19:51 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда пахта ярмаркаси очилган куни Ўзбекистоннинг АҚШ элчихонаси олдида пикет бўлиб ўтди

16.10.2009 10:00 msk

Мусoфирбек Озод

Фотосуратлар “Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари учун халқаро форум” ташкилоти томонидан тақдим этилган

2009 йил 14 октябрь куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида ушбу Ўрта Осиё мамлакатидаги пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши пикет бўлиб ўтди.

Участники пикета с транспарантами
Пикет иштирокчилари транспарант кўтариб турибдилар

“Фарғона.Ру” олдин хабар берганидек, Америка ўқитувчилари федерацияси (American Federation of Teachers), “Болалар меҳнатига қарши коалиция” (Stopchildlabor.org), “Ишчилар бирлашмаси”, “Меҳнаткашлар ҳуқуқлари учун халқаро форум” (Laborrights.org), “Not for Sale Campaign” (Notforsalecampaign.org/) ва “SEIU” (SEIU.org) ташкилотлари акция ташкилотчиси сифатида чиқдилар.

Эллик кишига яқин тўпланган пикет Ўзбекистонда очилган V Халқаро ўзбек пахта ярмаркаси билан бир кунда бошланди.

Ташкилотчилар намойиш бошланишидан анча аввал Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини “болалар ва ўсмирлар меҳнатидан пахта секторида фойдаланишни зудлик билан тўхтатиш; Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига ҳамда бошқа халқаро шартномаларга мувофиқ мажбуриятларни зудлик билан бажариш; ҳосил йиғим-терими пайтида Халқаро меҳнат ташкилотининг юқори мартабали миссиясини таклиф этиш; мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига 2009 йилда пахта теримида бўлаётган воқеаларни кўриш учун йўлни тўсмаслик; шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб этишни бас қилиш”га чақирувчи петицияни ёйинлаган эдилар.

Участники пикета на фоне лоскутного одеяла
Пикет иштирокчилари пахта тўшаги қабатида

Петиция Интернет тармоғида кенг ёйинланди: пикет ташкилотчиларининг сайтидан ташқари Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларда ҳам гуруҳлар барпо этилди.

Акция ташкилотчиларининг фаоллиги ортидан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат остида бир неча минг АҚШ фуқаролари ҳамда АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар ва чет элликлар имзо чекдилар. Уларнинг орасида Ўзбекистондаги вазият билан яқиндан таниш бўлган одамлар ҳам бор.

Пикет пайтида пахтадан тайёрланган тўшакни осиб қўйдилар. Унга пахта тераётган ўзбекистонлик болаларнинг фотосуратлари ҳамда петицияга қўшилган фуқароларнинг рўйхати ёпиштирилган.

Участники пикета
Пикет иштирокчилари

“Икки миллиондан ошиқ талабалар [шу жумладан, мактаб ўқувчилари ] учун “ўқув жараёнига қайтиш” аслида “[пахта] далаларига қайтишни” англатади. Негаки, улар ва уларнинг ўқитувчилари мамлакат пахта далаларида узоқ вақт чўзиладиган оғир ва хавфли меҳнатга [киришиш] мақсадида мактабни тарк этишга мажбур қилинмоқдалар. Ҳукумат ва [пахта] хўжайинлари даромад ҳузурини кўраётган бир пайтда, болалар далаларда ёвғон шўрва учун меҳнат қилиб, қимматбаҳо ўқув вақтларини йўқотмоқдалар”, - дея билдирди Америка ўқитувчилари федерациясининг президенти Ранди Вьенгартен.

Тўпланганлар олдида, шунингдек, Америка меҳнат федерацияси ва Индустриал ташкилотлар конгресси (AFLCIO.org), Жорж Вашингтон Университети қошидаги Адолатли савдо учун бирлашган талабалар ташкилоти, Меҳнаткашлар ҳуқуқи учун халқаро форуми, Бирлашган методист евангелистлар черкови, АҚШ Истеъмолчилари миллий лигаси ва кўплаб бошқа ташкилотларнинг вакиллари сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ҳукуматини ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирдилар ҳамда бир ой илгари АҚШ Меҳнат вазирлиги (United States Department of Labor) Ўзбекистонда етиштирилган ва мажбурий болалар меҳнатидан фойланиб терилган пахтани “қора рўйхат”га тиркаб қўйганини эслатдилар. Ўшанда вазирлик Ўзбекистон Республикасида пахта билан боғлиқ вазиятни “балоғатга етмаган болаларнинг меҳнатидан “калтак остида” фойдаланиш” каби баҳолаган эди.

“Ўзбекистоннинг келажаги пахта етиштиришнинг ўсишида эмас, болалар ақлининг ўсишида, мажбурлаб ишлатганда эса ақл кўпайиб қолмайди. Талаба ва ёшлар вакили сифатида мен ҳукуматда бу каби таҳқирловчи сиёатни тўхтатишни талаб қилаётган Ўзбекистондаги ёшлар билан бирдамлигимни изҳор этаман”, - деди Жорж Вашингтон Университети қошидаги Адолатли савдо учун бирлашган талабалар ташкилотининг вакили Аманда Формика. (Афсуски, Аманда Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким болаларни пахтага чиқаришга қарши ошкора норозилик билдирмаётгани ҳақида хабари йўқ. Болалар, талабалар ва уларнинг ота-оналари итоаткорона, расмийларнинг иродасини бажариб келмоқдалар. – таҳририят изоҳи.) .

Ўзбекистон пахтасининг бойкотига қўшилган ташкилотлар сифатида жаҳонда таниқли бренд ва улгуржи савдогарларнинг номлари келтирилди: Walmart, Target, Levi Strauss, GAP, Limited Brands, Disney ва Nike.

Пикетда диний ташкилотларнинг иштироки борасида тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин, яъни, уларнинг бу нарса билан нима иши бор, деган мазмунда. Бироқ Бирлашган методист евангелистлар черковининг бош котиби Жеймс Уинклер ўзининг пикетдаги иштирокини умуминсоний характердаги сўзлар билан изоҳлаб берди.

“Ўзбекистон ҳукумати томонидан мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш ахлоққа зид ва зудлик билан тўхтатилиши лозим. АҚШдаги барча динлар вакиллари ўзлари сотиб олаётган кийимлар иш жойида ахлоқ шароитларига эга бўлган ишчилар томонидан тайёрланган бўлишига ишонч ҳосил қилишни истайдилар. Биз Ўзбекистон пахта далаларидаги таҳқирликларни тўхтатишга чақирувчи овозларга қўшиламиз”, - дея билдирди у.

Пикет ташкилотчиларига кўра, намойиш давомида уларнинг олдига элчихона ходимларидан ҳеч ким чиққани йўқ. Шунингдек, пикетни ўтказишга ҳеч ким халақит бермади.

Пикет ниҳоясида ташкилотчилар Ўзбекистон элчихонасига эътиборсиз бўлмаган фуқароларнинг петициясини топширдилар.

Мусофирбек Озод