21:42 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Давлатдан долларни фақат ҳуқуқ-тартибот ходимлари, мутасаддилар ва бандитлар сотиб олишлари мумкин

05.09.2009 08:38 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда долларнинг учта курси мавжуд: иккитаси давлат (молиявий оперцияларни амалга ошириш ва валюта алмаштириш учун) ва биттаси яширин. Аммо оддий фуқаролар америка пулини фақат қора бозорда, хусусий саррофлардан сотиб олишлари мумкин. Долларни валюта шохобчаларида арзон нархда сотиб олишнинг иложи йўқ: бу ерни аллақачон жиноий тузилмалар эгаллаб бўлганлар. Улар оддий одамларни шохобча деразаси олдига келтирмайдилар, сохта навбатларни ташкил этадилар ва бу ишга милицияни жалб этадилар. “Фарғон.Ру” мухбири Тошкентда давлатга қарашли валюта шохобчаларидан доллар сотиб олиш амалда қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.

* * *

Мустақиллик кунидан бир ҳафта илгари дўстим билан Тошкентдаги Навоий кўчасида жойлашган савдо расталарига ортехника сотиб олгани ва долларларни сўмга алмаштиргани йўл олдик. Давлатга қарашли валюта алмашув шохобчаларига топширадиган бўлсак, анча маблағ йўқотган бўлардик. Шунинг учун ҳам эски танишим Рустамга мурожаат қилишга қарор қилдик. Бир кун аввал долларнинг “қора бозор”даги нархи 1910 сўмни ташкил этган эди. Аммо “дўстимиз” кечирим сўраб 1840 сўмдан алмаштирди.

Чегаралар ёпиб қўйилган, деди Рустам, Россия ва Қозоғистондан товар оқими вақтинча тўхтаб қолган, долларга талаб пасайиб кетди, шунинг учун ҳам бўлса керак, доллар курси тушиб кетди. “Бешинчи сентябрдан кейин келинг, доллар яна кўтарилади”, - дея ишонтирди бизни Рустам.

300 долларни алмаштириб унинг “яширин” курси тушиб кетгани важидан 21 минг сўм йўқотдик. Шундан кейин бизга валюта алмашув шохобчасидан доллар сотиб олишга уриниб кўрайлик деган фикр келди. Расмий курс бўйича у ерда долларнинг нархи 1500 сўм атрофида бўлиш керак. Демак, у ерда 300 доллар олиб “қора бозор”да сотсак 100 минг сўм фойда қилишимизни тушундик ва валюта алмашув шохобчасига йўл олдик.

««
Валюта алмашув шохобчаси

Шохобча олдида кассир аёлга юзланиб бир эркак турар, унинг кенг елкаси касса туйнугини тўла тўсиб турарди. Биз унинг елкасидан ошиб доллар сотиб олиш ҳақида сўрамоқчи бўлган эдик ҳам, олдимизга милиционернинг югуриб келаётганини ва бизга зудлик билан бу ерни тарк этишимиз ҳақида бақираётганини кўриб қолдик. Милиционер келиб бизни киоск олдидан тезда суриб чиқарди, шу пайтда биз ойна ортида уч-тўрт миллион сўмга яқин минг сўмлик қоғоз пул пачкаларини кўришга улгурдик.

Ёш милиционер асабийлашиб бизни оқ “Нексия”дан чиққан фуқаролик кийимидаги одамнинг олдига жўнатди. Мошинадан чиққан киши биздан нима қилиб юрганимизни сўради. “Доллар сотиб олмоқчи эдик”, - дея тушунтирдим мен.

- Молиявий операция ўтказяпмиз, кейинроқ келинглар.

- Қачон?

- Айта олмайман.

-Доллар сотиляптими?

- Ҳа, паспортингиз бўлса, бир чорак давомида беш минг долларгача сотиб олишингиз мумкин...

Шунда биз нарироқда юздарида ажиб бир қатъият ифода этиб турган бир гуруҳ одамларни кўрдик. Улар ўз навбатларини кутиб турган эканлар. Улардан баъзилари навбати етиб келганида машина юкхонасидан пул солинган сумкаларини кўтариб шохобча туйнуги олдига йўл олишарди.

Бу ерда кутиш бефойдалигини англаб етдик. Ярмаркада бунақа шохобчалар битта эмасди, шунинг учун бошқа ерда омадимизни синаб кўрмоқчи бўлдик. Иккинчи шохобча ёнида милиционер турмаган экан, туйнукка қараб бу ерда доллар сотилмаётганини билдик. Демак бошқа ерга бориш керак.

