14:32 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Сурхондарёлик ўқувчи болаларни яна пахтага ҳайдадилар, Фарғонада эса болаларга тегмасликка қарор қилдилар

24.09.2009 10:39 msk

Фарғона.Ру

Наманган вилояти далаларидаги болалар. Фарғона.Ру © Фото

“Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг маълум қилишича, пахта терим мавсуми бошланиши муносабати билан Сурхондарё вилояти Халқ таълими бошқармасига қарашли 840 та мактабдан тахминан 600 тасида еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи синфларда машғулотлар тўхтатилган.

90 мингга яқин ўқувчилар ихтиёрий-мажбурий тартибда Сурхондарё вилоятининг пахта плантацияларига жўнатилди ва ҳозирча уларнинг қачон дарсларига қайтишлари номаълум. Маҳаллий мактаб ўқитувчиларининг таъкидлашича, эрта-индингга қуйи синф ўқувчиларини ҳам пахта теримига жалб этилади. Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳам болаларни пахтага юборишга тараддуд кўрилмоқда, дея маълум қилади “Эзгулик”.

Бу йил “стратегик жиҳатдан аҳамиятли хом ашё” тераётган мактаб ўқувчиларига ҳар бир килограмм терилган пахта учун 80-90 сўмдан (5 цент) тўлайдилар. Маҳаллий ҳокимият идоралари ва прокуратуралар бунинг устидан синчковлик билан назорат қиладилар. Ҳар ҳолда, ўзбекистонлик ўқувчилар бундай катта пул учун дарслардан прогул қилаётганларига қувониб юрибдилар деб бўлмайди. Аслида фермерларнинг ўзлари бажариши керак бўлган оғир ишга болаларнинг жалб этилишини мутлақо ихтиёрий характерга эга деб бўлмайди. Йил сайин “оқ олтин” тергани ҳайдалаётган кичкинтой теримчиларнинг меҳнат шароити ҳеч қачон яхши бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил кузида Ўзбекистон расмийлари халқаро ташкилотлар босими остида болалар меҳнатидан оммавий тартибда фойдаланиш ҳолатини илк бор тан олдилар ҳамда бу нарсани илдизини қуритиш бўйича кампания бошладилар: болалар ҳуқуқининг кафолати бўйича давлат дастури қабул қилдилар. Аммо расман ваъдалар ва имзоланган ҳужжатлар ортидан ҳеч қандай туб ўзгаришлар келгани йўқ: республика раҳбарияти болаларни дарсдан қолдириб пахта теримига чиқаришда давом этди.

Шунинг учун ҳам халқаро жамиятнинг Ўзбекистондаги болаларни қуллар каби ишлатилаётганига эътибори кучайса кучайдики, аммо асло камайгани йўқ. Ўзбекистонда етиштирилаётган пахтани сотиб олиб ундан кийим-кечак тикаётган компаниялар ҳамда тайёр маҳсулот сотувчилари Ўзбекистон маҳсулотларини бойкот қила бошладилар.

Мисол учун, 2009 йил сентябрь ойида Европа ва АҚШдаги кўпчилик ритейлорлар ва кийим ишлаб чиқарувчилар ортидан 49 та штатларда минглаб дўконларга эгалик қилаётган Kohl’s фирмаси ҳам Ўзбекистон пахтасидан воз кечди.

Мустақил кузатувчилар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари ўзбек пахта толасининг ҳаридорлари томонидан босимнинг кучайиши расмийларнинг қишлоқ хўжалиги ишларида болалар меҳнатидан фойдаланишга нисбатан муносабатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин. Тоталитар давлат шароитида расмийларга қандайдир таъсир кўрсатиш имкониятидан маҳрум бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам ташқаридан бўлаётган босим туфайли ўзгаришлар бўлармикан дея умид қилмоқдалар. Кўринишидан, бундай ўзгаришлар яқинлашганга ўхшайди.

Мисол учун, мамлакатнинг баъзи бошқа вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланмасликка қарор қилганга ўхшайдилар. Мухолифатдаги «Исёнкор» сайтининг хабар беришича, 22 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят ҳудудидаги барча ташкилотлар, корхоналар, муассасалар раҳбарларини ҳокимликда тўплаб, бу йил пахта теримига болаларни жалб қилмасликка қарор қилинганини таъкидлаган.

Вилоят халқ таълими бошқармасига мактабларда терим даврида ўқув даргоҳларини ёпмаслик, машғулотларни тўхтатмасликка топшириқ берилди. Пахтанинг ҳашар йўли билан ташкилотлар, муассасалар хизматчилари томонидан томонидан териб олиниши айтилди. Бола ҳуқуқига мамлакатда устивор масала сифатида қаралаётгани, ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зидлиги таъкидланди.

Демак, ўзгаришлар бошланибди-да?..

* * *

“Фарғона.Ру” АА одатдагидек ўзбекистонлик ўқувчиларидан ўзларидаги бор ахборот билан ўртоқлашишларини сўрайди. Ушбу муаммо ҳақида ўз билганларингизни сўзлаб беринг. Таҳририятимизга ferghana@fergananews.com манзилиа ёзишингиз мумкин.