18:25 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Талабалар пахта далаларига ўзларининг ўринларига мардикорларни юбораяптилар

17.10.2009 15:07 msk

Максим Исаев

Самарқанд вилоятида талабалар ўзларининг ўринларига пахтага мардикорларни юбораётганлари ҳолатлари қайд этила бошланди.

Ихтиёрий-мажбурий мажбуриятдан бўйин товлашнинг схемаси қуйидагича. Талаба мардикорга ўзининг ўрнига пахтага боришни ва пахта териш бўйича белгиланган меъёрни бажаришни таклиф этади. Бунинг учун у мардикорга кунига 10-12 минг сўм (5-7 доллар) тўлайди.

Ҳозирча талабалар ва мардикорлар ўртасида тузилаётган бу каби келишувлар бир марталик характера эга. Мисол учун, Самарқанддаги олий таълим муассасаси талабалардан бирининг қариндоши тўй қилаётан экан. Мардикор билан мазкур схема бўйича битим тузган талаба уйига қайтиб тўйга тайёргарчилик қилиш ишларида қарашиб юрди. Шу вақтнинг ўзида – текширувчилар учун у далада пахта тераётган ҳисобида юрган бўлади.

Бошқа “пахтакор талаба” ҳам ҳудди шу усулни қўллаб бир ҳафта давомида қишлоғига қайтиб ота-онасига томорқа ишларда қарашиб юрган.

Мардикор ёллаш амалиёти олий таълим муассасалари ва коллеж талабалари учун пахтадан бўйин товлашнинг нисбатан янги услуби бўлиб қолди. Одатда талабалар шу чоққача пахтадан озод этувчи медицина справкаларини олишга интилиб келишган эди. Аммо бу йил талабаларнинг ўзлари тан олишича, бундай “бронь” олиш анча машаққатли бўлиб қолди. Айтишларига қараганда, тегишли идоралар бундай справкалар сотишни йўлга қўйган медикларни қатъий сиқув остига олганга ўхшайдилар. Аммо бу дегани, сохта справкалар мозийда қолиб кетганини англатмайди. Тиришқоқроқ талабалар қийинчиликлар билан бўлса ҳам справка олишга эришдилар. Масала моҳияти 200-300 долларга тенг. Қайд этиш жоизки, ўтган йили справканинг нархи арзонроқ, бор-йўғи 100 доллар эди.

Самарқандлик талабаларнинг баъзилари, айниқса пуллик шартнома асосида ўқийдиганлар “нега энди ўқиш ўрнига пахта теришимиз керак?” деган саволни ўзларига тез-тез берадиган бўлдилар. Ахир улар меҳнатда жасорат кўрсатиш учун эмас, балки олий маълумот олиш имконияти учун катта пул тўлаганлар.

- Бюджет ҳисобидан ўқийдиган талабаларни пахтага юбораётганларини қандайдир қилиб тушунса бўлади. Улар бир томондан давлатдан қарздорлар. Аммо биз ўз пулимизга ўқияпмизку, ҳеч кимдан қарзимиз йўқ, - дея фикр юритади талабалардан бири.

- Бу ҳақда деканга ёки ректорга айтсанг бўлмайдими? – дея қизиқаман.

- Кўнгилсизликлар бошланади, - дея хўрсинади суҳбатдошим. – Баҳона топиб ўқишдан ҳайдашлари мумкин, шунча пул сарфлаб қўйгандан кейин, чидаганим яхши.

Пул ёрдамида пахта далаларини мажбурий зиёрат қолишдан нафақат институт ва коллеж талабалари, балки бутун-бутун меҳнат жамоалари қутилмоқдалар. Шаҳардаги корхоналардан бирининг ходимлари “N” миқдоридаги пулни йиғиб қандайдир “X” дея аталувчи жанобга берганлари маълум. Ўшандан бери бу муассаса учун пахтага бориш тўғрисидаги масала муаммо бўлмай қолди.

Бу йил об-ҳавонинг ноқулай келгани важидан Самарқанд вилояти пахта теримига одатдагидан кўра кечроқ киришди. Ўтган йилга нисбатан йигирма кун кеч. Энди ҳосил тақдири об-ҳавога қараб қолди. Синоптикларнинг “башорат” қилишига кўра, келгуси ҳафтадан ёғингарчилик бошланар эмиш. Унда нафақат терим суратлари, балки терилаётган пахта хом ашёсининг сифати ҳам тушиб кетади. Бозор нархи ҳам тушиши турган гап. Шунинг учун ҳам шаҳардан далаларга сафарбар этилажак десантнинг сони кўпаяди.

Максим Исаев