06:26 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Милиция аллақачон Канадага кўчиб кетган диссидентни изламоқда

19.10.2009 16:07 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонлик диссидент Насрулло Сайидов (Насрулло Сайид) анчадан бери Канадада яшаётганига қарамай, унинг фамилияси шу чоққача милиция қидирувидаги диний экстремистлар рўйхатида қолмоқда. “Фарғона.Ру” агентлигининг Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг маълум қилишича, Н.Сайидовга қарши бир неча йил аввал қўзғатилган жиноят иши шу чоққача ёпилмаган. Бунга Бухорода ва хусусан, аэропортда, маҳаллий ОВИРда, вилоят ички ишлар бошқармасида осиб қўйилган муҳтамал жиноятчиларнинг қидируви бўйича эълонлар гувоҳлик бермоқда.


Йирик планда – Насрулло Сайид

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида туғилган Насрулло Сайид мухолифатдаги “Эрк” партиясининг аъзоси бўлган ва Ўзбекистонни тарк этгунига қадар унинг вилоят бўлимини бошқариб келган. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларида аввалига иқтисодий жиноятларда, кейин бўлса Дадахон Ҳасановнинг қўзғолонга чорловчи қўшиқларини ёйинлашда айбланган. У 2005 йил ноябрь ойида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган, икки йил Қирғизистонда яшаган ва 2007 йилда Канадага кўчиб кетган.

“Фарғона.Ру” Насрулло Сайид билан боғланиб вазиятни шарҳлаб беришни сўради. Сиёсий муҳожирнинг айтишича, расмийлар Дадахон Ҳасановнинг кассеталарини ёйинлагани учун уни ҳибсга олмоқчи бўлаётганларини билиб қолганидан кейин Ўзбекистонни 2005 йил 18 ноябрь куни тарк этган.

- 2005 йил 11 ноябрь куни шу иш бўйича ғиждувонлик Жамол Қутлиев ва Ҳазрат Аҳмедов ҳибсга олиндилар. Менга қарши иқрорлик кўрсатмалари олиш учун уларни қийноққа солдилар. Негаки, мен ўша пайтда “Эрк” партиясининг вилоят бўлимини бошқариб келгандим. Андижон фожеасидан кейин мамлакатда юзага келган аҳволдан фойдаланиб расмийлар мухолифатнинг вилоятдаги етакчисини жазога тортмоқчи бўлганлар. Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси ўтказган биринчи сўроқдаёқ менга қарши жиноят иши сохталаштирилиши режаланаётганини англадим, - дея эслайди Сайид. – Яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат ёзиб бериб, мен распубликани тарк этдим. Бухоро вилоят суди Жамол Қутлиевни етти йилга, Ҳазрат Аҳмедовни тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди. Буларнинг ҳаммаси Дадахон Ҳасановнинг қўшиқларини тинглагани учун содир бўлди.

Насрулло Сайид ватанига қайтишни қаттиқ орзу қилади. 2006 йил 28 декабрь куни ҳали Бишкекда яшаб турганида у Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров номига мурожаатнома юбориб, ўзини таъқиб этишларини бас қилишни ва ватанига қайтишга рухсат беришни сўраган. Аммо бу мурожаатнома Миллий хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бошқармасига юборилган. Шундан кейин Насрулло Сайидга қарши гиж-гижлов кампанияси бошланган: маҳаллий телевидениеда Насрулло Сайидов терроризмда айбланаётгани ва айни пайтда қидирувда эканлиги ҳақида хабар берувчи кўрсатувлар намойиш этилган. Сиёсий муҳожирнинг оиласига бир неча милиционерлар бириктириб қўйилган, улар мунтазам равишда Сайиднинг уйига келиб қочоқнинг қаердалиги ва нималар билан шуғулланаётгани ҳақида тушунтириш хатлари ёзишга мажбур қила бошлаганлар.

- Йигирма йил давомида мен расмийлардан фарқли бўлган ўзимнинг мустақил фикрга эга эканлигим ҳақида ёзаяпман, гапириб келаяпман. Аммо мен ҳеч қачон қандайдир масалаларни куч ёрдамида ҳал қилиш тарафдори бўлмаганман. Менда Ўзбекистон ҳукумати учун бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган таклифларим бор, шу холос, - дейди Н.Сайидов. – 2009 йил сентябрь ойида мен бош прокурорга ва Ўзбекистон Сенатига яна мурожаат қилиб мени таъқиб этишларини тўхтатишни ҳамда Ватанимга қайтишимга рухсат беришларини сўрадим. Аммо ҳозирча жавоб олмадим.

Эслатиб ўтамиз, қидирувдаги одамларнинг фотосуратлари Тошкентда ҳам осиб қўйилган. Қидирувда жами 23 кишининг фотосуратлари кўрсатилган. Уларни диний экстремизм билан боғлиқ ўта оғир жиноятларда айблашмоқда. Пойтахтнинг деярли барча бозорлари, баъзи йирик турар-жой даҳаларидаги кўп қаватли уйларнинг подъездларига бундай варақалар осиб қўйилган.