16:33 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги отишма. Ҳодиса содир бўлган жойдан репортажга уриниш

30.08.2009 21:23 msk

А.Волосевич (Тошкент)

“Фарғона.Ру”га маълум бўлишича, бир томондан милиция ва махсус тайинланган бўлим ходимлари ва бошқа томондан қуролланган номаълум кишилар гуруҳи ўртасидаги жанглар 29 август куни Ўзбекистон пойтахтининг “эски шаҳар”дея аталувчи қисмида – Кўкча дарвоза даҳасида содир бўлган.

“Кўкча” масжиди биринчи шаҳар касалхонасидан тахминан бир чақирим нарида жойлашган. шу ерда йўл четида болалар боғчаси, ХХ асрнинг ўттизинчи йилларида қурилган икки қаватли ғиштли уй жойлашган. Унинг ортида эса маҳалла аҳолиси коттеж дея атайдиган хусусий уйлар маҳалла ичкарисига қараб чўзилган. Шанба кунги отишма ҳам айнан ўша жойда содир бўлган.

Норасмий ва ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, милиция ходимлари шу ерда жойлашган хусусий уйлардан бирини текширмоқчи бўлганлар, аммо уйдаги фуқаролар уларга эшикни очмаганлар ва ўзларининг қуролларидан ўқ ота бошлаганлар. Воқеа шоҳидларига кўра, отишма бошланиши билан қўшнилар уйларидан югуриб чиқиб ҳодиса содир бўлган жойга шошилганлар, аммо оёғидан яраланган милиционер уларга пешвоз чиқиб “Бу ердан узоқроқ қочинглар!” дея қичқирган.

Мечеть Кукча
“Кўкча” масжиди. Тошкент, муаллиф фотосурати.

Тез орада БТРлар етиб келган, уларнинг ичидан махсус тайинланган бўлинмасининг барзанги жангчилари чиқишган. Шундан кейин шунақанги отишма бошландики, маҳаллий аҳоли буни оддийгина қилиб “Даҳшат!” дея таърифлади. Воқеа содир бўлган ерга бир неча “Тез ёрдам” машиналари етиб келган.

Баъзи маълумотларга кўра, милицияга қаршилик кўрсатган икки киши ўлдирилди, яна иккитаси қўлга олинди. Яраланган тўрт нафар милиционер №1 Республика клиник касалхонсига етказилди.

Ҳодиса содир бўлган жой қуршовга олинди. Воқеа гувоҳларига кўра, иккита БТР йўлнинг икки томонини тўсиб қўйди. Аммо кеч соат тўққизга бориб бронетранспортерлар бу ердан жўнаб кетдилар.

Во дворе этого дома все и просходило
Милиция бандитларни шу ҳовлида қўлга олди. Тошкент, муаллиф фотосурати.

Шу пайтнинг ўзида, Чилонзор массивида яшайдиган баъзи одамларнинг айтишича, Чилонзорнинг 5-чи, 6-чи ва 7-чи даҳаларида, Фарҳод бозори ёнида ҳамда Алгоритм массивида ҳам ўқ товушлари эшитилган. Санаб ўтилган даҳаларнинг Кўкчадан айнан шу тартибда узоқлашувини ҳисобга оладиган бўлсак, милиция билан жанг қилган номаълум шахсалар шу йўналишда чекиниб таъқиб этувчилардан қутилишга уринган бўлишлари мумкин дея тахмин қилиш мумкин.

Чилонзорнинг баъзи даҳаларида участка нозирлари уйлар ёнида ўтирган одамларга тезда уй-уйларига тарқалишни буюрганлари аниқ гап. Алгоритмда кўплаб милиционерлар тўпланганлар ва турар-жой массивининг маълум бир қисмига одамларни ўтказмаганлар. Эҳтимол ўша жойда отишма содир бўлган бўлиши мумкин.

Аммо бошқа маълумотларга кўра, Кўкча дарвоза даҳасида қуршов ортидан отишма кучайган. Қуршовни ёриб ўтиш амри маҳоллигини ҳисобга олинадиган бўлса, Чилонзор ва Алгритмдаги отишмалар бор-йўғи миш-миш бўлиши мумкин.

