11:01 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Бургут” жангчилари масжид олдида навбатчилик қилиб, болаларни таровеҳ номозига қўймаяптилар

31.08.2009 17:21 msk

Ўз ахб.

Муқаддас Рамазон ойида Наманган расмийлари одатдагидек диндорларга янги “совға” тақдим этдилар. Энди шаҳардаги 29 та масжиднинг ҳар бирида автомат билан қуролланган ва ниқоб таққан махсус тайинланган “Бургут” бўлинмасининг иккитадан жангчилари навбатчилик қилиб турибдилар. Уларнинг вазифаси – фақат Рамазон ойида адо этиладиган таровеҳ номозига келаётган болалар ва ўсмирларни масжидга қўймаслик. Вилоятдаги масжидлардан бирида имомлик қилувчи манбанинг маълум қилишича, кучишлатар тузилма ходимлари фақат ҳуфтан номозида навбатчилик қилиб турибдилар, негаки, кундузи масжидларга одамлар кам келадиган бўлиб қолган.

Болаларни жума номозларига қўйилмаётгани ҳақида аввал хабар бериб келганмиз. Расмийлар буни болалар мактабдаги дарслардан қочиб келаётганлари ва бунинг оқибатида болалар билим олишдан қолиб кетаётганларини рўкач қилиб келгандилар. Энди бўлса улар ҳатто дарсдан бўш бўлган кечки пайтда ҳам масжидга бора олмаяпдилар. “Болалар президентники, диндоларники эмас”, дея таъкидлашади расмийларнинг вакиллари масжид имомлари билан ўтказилаётган ишчи мажлисларида.

- Бу мажлислар тўлалигича сиёсатга айланиб кетди, - агентликнинг Ўзбекистондаги манбаси. Наманганда бундай мажлислар вилоят ҳокимининг муовини, собиқ КГБ полковниги Баҳодир Ирисов иштирокида ўтказилади. Унинг кўрсатмасига мувофиқ бош имом номозни ўтиб бериши керак, унинг ноиби эса шу пайтда масжид дарвозаси олдида туриб “бургутчилар” билан бирга болалар ва ўсмирларни масжидга қўймаслиги керак.

Манбанинг таъкидлашича, Баҳодир Ирисовнинг таҳқирлашлари имомларнинг жон-жонидан ўтиб кетган. Ҳоким муовини имомларни очиқдан-очиқ к... (бачавоз) дея таҳқирлар экан (имомлар бунинг исботи бор дея таъкидлашмоқда).

- Энди бўлса имомлар бундан кейин ишлашга ҳам ҳайрон бўлиб қолдилар, - дея ҳасрат қилади Наманган вилоятидаги имомлардан бири. – Агар ишни ташласак, қамаб қўйишлари ҳеч гап эмас. Ишлайверайлик десак, бундай хўрликларга чидаб бўлмаяпти.

Айтгандек, манбанинг таъкидлашича, республиканинг барча масжидларида ҳам шундай аҳвол юзага келган, ҳатто Тошкентда ҳам.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун биз Наманган вилояти ҳокимлигига қўнғироқ қилдик. Ҳокимликнинг дин ишлари бўйича бўлим котиби Азамат Абдураҳмонов мажлис ўтказаётган экан маънавият бўлимига телефон қиилишимни сўради. Бўлимнинг масъул ходими бизнинг масжидларда ростдан ҳам омончилар навбатчилик қилиб болаларни қўймаяптими, деган саволимизга: “Бунақа бўлиши мумкин эмас!” дея жавоб қайтарди ҳамда яхшиси шу соҳа бўйича масъуллар билан сўзлашишни маслаҳат бериб телефон гўшагини ташлаб юборди.

“Озодлик” радиосининг Намангандаги собиқ мухбири Носир Зокир телефон орқали шунга ўхшаш гапларни эшитганини, аммо буни текшириб кўриш лозим дея жавоб берди.

Шундан кейин биз шаҳарнинг марказий масжидларидан бири бўлган “Маҳдум Эшон” масжидига телефон қилдик ҳамда Наманган вилояти уламолар ҳайъати раисининг муовини Ҳорунхон домлани чақириб беришни сўрадик. Пешин номози вақти яқинлашганиа қарамай, масжидларда на имом ва на Ҳорунхон домла йўқ экан. Телефон гўшагини кўтарган кимса ўзини шу масжидда номозхонман, қоровуллар масжид саҳнини тартибга солаётганлари учун мен телефонни кўтардим, отим Мусохон деб ўзини таништирди. Бизни қизиқтирган саволни бердик унга. У болаларни ростдан ҳам масжидга қўйилмаётганини тасдиқлади, аммо эшик олдида омончилар эмас фақат мактаб ўқитувчилари навбатчилик қилаётганларини айтди.

Шунга қарамай манба масжид олдида бургутчилар навбатчилик қилаётганларини яна бир бор таъкидлаб, кеча “ёш техник”даги масжидда ҳуфтан номозида уларни ўз кўзи билан кўрганини айтди.

- Ака, “Бургут” ва имомлар билан ўтказилган мажлисдаги гапларнинг бари саҳиҳ - деди у.

Шунга қарамай мен таровеҳ номозига қатновчи яна иккита коллеж ўқувчиларига телефон қилдим. Аммо улар бораётган масжидларда (Хўжа Амин ва Маҳдум Эшон) омончиларни кўрмаганларини айтдилар.

Шундай қилиб, махсус тайинланган бўлим жангчиларининг масжид эшиклари олдида навбатчилик қилиб туришлари ҳақидаги хабар гумонлигича қолди, аммо болалар ва ўсмирларни масжидга қўйилмаётгани рост. Конституция дин ва виждон эркинлигини кафолатлаган ва давлат диндан ажратиб қўйилгани ҳолда Ўзбекистонда расмийлар ўша эркинликларни фаол равишда чекламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҳам Наманган масжидларида Рамазон ойида бир қатор чеклашлар киритилганди. Ўшанда вилоят уламолар ҳайъатининг раиси Абдулҳай Турсунов барча масжидларга таровеҳ номозлари кеч соат 22 дан кеч бўлмаган вақтда тугаши, имомлар бу ҳақда ҳар тунда телефон орқали ҳисобот беришлари лозимлиги ҳақида кўрсатма берганди. Бундан ташқари, “Фарғона.Ру” масжидлар олдига юзтадан ортиқ машина тўпланган ҳолда имом-хатиблар участка нозирларининг талаби билан тушунтириш хати ёзганлари, таровеҳ номози давомида фақат диний идора тасдиқлаган қорилардан фойдаланиш каби кўрсатмалар билан диндорларнинг ғашига тегадиган ишлар бўлиб ўтгани ҳақида ёзган эди.

Ўз ахб