01:45 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Покистон: “Ўзбекистонлик жангарилар Вазиристонда фаоллашиб қолдилар”

30.09.2009 14:48 msk

Фарғона.Ру

Бир неча кун илгари Покистон ОАВ мамлакатнинг Вазиристон вилоятида, Қабилалар ҳудуди дея аталувчи жойда беш мингдан зиёд Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) аъзолари яшириниб юрибдилар деб ёзишганди. Улар Қабилалар ҳудуди маъмурияти котиби Ҳабибулло Хон Ҳаттакнинг жангарилар нафақат Вазиристонда, балки Покистоннинг Белужистон провинцияси ҳудудида ҳам ҳаракатланаётганлари ҳақидаги баёнотидан иқтибос келтирдилар. Мутасаддига кўра, унинг қўлида жангариларни тайёрлашда АҚШ, Исроил ва Ҳиндистон иштирок этаётганларини исботловчи далиллар бор экан. Шунингдек, Покистон парламентига Жамоати Исломий партиясидан сенатор этиб сайланган Муҳаммад Хон Иброҳимнинг маълум қилишича, ўзбек жангарилари Вазиристонга Исломободдаги халқаро аэропорт орқали етиб боришар экан. Сенаторнинг билдиришича, Қабилалар ҳудуди маъмуриятига бу аҳвол жуда яхши маълум.

Сенатор Иброҳим Хон “Фарғона.Ру” агентлигига бу ва бошқа мавзулар ҳақида эксклюзив интервьюда батафсилроқ сўзлаб беришга рози бўлди. новостей «Ферганы.Ру». Инглиз тилидаги оригинал матн “Фарғона.Ру” сайтининг инглиз тилидаги янгиликлар лентаси саҳифасида жойлаштирилган.

Сенатор Муҳаммад Иброҳим Хон 2006 йилдан бери Покистон Сенатининг аъзоси. Шунингдек, у Таълим, фан ва технология бўйича қўмитанинг, Юриспруденция, фуқаровий ҳуқуқлар ва парламент девонхонаси бўйича қўмитанинг доимий аъзоси ҳамда Жамоати Исломий партиясининг вице-президенти. У журналистика магистри ҳамда сиёсатшунослик магистри дипломларига эга.

Қуролли тузилмалар бутун дунё бўйлаб қораланиб йўқ қилиниши лозим, дея билдирди сенатор Хон. Покистонда (асосан, Шимоли-ғарбий чегараолди провинцияда) узоқ вақт давомида турли миллий ва хорижий ҳарбий гуруҳлар фаол ҳаракат қилганлари важидан эктремизм ва терроризм гуркираб яшнади. Улар нафақат мамлакатдаги вазият барқарорлигига футур етказдилар, балки бутун минтақадаги тинчликка катта зарар етказдилар, - деди сенатор.

Иброҳим Хонга кўра, Покистонда ҳаракат қилаётган чет эллик жангарилар орасида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) ўзбеклари энг йирик гуруҳларидан бири саналади. Бу ташкилотни Тоҳир Йўлдош бошқаради. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 4800 га яқин ўзбек жангари йигитлари Шимолий Вазиристоннинг турли туманларида ўрнашиб олганлар ва Байтуллоҳ Маъсуд билан яқиндан ҳамкорлик қиладилар.

АҚШ ўзининг Афғонистондаги ҳарбий кампаниясини бошлаши муносабати билан ЎИҲ жангарилари Покистонга кўчиб ўтишларидан олдин Тожикистонда ва толиблар назорат қилаётган ҳудудларда ўрнашиб олгандилар. Ўша пайтдан бошлаб ушбу жангарилар давлатимизга таҳдид солиб келмоқдалар, - дея билдирди Хон “Фарғона.Ру” агентлигига интервьюда.

ЎИҲ Вазиристонда машғулот лагерлари ташкил этди ва Покистон хавфсизлик хизматига қарши курашаётган гуруҳлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўзбеклардан ташқари бу ерда бошқа, чеченлар гуруҳи, Ливия Исломий жангавор гуруҳи ҳамда Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлган уйғур жангарилари каби хорижий қуролланган гуруҳлар бор.

Сенатор ўзбек жангариларининг Покистондаги фаолияти тарихи ҳақида гапира туриб, уларнинг базалари Вана (Wana) туманида жойлашганини ҳамда аввали бошдан ҳудуддаги жангариларнинг нуфузли етакчиси Назир билан яқиндан ҳамкорлик қилганлари тўғрисида тушунтириб ўтди. Аммо Тоҳир Йўлдош ва Назир ўртасидаги келишмовчиликлар пайдо бўлди ва шунинг учун ўзбек жангарилари Ванани тарк этиб Вазиристонга кетиб қолдилар. Бу ерда уларни Байтуллоҳ Маъсуд ўз ҳимоясига олди. “Байтуллоҳ Маъсуд ҳалок бўлганидан кейин ўзбек жангарилари унинг меросхўри билан яхши муносабат ўрнатиб олганлари ҳақида маълумотга эгамиз”, - деди Хон.