“Фарғона.Ру” мухбири бугун ҳодиса содир бўлган жойда бўлди. Кўкча дарвозадаги икки қаватли уй олдида ўша ерда истиқомат қилувчи одамлар кеча бўлиб ўтган ҳодисаларни паст овозда муҳокама этаётган эканлар. Биринчи подъезд ёнида милиционер одамлардан кеча нималарни кўрганини суриштирарди. Менга бирор нарса дейишдан ўзларини тийилди: “Яхшиси ана у ерга боринг, коттежларнинг олдига, эллик қадам нарида ҳаммаси содир бўлган”. Аммо “у ерга” ўтиб бўлмайди. кўчанинг ўртасига арғамчи тортиб қўйилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва гувоҳлар сўралмоқда. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда бундай ҳолларда тилни тийишга ўрганиб қолишган, акс ҳолда ўзингни ҳам жиноятчиларга шерик қилиб қўйишлари ҳеч гап эмас.

Аммо уй ҳовлисида менга барча тафсилотларни сўзлаб беришга тайёр бўлган аёлни учратдим. Лекин у билган нарсаларда янгилик йўқ эди.

- Ҳаммасини ўзингиз кўрдингизми?

- Йўқ, “Фарғона.Ру” да, уяли телефон орқали ўқидим.

Рўпарамдан маҳалла оқсоқоли чиқиб қолди. У ҳам мен билан гаплашгиси келмади, фақат кеча милиция билан жангга кирган одамлар бу уйда яшамайдилар, кўринишидан улар бу ерга қочиб кирган бўлсалар керак деб айтди.

Шу пайтнинг ўзида, воқеа содир бўлган жойда мендан олдин бўлишга улгурган таниш журналистга кўра, маҳалла аҳолиси бўлиб ўтган ҳодисани ўзаро муҳокама қила туриб уларнинг исмларини атаганлар (“фалончи ҳам бор эди, писмадончи ҳам”). Яъни, улар шу маҳаллада яшамаган бўлсалар ҳам, шу ерга яқин бўлган жойда яшаган бўлишлари мумкин.

Отишма содир бўлган жойдан икки юз метр нарида жойлашган “Шоҳрух” чойхонасининг мижози ҳозир рўза, кеча ўша пайтда одамлар бу ерда шомдан кейин ифторга тўплана бошлаганлар деди. Кейин бўлса милиционерлар келиб ҳаммага жой-жойида ўтиришни ва кўчага чиқмасликни буюрдилар. Отишма соат 18.40 да бошланди ва тахминан 20 дақиқа давом этди. Ташқарига ҳаммаси тинчиб бўлганидан кейин, тахминан уч соат ўтиб чиқдилар.

Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон расмийлари ҳеч қандай баёнот ёйинлаганлари йўқ. Кўринишидан, улар бўлиб ўтган воқеани қандай қилиб тақдим этишни келишяптилар, шекилли. Отишма натижасида қанча одам ўлгани ёки яралангани ҳақида ҳам маълумот йўқ. Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раиси Сурат Икрамов воқеа гувоҳларига таяниб тўртта ёки олтита милиционернинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. “Веритас” ёш ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотининг манбалари отишмада уч нафар номаълум шахсларнинг ўлдирилганини, уларнинг жасадлари бир мунча вақт давомида “Кўкча” масжиди ёнидан ўтган йўлда ётганини маълум қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил бошланганидан бери бу шунга ўхшаш ҳодисаларнинг учинчиси бўлиб қолмоқда. Биринчиси – Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида номаълум жангарилар блокпостга ҳужум қилдилар, эртаси куни эса Андижоннинг ўзида ҳудкуш террорчилар томонидан бир неча портлашлар амалга оширилган. Иккинчиси – август ойида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ўзбекистонлик чегарачиларнинг номаълум жангарилар гуруҳи билан тўқнашуви бўлиб ўтди. Ва мана ниҳоят учинчиси – кеча Тошкентда.

Алексей Волосевич