22:34 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Виждон тутқунлари қўмитасининг раиси ЕХҲТ мажлисида ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб этилиши тўғрисида сўзлаб берди

08.10.2009 14:57 msk

Фарғона.Ру

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсоний ўлчамлар бўйича Варшавада 29 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раиси Баҳодир Номозовнинг ҳисоботи тингланди. У Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этилиши ҳақида сўзлаб берди. Бундан ташқари, у ЕХҲТ вакилларига ва журналистларга виждон тутқунларининг янгиланган рўйхатини тақдим этди (рус тилидаги матнни бу ерда ўқинг).

Б.Номозовнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоя ҳаракати республика мустақиллигининг биринчи йилларидан бошлаб фаолият кўрсатиб келмоқда. Лекин ҳуқуқ ҳимоя ҳаракатининг иштирокчилари Ўзбекистон ҳуқуқ-тртибот идоралари томонидан мунтазам равишда қатъий босим ва иғвогарликларга дуч келиб юрадилар.

“Норозилик акциялари давомида ҳуқуқ ҳимоячилари калтакланади. Уларни қонунга хилоф тарзда ҳибсга оладилар ва милиция бўлимларида ушлаб ўтирадилар, уй қамоғига ўтқазадилар, уларнинг ҳаракат қилишларига тўсқинлик қиладилар, уларга қарши ёлланма иғвогарларни гиж-гижлайдилар. Уларга чиқиш визаларини бермай қийнайдилар”, - дея билдирди Б.Номозов.

Унга кўра, кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилар иқтисодий характерга эга сохталаштирилган жиноят ишлари бўйича узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганлар. Аммо жазони ўташ жойларида уларга сиёсий маҳбус сифатида муомала қиладилар, жазони ўташ муассасаларининг ходимлари уларга шавқатсиз муносабатда бўладилар. Айни пайтда Ўзбекистонда 35 га яқин ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат партияларининг аъзолари панжара ортига ташланган. Уларнинг орасида – Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов, Норбой Холжигитов, Ҳабиулло Оқпўлатов, Насим Исоқов, Абдурасул Худойназаров, ҳуқуқ ҳимоячи шоир Юсуф Жумаева ва унинг ўғиллари Машраб ва Бобур Жумаевлар бор.

Жамшид Каримовни зўрлик билан 2006 йилда руҳий касалликлар клиникасига ётқиздилар, у билан шу чоққача ҳеч қандай алоқа йўқ. Таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Аъзам Турғунов ва мустақил журналист-ҳуқуқ ҳимоячи Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда ҳибсга олиниб узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Б.Номозов Ўзбекистонда ҳар йили Мустақиллик байрами ёки Конституция куни арафасида эълон қилинажак амнистия институти қандай қиллиб қўлланиши ҳақида сўзлаб берди. Катта ўғрилар ёки коррупциячилардан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ ҳимоячилари амнистия тегадиганлар рўйхатига деярли тушмайдилар. Жазони ўташ муассасаларининг ходимлари ҳуқуқ ҳимоячиларини ушбу рўйхатга киритмаслик учун қўлларидан келадиган бор ишларни қиладилар. Бундай ҳолларда “маъмурият ходимига бўйсунмаслик ёки жазони ўташ муассасаси тартибини бузиш” каби стандарт айбловлар қўлланади, дея таъкидлайди Б.Номозов. “Ҳуқуқ ҳимоячи маҳбуслар тузалишга муносиб эмаслар!” дея ҳисоблайдилар Ўзбекистондаги ҳукмдор расмийлар. Балки, Ўзбекистон расмийлари ҳуқуқ ҳимоячиларини давлат душманлари қаторига киритиб қўйгандирлар? Йирик ўғрилар ва коррупциячилар эса ундай эмас экан-да?”, - дея сўрайди Виждон тутқунлари қўмитасининг раиси.

У Ўзбекистон турмаларида ўтирган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисида бир неча мисоллар келтирди.

“Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг (ЎИҲЖ) аъзоси, 59 ёшга кирган маҳбус Норбой Холжигитов жазони УЯ 64/49 ЖЎК (Қарши шаҳар) колониясида ўтаяпти. У қандли диабетнинг оғир шакли билан оғрияпти, тишлари тушган, кўзлари ожиз, 40 килограмм вазнини йўқотган. Ўша муассаса ходимлари Алишер Кароматов (у ҳам ЎИҲЖ аъзоси) сил касаллигининг оғир формаси билан оғриганини “сезмай” келганлар. Унинг қариндошлари ва адвокати қатъий талаб қўйганларидан сўнг уни Тошкентдаги маҳбуслар касалхонасига (сангородок) жойладилар, аммо охиригача даволамай колонияга қайтариб юбордилар. Савол туғилади. Бундай одамлар жамият учун қандай хавф туғдиради?”, - дейди Номозов. У шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячи Абдурасул Худойназаров 2008 йил ёзда УЯ 64/21 ЖЎК ходимларининг таҳқирларни кўтара олмай ўз жонига суиқасд қилишга уринганини маълум қилди.

