01:23 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пластик карточкалар орқали ойлик маошларини олаётган Қорақалпоғистон аҳолисидан “нақд пул” ундиришмоқда

06.10.2009 07:46 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон президентининг апрель ойида имзолаган барча жойларда тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилинишини мажбур қилувчи қарорига қарамай, нақд пул етишмовчилигини бошидан кечираётган Қорақалпоғистон аҳолисидан виртуал пулларни қабул қилишдан бош тортишяпти, дея маълум қилади “Веритас” ёшлар ҳуқуқ ҳимоя ҳаракати.

Мустақил кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати инфляцияга қарши курашнинг жўн ва енгил услубини қўллаяпти. Нақд пул айланмасини чеклаш мақсадида барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари мажбурий равишда банк пластик карталарига ўтказиляпти.

Аввалига ойлик маошларнинг 20-25 фоизи карточкаларга ўтказилаётган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич юз фоизгача ҳам етиб қолди. Қорақалпоғистон ҳам бундан мустасно эмас.

Ушбу чора расман Ўзбекистон халқ хўжалигида нақд пулсиз ҳисоб юритиш ўсишига, яширин иқтисодга қарши курашга кўмак бериши керак бўлгандек эди.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, нақд пулсиз айланма ўша пулнинг эгалари бўлган аҳолининг хоҳиш-истакларига зид равишда, маъмурий қўмондонлик анъаналарига содиқ қолган ҳолда амалга ошириляпти.

Бу нарса ҳаётнинг барча соҳаларига, шу жумладан, таълимга ҳам тегишли бўлиб қолмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистон олий таълим муассасаларида пуллик шартнома асосида таълим олаётган талабаларни ўқиш учун пулни нақд қилиб тўлашга мажбур қилишмоқда. Шунинг учун ҳам автоном республикада янги ўқишга кирган талабаларнинг 25 фоизи ўқув йили бошиданоқ ўқишдан воз кечишга мажбур бўлдилар.

Қорақалпоғистондаги олтита олий таълим муассасаларида ўртача шартнома пули йилига 1400000 – 1600000 сўмни ташкил этади (730 – 830 АҚШ доллари).

Шартнома асосида ўқишга кирган талабаларни нақд пул топширишга мажбур қилишмоқда. Ҳолбуки, уларнинг ота-оналари ойлик маошларини юз фоиз пластик карточкалари орқали оладилар. Олий таълим муассасалари эса пластик орқали тўлов қабул қилишдан бош тортмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, “банкларга нақд пул тушумини кўтариш бўйича мақсадга йўналтирилган яширин сиёсатни амалга ошириш учун” шундай қилинмоқда.

Банк пластик карталари орқали тўловларни қабул қилишдан қонунга хилоф тарзда бош тортиш талабалар ва уларнинг ота-оналари орасида норозилик кафиятини кўтармоқда. Аммо бу ҳолат вазиятни яхши тарафга ўзгартиришга туртки бўлмаяпти.

Ўзбекистон давлат раҳбари 2009 йил 6 апрель куни имзолаган №ПП-1090 қарорида “... қонун-қоидаларга зид равишда пластик карталар орқали тўлов қабул қилишдан бош тортган ҳолатларда айбдор шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ жавобгарлик чоралари кўрилсин” деб айтилган. Аммо бу ҳужжат кўринишидан, олий таълим муассасаларини талабалардан нақд пул йиғишга мажбур қилаётган маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан саботаж қилинаётганга ўхшайди, дейдилар ҳуқуқ ҳимоячилари.

Тўхтамай келаётган маълумотларга кўра, сўнгги пайтда хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ҳудди шунга ўхшаш аҳвол кузатилмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда Paynet хизмат ва товарлар учун тўловлар қабул қилувчи хусусий операторларга прокуратура ва солиқ идоралари ходимлари босим ўтказа бошладилар. Улар операторларни банкларга имкониятидан ҳам юқори даражада нақд пул топширишга мажбурламоқдалар.

“Ҳар ойда мен 12 миллион сўмга яқин пулни банкга топшираман, - дейди Paynet опретаторларидан бири. – Аммо сўнгги пайтларда прокуратура ходимлари ҳар ойга 18 миллион сўм топшираса, акс ҳолда ваколатхонангни ёпиб қўямиз дея таҳдид қилишмоқда. Нақд пулни қаердан оламан ахир, мижозларимда ҳам бўлмаса, уларнинг пуллари пластик карточкаларда”

Умуман олганда, пластик карталар атрофида юзага келган вазиятнинг кўрсатишича, Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларини ёппасига “пластик”га ўтказиш, айниқса мамлакат вилоятларида ўзини иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлагани йўқ. Пластик карталардаги пулни нақд қилувчи терминаллар ишламайди, сотувчи ва маҳсулот етказувчилар пластик карталари орқали тўловларни қабул қилишдан очиқдан-очиқ бош тортмоқдалар. Банкларда пулингизни нақд қилиб олмоқчи бўлсангиз устама ҳақини беришингиз керак, пластик карталари орқали сотиб олинадиган товарлар эса одатда 10-15 фоизга қиммат.

Ўз ахб.