Аввали бошдан ўзбеклар фақат ўз олдиларига қўйган вазифалар доирасида ҳаракат қилаяптилар деган фикр мавжуд эди (ЎИҲнинг Ўзбекистон ва собиқ Совет Иттифоқи Ўрта Осиёнинг бошқа республика режимларига қарши кураш назарда тутилмоқда. – “Фарғона.Ру” изоҳи).

Аммо Тоҳир Йўлдош томонидан Покистон хавфсизлик хизматларига қарашли қўшинларга қарши ҳужум қилишга чорловчи чақириқлар ёзилган видео-мурожаатнома эълон қилинганидан сўнг ЎИҲ Ал Қоида мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилаётгани аниқ бўлди, - дея билдирди сенатор Хон. – “Мендаги бор ва мен исботлай оладиган маълумотларга кўра, ўзбек жангарилари савдогарлар ниқоби остида Исломобод ва Ўзбекистон ўртасида тез-тез қатнаб турганлар”, - деди Хон. Қизиғи шундаки, жангарилар Покистоннинг турли аэропортларидан фойдаланиб келадилар. Энг сўнгги тасдиқланган ахборотга кўра, ўзбек жангариларининг тўрт нафар командири Покистонга Исломободдаги халқаро аэропорт орқали келганлар ва у ердан таксида (Вазиристондаги уларнинг қароргоҳи саналмиш) Мирали шаҳрига келганлар, дея билдирди Иброҳим Хон.

“Фарғона.Ру” суҳбатдошига кўра, Қабилалар ҳудуди маъмурияти ўзбек жангариларининг фаоллиги борасида яхши хабардор. У мамлакат ҳудудидаги ЎИҲ фаолларини топа олмаётгани боис Покистон Федерал разведка бошқармасини қаттиқ танқид остига олди. Сенаторга кўра, Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматларининг олдида турган энг биринчи вахзифа – жангариларга қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқариш. Покистон Хавфсизлик хизмати бу йўналишдаги ўз фаолиятида катта самародорликка эришиши учун халқаро ҳамжамиятнинг кўмагига муҳтож.

Иброҳим Хоннинг айтишича, Ўзбекистон Ал Қоида таркибида фаолият юритиб келиб Вана тумани ҳудудида ўтказилган махсус операция давомида қўлга олинган бир неча ўзбек жангариларини экстрадиция қилиш борасида Покистонга мурожаат қилган.

Ўзбекистонлик жангарилар нафақат Қабилалар ҳудудида, балки Покистоннинг Белужистон провинциясида ҳам эркин ҳаракат қилиб юрибдилар. “Бизнинг қўлимизда ўзбек жангарилари Белужистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда бевосита иштирок этганлари ҳақида далиллар бор”, - деди Иброҳим Хон.

Сенатор Исломобод четида ҳам кўплаб ўзбекларнинг яшаб келаётганларини ва ўз етакчиси Тоҳир Йўлдош билан алоқада эканликлари ҳамда уларнинг кўпчилиги ҳибсга олинганлари ҳақида эслатиб ўтди.

Иброҳим Хоннинг айтишича, Покистон ҳудудида хорижий қуролланган гуруҳлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар мамлакат ҳукуматига етказилган. Мисол учун, 2008 йилда мамлакат бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийга тақдим этилган ҳисоботда саккиз мингдан зиёд чет эллик жангарилар (уларнинг орасида 4,8 мингги ўзбек) ҳақида айтиб ўтилган.

Иброҳим Хон бир неча йил олдин Покистон ҳудуди чет эллик жангариларнинг Афғонистонга бориши учун энг қулай йўналиш бўлиб келганини, аммо бугунги кунга келиб улар эски йўллардан камроқ фойдаланаётганларини айтиб ўтди. Уларнинг кўпчилиги Душанбе, Боку, Истамбул, Дубай, Шаржа, Деҳли ёки Франкфуртдан савдогар ёки саёҳатчи ниқоби остида Қобулга келаяптилар. Қобул, Карачи, Дубай ёки Деҳлидаги кўпчилик афғонлар уларга “саёҳат агентлиги” хизматини кўрсатиб келишаяпти. “Улар чет элликлар учун афғон паспортини Қобулнинг ўзида тайёрлаб беришлари ҳеч гап эмас”, - дейди сенатор.

Иброҳим Хонга кўра, 2007 йилдан бери чет эллик жангарилар сонининг ўсишининг асосий сабаби – америкаликларнинг Афғонистонга келиб ўрнашиб олганларида. “Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Европадан келаётган кўпчилик ёш мусулмонлар Афғонистонда айнан америкаликларга қарши курашишга интилаяптилар. Уларга кўра, америкаликлар бу ерга терроризмга қарши курашиш учун эмас, балки мусулмонларга қарашли ерларни, шу жумладан, Покистонни ишғол этиш ва бу ердаги табиий ресурсларни талон-тарож қилиш учун келганлар”. ЎИҲ аъзоларининг фаоллашуви сабаблари ҳам шунда, дея хулоса қилади покистонлик сенатор.

Касвар Класра (Исломобод), “Фарғона.Ру” учун махсус. Таржима ва таҳрири “Фарғона.Ру”