“Биз Ўзбекистон расмийларидан барча ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ва мухолифатдаги партияларнинг аъзолари бўлган маҳбусларни озод этилишини талаб қиламиз! ЕХҲТнинг аъзо давлатларидан бундай маҳбусларни озод этилишда кўмак беришларини сўраймиз! Биз бундай категориядаги барча тутқунларнинг рўйхатини тақдим этишга тайёрмиз!” – дея билдиради Б.Номозов. (Виждон тутқунлари рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин. – Таҳрирят изоҳи).

У дунё мамлакатларида ҳуқуқ ҳимоячилари жамият ҳамда давлат идоралари томонидан ҳурмат этиладиган кишилар эканлигини қайд этиб ўтди. Боз устига, расмийлар уларни фуқаролик жамиятини қўллашда ўзларига ёрдамчи ва сафдош дея ҳисоблайдилар. “Болтиқ бўйи республикаларидан ташқари собиқ совет республикаларининг ҳаммасида мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар таъқиб остига олинган, уларни турмаларга қамаяптилар, руҳий касалхонага жойлаяптилар, ўлдираяптилар. Совет Иттифоқи давридан бери бир тушунча қаттиқ ўрнаб қолган: расмийларни танқид қилган ҳар бир кимса “халқ душмани” дея эълон қилинади”, - дея қайд этади Номозов.

У 2008-2009 йиллар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ва Ўзбекистон Виждон тутқунлари қўмитаси аъзоларини, Жиззах ҳуқуқ ҳимоячилари ассоциацияси ва ЎИҲЖ Қашқадарё бўлими аъзоларини турли баҳоналар ёрдамида қўлга олиб келганларини эслатди. Мисол учун, 2008 йил 6 декабрь куни бош прокуратура биноси олдида виждон тутқунларини озод этишни талаб қилган пикет иштирокчилари ҳибсга олинди. Пикет иштирокчиларига нисбатан суд ишлари қўзғатилди.

Ёки бошқа мисол – мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари2009 йил 13 май куни Андижон фожеаси хотирасига Тошкентдаги Мардлик Монументига гулчамбар қўймоқчи бўлдилар. Аммо Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ва Виждон тутқунлари қўмитасининг тўққиз нафар аъзоси уй қамоғига олинди.

2009 йил 27 май куни БМТ ваколатхонасига ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб этишни тўхтатишга кўмак бериш тўғрисидаги мактубини топширмоқчи бўлганларида Елена Урлаева, Саломат Бойматова, Илнур Абдулов Ўзбекистон расмийлари томонидан қўлга олинди. Уларни жуда шавқатсизлик билан қўлга олдилар, милиция ходимлари Илнур Абдуловни қаттиқ калтакладилар.

Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Саййидни 2009 йил ёзида 12,5 йилга озодликдан маҳрум этдилар.

Йирик заминдорга қаршилик кўрсатишга журъат этган жиззахлик фермер ва ҳуқуқ ҳимоячи Оязимхон Ҳидирова 28 июнь куни ҳибсга олинди ва 30 август куни амнистия бўйича турмадан чиқарилди.

Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи ҳуқуқ ҳимоячи Ғайбулло Жалилов 6 сентябрь куни меҳмондан уйига қайтаётиб қонунга хилоф тарзда қўлга олинган. Унинг оиласига эса 27 сентябрь куни Жалиловнинг Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159,1 (аксилконституциявий фаолият) ва 244,1 (ноқонуний ташкилот тузиш) моддалари бўйича айбланаётганини маълум қилдилар.

“Ҳисоботимга якун ясаб айтмоқчи бўлганим шуки, расмийларнинг ҳуқуқ ҳимоячиларига муносабати ўзгармай қолар экан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазият ўзгармай қолаверади. Расмийларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга ошираётган катта ўзгаришлар тўғрисидаги барча баёнотлари қуруқ гап бўлиб қолаверади”, - дея хулоса қилди Ўзбекистон Виждон тутқунлари қўмитаси раиси.