10:22 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тожикистонлик журналист Шуҳрат Шодиев амнистия бўйича озод этилди

12.09.2009 16:46 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистонлик расмийлар томонидан 2009 йил 6 август куни Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги чегара постида қўлга олинган тожикистонлик журналист Шуҳрат Шодиев 7 сентябрь куни амнистия бўйича озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, илгари “Азия-плюс” ва “Фарғона.Ру” ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилган 36 ёшли Шуҳрат Шодиев мамлакатга қурол ва тақиқланган адабиёт олиб киришда гумонланиб Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги чегара постида поезддан тушириб қолинган эди. Унинг сумкасидан тожик газеталари, рус тилидаги Қуръон (Крачковский таржимаси), Грозний шаҳар марказий кутубхонасидан сотиб олинган бир нечта китоблар, унинг ўз мақолалари, чечен қўшиқчилари ижросидаги дисклар ҳамда пневматик пистолет топилган. Боз устига, кейин унинг сумкасига варақалар қўшиб қўйдилар ва ундан топилган нарсалар рўйхатига киритиб қўйдилар. Аммо журналист қатъият билан туриб олди ва бу рўйхатни имзоламасдан ўз рўйхатини тузди.

Журналист “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига айтиб беришича, унинг юки Ўзбекистон чегарасига ўзидан олдин етиб келган: йўлга чиққанида унга таниш аёл телефон қилиб Грознийга қайтишини сўраган. Ақсарай чегара станциясида унинг юклари чегарачилар томонидан кўриб чиқилганидан сўнг у ўз сумкаларини проводникларга қолдирган ва Душанбегача олиб бориб акасига бериб қўйишларини сўраган. Ўзи эса поезддан тушиб Грознийга қайтган. Ўша куниёқ у ватанига йўл олган.

- Йўлни яқин қилиш учун таксида Бокугача бордим ва у ердан авиарейс билан Қозоғистоннинг Ақтау шаҳригача етиб олдим. Юкларимни акам Душанбеда кутиб олиши керак эди. – Дейнаугача етиб бордим ва Душанбегача чипта сотиб олиб поездга чиқдим. Ўзбекистонга кираётганимизда, Қорақалпоғистондаги станцияда ўзбек чегарачиларидан бири фамилиямни қайта сўраб олди ва журналистлигим ҳақида аниқлик киритди. Мен ҳа дея жавоб беришим билан у мени қўлларимни қайириб ҳудди жиноятчидек чегара отрядига судраб кетди. Ўзининг командирига ўша қидирилган журналистни топиб келганини айтди. Командир менинг юкларимни олиб кетаётган проводниклар поезддан тушириб қолинганини ва МХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганини маълум қилди.

Эртаси куни Шодиевни Нукус четидаги ҳарбий қисмга ўхшаган объектга олиб келдилар. Уни фуқаровий кийимдаги номаълум кишилар сўроққа тута бошладилар. Шуҳратга кўра, сўроқ давомида унга қаттиқ босим ўтказдилар.

- Уларни ҳамма нарса қизиқтирганди: ҳаётимдаги майда тафсилотлардан бошлаб жаҳон муаммоларига муносабатим қанақалигини суриштиришди, - дейди Шуҳрат. – Ёнимдан “Фарғона.Ру” мухбири гувоҳномасини топганларидан кейин бу қандай нашр, унда кимлар ишлайдилар, ходимларнинг кўриниши қандай дея суриштира бошладилар. Фуқаролик кийимидаи номаълум кишилар сўроқ қилдилар, ҳеч ким ўзини таништиргани йўқ. Кўп соатлар давом этган сўроқлар силламни қуритаёзди. Мен очлик эълон қилдим ва Тожикистон консули ҳамда олдинроқ ҳибсга олинган проводниклар билан учраштиришларини талаб қилдим. Аҳволим ёмонлаша бошлаганидан кейин мени Нукусга ўтказдилар ҳамда барча ҳужжатларимни олиб қўйиб қандайдир бир хусусий уйга жойлаштирдилар. Олдинроқ бу ерга тергов ҳибсхонасидан қўлга олинган проводникларни ҳам олиб келган эканлар. 12 август куни мени Қўнғирот шаҳар вақтинчали сақлаш изоляторига, 14 август куни эса Ўзбекистоннинг энг қаттиқ тартибли турмаларидан бири бўлган “СИ-9”га ўтказдилар. Озод бўлгунимга қадар шу ерда ўтирдим. Ҳар нарсаларни кўрдим... Ҳатто бир марта умидсизликка тушиб томиримни кесмоқчи ҳам бўлдим. Қорақалпоғистондаги каби бошбошдоқликларни мен ҳеч қаерда кўрмагандим.

Ш.Шодиевга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-чи моддаси (“Контрабанда”) бўйича айблов эълон қилмоқчи бўлдилар, аммо шу пайт Ўзбекистон Мустақиллигининг 18 йиллигига бағишланган амнистия чиқиб қолди. Акс ҳолда журналистни 5 йилдан 10 йилгача қамаб юборишлари ҳеч гап эмасди.

Шуҳрат Шодиевни Душанбега жўнатишдан аввал унинг кийимларини қайтариб бердилар, холос. У олиб келаётган адабиёт, диктофон, мусиқа дисклари, оиласи ва болаларига совғалар ва пуллар “ашёвий далил сифатида” терговчи О.Мустановда қолди. Боз устига, охирида Қўнғирот туман судининг раиси Ҳ.Асанов журналистни “озод қилгани учун” 1000 доллар “ширинкома” олмоқчи бўлди, аммо Шуҳрат ён босмади. Охирида Шуҳратни қандайдир милиция бошлиғига йўл бермагани учун калтакладилар, ички ишлар бўлими ҳудудида унинг ҳужжатларидан бир қисмини, шу жумладан, айблов хулосасини ўғирлаб қолдилар. Шуҳратнинг ҳозирги аҳволи яхши эмас, аммо у озодликка чиққанидан хурсанд. Ўзининг Ўзбекистонда бўлишини “ҳақиқий дўззах” деб атамоқда.