««
Савдо расталари

Учинчи киоск олдига келдик. Бизга хушмуомалалик билан доллар ёндаги деразада сотилаётганини, аммо ҳозир у ерда тушлик қилаётганларини ва кутганимиз билан доллар етмаслиги мумкинлигини тушунтиришди. “Эртага келингчи, балки омадингиз келиб қолар”, - деди ойна ортида турган қиз истеҳзо ила илжайиб.

Иссиқда чарчаганимиздан ниятимиздан воз кечишга қарор қилдик. Бозоримизни байрамдан кейин давом этмоқчи бўлдик.

Доллар сотиб олишга умид йўқ

Рустам айтганидек байрамдан кейин доллар 1880 сўмгача кўтарилиб кетди. Қўлимизда ярим миллион сўмдан зиёд пул бор эди, шунинг учун ян бир бор омадимизни синаб кўрмоқчи бўлдик. Одам камроқ бўлармикан дея эрта тонгда чиқдик, аммо чучварани хом санаган эканмиз. Олдинги сафаргидек шохобча туйнугини кенг елкали киши тўсиб турган экан. Милиционер ҳам ортиқча асабийлашгани йўқ. Аммо бу ерда ҳамма нарсани тартибга солиб турган аёл ҳар қандай эътирозга ўрин қолдирмай, бу ерда оддий навбат эмас, балки обрўли, уч-беш минг доллардан сотиб оладиган одамлар туришларини тушунтириб қўйди. “Агар юз-икки юз доллар сотиб олмоқчи бўлсангиз, светофор ёнидаги киоскга боринг, у ерда пенсионерлар туради”, - дея маслаҳат берди у.

Меҳрибон аёл маслаҳат берган томонга йўл олдик. Ростдан ҳам киоск олдида қариялар кун тиғи остида турган эканлар. Уларни гапга солиб навбатда турган одамларнинг кўплигини аниқладик. Улардан бири бизни гапга солди: “Ҳа йигитлар, пулингизни алмаштирмоқчимидинглар? Бефойда, навбатда олтмиш киши турибди. Бу ерда ёлғиз аёллар туришибди, вақтингизни бекор ўтказмай жўнаб қолинг яхшиси”. Ҳазилга буриб юбормоқчи эдик, шунақангги қаршиликка учрадикки, доллар алмаштириш орзусидан воз кечиб тезроқ туёғимизни шиқиллатиб қолишни афзал кўрдик.

Шундан кейин Рустамни олдига боришга қарор қилдик, нималар бўлаётганини тушунтириб берар деган умидда.

- Ака, у ерга бурнингизни ҳам суқмаслигингизни маслаҳат берардим, - дейди хотиржамлик билан Рустам. – Сизга ҳам менга ҳам у ерда долларни ҳеч ким сотмайди. У ернинг ўз хўжайини бор, у ўз одамлари орқали пул айлантириб юради. “Мент”лар ҳам ўзининг улушини олиб юришади. Шунинг учун, омон қолишни истасангиз, уриниб ҳам юрманг, - деди сарроф кулимсираб.

Бир оз ўйлаб, пенсионерлар ҳам ушбу нопок ишларда шерик экан деган хулосага келдик. Йўқ жойдан катта фойда олиш мумкин бўлган ерга “кўчадан” келган одамни ҳеч ким қўймайди. Пенсионерларга хизмат ҳақи тўланади, бизга ўхшаганларни эса навбатдан қувиб солишади.

««
Савдо расталари

Навоий кўчасидаги савдо расталарида жойлашган валюта шохобчаларидаги аҳвол ҳам ҳудди шундай. Улардан доллар сотиб олиш ва кейинчалик яширин курс бўйича сотиш жараёни “мафия” деб аталувчи кимсалар томонидан назорат остига олинган. Оддий фуқаролар валюта алмашув шохобчаларининг олдига бошини суқа олмайди ҳам.

Шу билан бирга, навбатда турган “сохта” ҳаридордан бошлаб баланд мартабали мутасаддигача бўлган “занжир”нинг барча иштирокчиларига фойда келтираётгани учун ҳам бундай аҳвол мавжуд бўлиб келмоқда. Ўзбекистонда долларнинг учта курси мавжуд: биринчиси Марказий банк томонидан “молиявий операцияларни амалга ошириш” учун белгиланади, иккинчиси – валюта алмаштириш шохобчалари учун, учинчиси – валютани давлат курси бўйича сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлганларга катта даромад келтирувчи “қора бозор” курси. Аммо экспертларга кўра, “қора бозор”даги курс ҳам америка пулининг ҳақиқий қийматини акс этмай, деярли икки баробарига камайтирилган. Аслида долларнинг бугунги курси тўрт-беш минг сўм бўлиши керак эди.

Ўз ахб.



 

Реклама