03:43 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Россиянинг Тошкентдаги савдо ваколатхонаси қишлоқ хўжалиги махсулотларини олиб чиқиш бўйича қийинчиликлар ҳақидаги хабарларга раддия берди

01.09.2009 20:52 msk

Таҳририятдан

Фото © Фото © “Фарғона.Ру галереяси”

Фарғона.Ру” таҳририятига 24 август куни қандайдир мева ва сабзавотлар савдоси соҳасида ишлаётган Россия Ташкилотлари ва тадбиркорлари ҳамжамиятидан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига йўлланган мактуби келиб тушди. Тадбиркорлар Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар олиб чиқишдаги қийинчиликлар ҳақида билдирганлар.

Мактубнинг аноним муаллифларига кўра, Тошкент вилоятининг “Чуқурсой” чегаролди станциясида, Қозоғистон чегарасида 1 августдан бери юзга яқин вагон тўпланган. Уларда тез бузилувчи мева-сабзавотлар юкланган. Ўзбекистон чегарачилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқишга қандайдир тақиқ киритилишини баҳона қилиб россиялик тадбиркорлар томонидан сотиб олинган тез бузилувчи маҳсулот ортилган вагонларни чегарадан ўтказмаганлар.

Биз ушбу фактларни зудлик билан батафсил текширишга эриша олмадик; уларни Ўзбекистон ва Қозоғистондаги “Фарғона.Ру” агентлигининг ўз манбалари билвосита тасдиқладилар. Шунга қарамай, биз мазкур мактубни чоп этишга қарор қилдик.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида аслида нималар бўлаётганига ойдинлик киритишга уринишларимиз самара бермади. Кўринишидан, бизга ушбу ҳолат юзасидан шарҳ беришимизни сўраб мурожаат қилган Россиянинг бошқа ОАВ ҳам ўзларининг текширувларини ўтказа олганлари йўқ. Ўзбекистон газеталари бу ҳақда ҳеч нарса ёзмаяптилар. Ўзбекистон расмийларидан ҳам ҳеч садо чиққани йўқ.

Аммо бугун биз Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонасидан расмий жавоб олдик. Савдо вакили вазифасини бажарувчи Сергей Иванович Аверичев бизни “сўнгги вақт давомида Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси номига мева ва сабзаавотлар савдоси соҳасида ишлаётган Россия ташкилотлари ва тадбиркорлридан қандайдир шикоят ёки мурожаатномалар келиб тушмагани” ҳақида билдирдилар. “Россия ташкилотлари ва тадбиркорлари ҳамжамияти” ҳақида Россия Савдо ваколатхонасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Россия Савдо ваколатхонаси Ўзбекистон расмийлари томонидан киритилган расмий тақиқлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Ўзбекистондаги Россия давлат тузилмаси вакилининг раддияси ушбу масалада нуқта қўйиши мумкин эди, аммо иккита нарса буни йўққа чиқаряпти. Биринчиси – россиялик бизнесменларнинг мактубида расмий эмас, балки яширин фармон ҳақида сўз юритилган. Ўзбекистондаги назорат ва тартибга солувчи идоралар ўзларининг ғараз манфаатлари ортидан қувиб баъзан оғзаки равишда ўта радикал кўрсатмалар бериб турадилар ва одатда ўз ҳаракатлари учун ҳеч қандай масъулиятни зиммаларига олмайдилар. Ахир Ўзбекистонда “котта”нинг оғзаки сўзи ёзма фармондан солмоғи кам эмас ва сўзсиз бажарилади.

Иккинчиси – Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркорлар кўпинча ўз муаммоларини баралла овозда ошкор этишга журъат қилмайдилар, негаки, улар Ўзбекистон расмийларидан қўрқадилар. Бизнесменлар республикада кўп йиллар давомида ишлаш учун Россия элчихонасига, Россиянинг ҳокимият идораларига шикоят қилмай, муаммони тинч йўл билан, жойида келишиб, шахсий алоқаларни тиклашни афзал кўрадилар.

Тошкентлик темир йўлчилардан бири бизга қуйидагиларни сўзлаб берди.

“Чуқурсой” станциясиТошкент вилояти ҳудудидаги энг йирик сараловчи станция саналади. Бу ерда Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга жўнатиладиган темир йўл составлари тузилади. Одатда улар кечиктирилмай, вақтида жўнатилади. Битта составнинг шакллантиришга уч кундан ошиқ вақт кетмайди”.

“Лекин, бирорта кўринишдаги маҳсулотнинг мавсуми етиб келса, мисол учун, карам ёки бошқа мева-сабзавот бўлсин, чегарачилар турли нарсаларни баҳона қилиб тез бузиладиган товарни ўтказишни кечиктирадилар. Гумон қилишимча, пора берилишини кутадилар. Чегарачилар ва божхона ходимлари деярли барча тадбиркорларни танийдилар, экспортчиларнинг ҳар бири чегара постидаги ходимлар орасида яхши-яхши танишларни ортириб олишган ва юзага келган муаммони ҳал қилиш учун кимга қанча пора беришни яхши биладилар”.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда қовун-торвуз мавсуми бошланди. Россиялик тадбиркорлар бошидан кечираётган қийинчиликлар балки шу сабабдан юзага келгандир?..

Россиялик тадбиркорларнинг ўзбекистонлик ҳамкорлари билан ўртасидаги “қозонда” нималар қовурилаётганини кўришга имкониятимиз йўқлиги важидан ҳар доимгидек, “Фарғона.Ру” таҳририяти ўқувчиларимиздан ушбу мавзу бўйича ахборот беришларингизни сўраб қолади. Мактубларни ушбу саҳифада жойлаштирилган махсус форма орқали ёки ferghana@fergananews.com электрон манзилига йўллашингиз мумкин.



 

Реклама