16:04 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент вилояти мактаб ўқувчилари ўқимай далада ишлаяптилар (фото)

07.10.2009 12:17 msk

Фарғона.Ру

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри, 2009 йил 3 октябрь, Фото © “Фарғона.Ру”. Фотосуратлар “Фарғона.Ру” Галереясидан олинган

Тошкент вилоят Янгийўл тумани колледж ва лицей ўқувчилари 20 сентябрь куни пахта далаларига чиқиб кетдилар. Ушбу туман мактаблари ўқувчилари учун пахта мавсуми бошланди. “Фарғона.Ру” мухбирлари қайси синф ўқувчилари ҳозир пахта тераётганларини аниқлашга қарор қилдилар.

Ўзбекистон пойтахтидан 30 километр жануби-ғарбда жойлашган Янгийўлда бир неча ўрис тилида таълим берувчи мактаблар бор. Ота-оналарга кўра, болаларни бу мактабларга жойлаштириш анча мураккаб иш. Шаҳардаги пахта кампаниясидан четлатилган ягона мактаблар бўлгани учун ҳам ҳамма ўз болаларини уларга жойлашга ҳаракат қиладилар. Аммо мактаблардаги ўринлар чекланган, шунинг учун ҳам ота-оналар масъул мутасаддиларга пора беришга тайёр, болалари ўша мактабларда ўқиса бўлди.

Фрагмент карты Ташкентской области УзбекистанаТошкент вилояти харитасидан лавҳа. Янгийўл қизил рангда белгиланган

“Биз яшайдиган Янгийўл четидаги поселка шаҳар таркибига кирмайди. Шунинг учун ҳам маҳаллий мактаб ўқувчилари ҳар йили қопларини кўтариб пахта тергани чиқадилар. Эрим билан болаларимизнинг пахтакор бўлишини истамаймиз, улар пахта термай ўқишларини ўқишлари керак-ку ахир. Шунинг учун ҳам болаларимизни Янгийўл шаҳар мактабига жойлаганмиз. Катта пул тўлашга тўғри келди, аммо арзийди”, - дейдилар ота-оналар.

Одамларнинг айтишича, бу йил ҳокимни ўша мактаб болаларини пахтага юбормасликка кўндириш учун мактаб ўқувчиларидан 2000 сўмдан тўплашибди.

Шестиклассники на полях Ташкентской области Узбекистана
Олтинчи синф ўқувчилари Тошкент вилояти далаларида. Фотосуратларни Фарғона.Ру Галереясида кўринг

“Бу мактаблар пахтадан қутилган бўлса ҳам, туман поселкаларидаги мактаб ўқувчилари далаларда меҳнат қилаяптилар. Колледж ва лицейларни гапирмаса ҳам бўлаверади”, - дедилар шу ернинг одамлари. Эшитилган гапларга шахсан ишонч ҳосил қилиш учун “Фарғона.Ру” мухбирлари Янгийўлдан ташқарига чиқдилар.

Гулбаҳор поселкасида иккита мактабга бордик. Маҳаллий ҳокимиятдан эллик метр нарида 45-чи ва 1 чи мактаблар жойлашган экан.

Мактаб эшигига катта қулф осиб қўйилган, ҳовлида кимса йўқ. Болалар қаерда деб ўтган-кетганлардан сўрагандик, “Қаерда бўларди? Ҳамма пахтада-ку!” – дея аччиқланиб жавоб бердилар. Улар учун биз гўё осмондан тушган ва ҳеч нарсага фаросати етмайдиган одам бўлиб кўриндик шекилли. Улар бизга болалар пахта тераётган далаларга йўлни кўрсатиб қўйдилар. Узоқ эмас, мактабдан бор-йўғи икки юз метр нарида экан.

Бизга учраган биринчи далада ўша мактабларнинг олтинчи ва еттинчи синф ўқувчилари пахта тераётган экан. Болалар фотосуратга тушишдан қатъий тарзда бош тортдилар ва юзларини беркитиб орқага ўгирилиб олдилар. Кейин бўлса, “Нима, сизлар журналистмисизлар? Бизни нега суратга олаяпсизлар?” деб сўрай бошладилар. Йўқ, биз оддий туристлармиз, дея гапни олиб қочдик. “Ие, туристлар пахта даласида нима қилишади? Бошқа чиройлироқ жой топа олмадингларми? Болаларни нега суратга олаяпсизлар?” – дея қизиқа бошладилар назоратчи ўқитувчилар. Улар расмга тушириш учун пахта топширилаётган жойда турган милиционердан рухсат сўрашни тавсия этдилар.

Болаларни 25 сентябрдан бери пахтага олиб чиқаётганларини аниқладик. “Бу ерда олтинчи ва еттинчи синф болалари пахта теришаяпти. Наригисида – юқори синф ўқувчилари. Ундан нарида эса ўқитувчилар батальони. Уларга ҳам норма белгилаб берилган, агар бажармасак, 13-чи ойликдан маҳрум бўламиз. Ўрта синф ўқувчилари ўзлари пахтага чиқайлик деб сўрашган. Давлат равнағи учун тераверишсин”, - дейишди назоратчилар.

Бу пайтда болалар икки букилиб пахтани чаноқларида ажратиб тераётгандилар. Мухбирлар ҳам ҳижолат тортганларидан ўсиб келаётган ёш авлодга пахта теримида ёрдам бермоқчи бўлдилар. Аммо тажрибасизлик важидан қўллар тирналди, ғўза чангидан аксира бошладилар.

Школьники не хотят фотографироваться
Ўқувчилар расмга тушишни истамаяптилар. Янгийўлда олинган суратларниФарғона.Ру галереясида кўринг

- Болалар, сизларга пахта териш ёқадими ўзи? – дея сўраймиз. Болалар индамадилар, аммо бизга мунгли кўзларини қададилар-да, сўнгра ўқитувчилар томонга назар ташлаб яна пахта теришга киришдилар.

Нариги картага бориб ўқитувчилар қандай меҳнат қилаётганларини кўриш насиб қилмади. Биз томонга илдам қадам ила ёш йигит шошиб келаётган эди. У маҳаллий фермернинг ўғли экан. Даланинг нариги четида турган унинг отаси бегона одамларни кўриб қолиб ўғлини нима гаплигини билиб келгани жўнатган экан.

Милицияни чақиришмай бу ердан тезда туёқни шиққиллатиб қолиш лозимлигини тушуниб қолдик. Йигитча хушмуомалалик билан бизни автомобиль йўлигача кузатиб қўйишга рози бўлди. Фермер-ота эса кўринишидан кимгадир вазият ҳақида ҳисобот бергани турар-жой бинолари тарафга қараб йўл олди.

Назоратчи ўқитувчиларнинг бизга нисбатан салбий муносабати, болаларнинг саволлари, пахта даласида навбатчилик қилаётган милиционер, шунингдек, бизнинг ташрифимиздан ташвишга тушиб қолган фермерларнинг хулқ-атворига қараб, аҳолини журналистлар ташрифи ҳақида огоҳлантиришган деган фикрга келдик.

Ўзбекистон расмийлари халқаро минбарлар орқали илгаригидек баланд овоз ила қишлоқ хўжалиги плантацияларида болалар меҳнатининг илдизини қуритиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида билдирмоқдалар. Жойларда болаларни пахта теримига жалб этиш амалиёти шўролар давридан бери сақланиб қолмоқда. Давлат маъмурияти эса йилдан-йилга ушбу ҳолатни бегона кўзлардан яшириш учун куч сарфлаяпти, холос.

Ўз ахб. Янгийўл. Тошкент вилояти