02:43 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Турмадан қочган жиноятчилар ўн олти кишининг ўлимига сабаб бўлдилар

10.09.2009 13:14 msk

Ю.Елисеев (Чимкент)

Ўзбекистондаги қаттиқ тартибдаги колониядан қочган маҳбуслар ўн олти кишининг ўлимида ва икки милиционернинг яраланганида бевосита ёки билвосита айбдорлар.

Ўзбекистонда бир неча маҳбусларнинг колониядан қочгани ҳамда Қозоғистон чегарасдан ўтишга уринишлари мумкинлиги ҳақида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳодиса содир бўлиши биланоқ хабардор қилинган. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларидаги манбанинг тақдим этган маълумотига кўра, “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Бўстонлиқ туманидаги (Ўзбекистон, Тошкент вилояти) қаттиқ тартибдаги колониядан олтинчи сентябрь куни ўнта маҳбус қочгани ҳақида маълум қилди. Маҳбуслар қочаётган пайтда иккита қўриқчини ўлдирганлар ва автомат қуролларини эгаллаб олганлар”.

Таъқибдан қочаётган жиноятчилар “Ғазалкент поселкасида (Бўстонлиқ тумани маъмурий маркази) болалар боғчаси тарбиячисини ва уч ёшли гўдакни ўлдирдилар. Ушбу гуруҳ Бўстонлиқ туман ИИБ патруль экипажини ўққа тутдилар ва натижада икки милиционер ҳалок бўлди ва яна икки милиция ходими яраланди”, - дейди “Фарғона.Ру” манбаси.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Жанубий Қозоғистон вилоятининг (ЖҚВ) ўртасидан ўтган давлат чегарасини қўриқлаш кучайтирилди.

Саккизинчи сентябрь куни эса чимкентлик журналистлар (ЖҚВ маъмурий маркази) тоғда қандайдир вертолётнинг ҳалокатга учрагани ҳақида эшитиб қолдилар. Лангар шаҳар ўт ўчириш хизмати навбатчи қисми Угам ўрмон хўжалиги ҳудудида, Байжан-Шўлпак дарасида қандайдир вертолётнинг қулаб тушганини тасдиқладилар. Тахмин қилинишича, вертолёт қозоғистонлик чегарачиларга тегишли бўлган.

Ахборот агентликлари вертолёт ҳалокати ҳақидаги хабарни тарқатганларидан кейин МХҚ матбуот хизмати буни тасдиқлади. Ёйинланган матбуот варақчасида айтилишича, “вертолёт бортида экипаж билан бирга жами 13 та ҳарбий хизматчи бўлган. Вертолёт билан алоқа соат сешанба куни 10:30 да йўқолган...”

Шу билан бирга, матбуот варақчасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларидан олти нафар қуролланган жиноятчиларнинг Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтмоқчи бўлаётгани ҳақида ахборот келиб тушгани кўрсатилган. “Шу муносабат билан Қозоғистон МХК Чегара хизмати “Онтустік” ҳудудий бошқармаси қўмондонлиги томонидан чегарани қўриқлашни кучайтириш бўйича чоралар кўрилди. “Арлан” разведка қидирув гуруҳи Угам дарасининг тоғли участкасига Ми-8 вертолетда йўл олди”, - дейилади МХК расмий хабарномасида.

Тахминан соат 16 да МХҚ чегара хизмати директорининг ўринбосари Амангелди Абилқанов Астанада ўтган брифингда “Ми-8 вертолёти ҳалокатга учраган жойда қутқарув ишлари давом этмоқда, ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги тасдиқланган маълумотлар йўқ”, дея маълум қилди. Унга кўра, уч нафар жабрланганлар Чимкентдаги касалхонага етказилган, “Олма-Отадан медицина ходимларининг иккита бригадаси Чимкентга йўл олган”.

Абилқановга кўра, авиаҳалокатда жабрланганлар бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида илк маълумотни бердилар. “Улар учиб келаётган пайтда бешта номаълум кимсани кўриб қолганлар. Гуруҳ бошлиғи қўниш учун жой топиш тўғрисида буйруқ берган. Қўниш пайтида нимадир содир бўлди ва вертолёт ҳалокатга учради”, - дея аниқлик киритди чегара хизмати директорининг муовини.

Шу билан бирга, бир соат олдин ЖҚВ кучишлатар тузилмаларидаги ишончли манба журналистларга “вертолёт қулаганида уч киши тирик қолгани, қолган ҳарбий хизматчилар эса тириклайин ёниб кетгани ҳали тушгача ҳам маълум эди. Вертолёт қўнаётганида қуйруқ қисми билан қояга урилиб кетган, уч кишини машинадан улоқтириб юборган, шундан кейин вертолёт қулаган ва портлаган. Ҳалок бўлганларнинг орасида МХҚ чегара хизмати собиқ директори Бўлот Закиевнинг жияни Руслан Закиев ҳам бор. Ўзбекистондан бизга қуролланган маҳбуслар қамоқдан қочганларини ва улар чегарадан ўтишга уринишлари мумкинлиги ҳақида хабар келди. Шунинг учун ҳам улар бу ахборотни текширгани йўл олдилар”.

Кун охирида МХҚ матбуот хизмати ўн нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Маълум бўлишича, вертолёт ҳалокатга учраганида полковник Руслан Закиев, майор Даулетбек Султанбеков, майор Илья Маткаримов, капитан Арман Букбантаев, капитан Алмаз Утегенов, старшина Айдос Абутов, кичик сержант Бауран Султанов, катта сержант Рустем Қасимханов, старшина Сериккали Жолдасов, кичик сержант Нурбол Мусаханов ҳалок бўлишган.

Пайшанба куни Лангар шаҳар алоҳида чегара комендатурасидаги манба “10 сентябрь эрталабгача бор маълумотга кўра, қочиб кетган маҳбуслардан бирортаси ҳам ҳозирча қўлга олинмаган. Вертолёт қулаган ҳудудда ва комендатура участкасида патруль ва қидирув ишлари олиб борилмоқда”.

Айни пайтда Қозоғистон МХҚ чегара хизмати директори Бўлот Қирғизбаев Жанубий Қозоғистон вилоятига келган. Идоралараро комиссия вертолёт ҳалокати тафсилотларини текширмоқда. Вертолёт қулаши ва чегарачиларнинг ҳалок бўлиши ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Аммо қочиб кетган жиноятчилар ҳақидаги маълумотлар Тошкент томонидан ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ. Озодлик Радиоси журналистлари кеча Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси билан боғландилар. ИИБ ходими Қозоғистон расмийлари ёйинлаган хабарни инкор этди.

Озодлик мурожаат қилган Тошкент вилоят Бўстонлик туман ҳокимлиги расмийси эса¸ туман ҳудудида кучайтирилган тартибдаги қамоқхонанинг ўзи йўқ¸ деган жавоб билан суҳбатни калта қилди.

“Фарғона.Ру” воқеа ривожланиши ортидан кузатишни давом этади.

Юрий Елисеев