлат идораларидан – ҳокимият ва прокуратурадан ёрдам кутмаяпмиз, штабга ишонмаймиз, фақат ўзимизга ва сизларга, ҳуқуқ ҳимоячиларига умид қиламиз.

Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси муаммони ҳукумат ва халқаро даражага кўтариб чиқишга ва фуқароларнинг манфаатларини судда ҳимоя қилишга қарор қилди. Сўнгги икки йил ичида ушбу даҳадан ўнга яқин оила кўчириб юборилди. Аммо яқинда, ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашуви туфайли ҳокимият ва қурувчи компаниянинг бош директори бузиладиган уйларнинг эгалари билан алоқага чиқдилар. Бугунги кунда бу иш президент девонхонаси, Олий Мажлис, Вазирлар маҳкамаси ва Ўзбекистон Бош прокуратурасининг назорати остида. Бу нарса уй эгаларига ёрдам берадими ёки йўқми – вақт кўрсатади.