06:52 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон россиялик тадбиркорлар сотиб олган мева ва сабзавотларни чиқармаяпти

26.08.2009 07:52 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” таҳририятига мева-сабзавот савдоси соҳасида ишлаётган Россия ташкилотлари ва тадбиркорлари ҳамжамиятининг Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига ёзган очиқ хати келиб тушди. Россиялик тадбиркорлар Ўзбекистон мева ва сабзавотларини Россияга экспорти атрофида юзага келган нохуш вазият ҳақида билдирмоқдалар. Тошкент вилоятининг “Чуқурсой” чегаролди станциясида, Қозоғистон чегарасида 1 августдан бери юзга яқин вагон тўпланган. Уларда тез бузилувчи мева-сабзавотлар юкланган. Вагонларни чегарадан ўтказмаяптилар, мактубда айтилишича, “барча телефон қўнғироқлари ва сўров мактубларига Ўзбекистон темир йўлларидан фақат битта жавоб келяпти: “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқишга тақиқ киритилиши муносабати билан зиён кўрмаслигингиз учун вагондаги маҳсулотни тушириш таклиф этилади”.

Россиялик тадбиркорлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб чиқишга тақиқни ҳеч ким кўрмаганини, уни ким имзолагани номаълум бўлиб қолаётганига эътибор қаратмоқдалар. “Агар тақиқ темир йўл томонидан киритилган бўлса, унда нега ўша маҳсулотни юклаб олган автофургонларни ҳам тўхтатиб қўйдилар? Ўзбекистон чегарачилари қандайдир тақиқ бор дея уларни ҳам чиқармаяптиларку. Қизиғи шундаки, бирорта ҳам идора ушбу саволларга ёзма равишда жавоб бермаяпти: ушбу тақиқ қачонгача амал қилади ва нимага асосланиб киритилди? Тақиқ вақтинчами ёки доимий?” – дея сўралади россиялик тадбиркорларнинг Ўзбекистон ҳукуматига юборган мактубида.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчилар вагон ва автофургондаги юкларни туширмай, тақиқ бекор қилинармикан деган умид билан ўтирибдилар. Зиён миқдори улкан суммани ташкил этади: маҳсулот бузилишидан ташқари, ҳаридорлар маҳсулот етказувчиларига жарима санкцияларини қўллаймиз дея таҳдид этмоқдалар. Мева ва сабзавотларнинг етиб келишини кутиб ўтирган Россиянинг “Узрострейдинг”, “Внешагроторг”, “Ростэк-терминал”, “Фруктторг”, “Восточний сад” ва кўплаб бошқа кўплаб савдо корхоналар ҳам анча зиёнга кириб кетганлар, ахир улар ҳам келадиган маҳсулот учун кимдир қисман, бошқаси эса тўлалигича пулини тўлаб қўйишган, боз устига, йўл харажатлари ҳам бор...

Россиялик тадбиркорларнинг битта саволи бор: агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб чиқишга “тақиқ” бор бўлса-ю, у меъёрий ҳужжат мақомига эга бўлса, унда “умум ҳуқуқий тамойилларга кўра, у кучга киришдан аввал мавжуд бўлган ҳуқуқий муносабатларга тегишли бўлмаслиги лозим. Бу ҳолатда суд ҳимояси учун имконият пайдо бўлади. Яъни, бу меъёрий ҳужжат устидан судга шикоят аризаси берилади ҳамда келтирилган зарарни қоплатиб олишга уринилади. Агар ёзма фармон йўқ бўлса, унда “давлат идоралари, шу жумладан Ўзбекистон президенти ҳам қонунчилик ва ҳуқуқий тартиботнинг кафолати сифатида ушбу вазиятга нега аралашмайди?” Балки, “Ўзбекистонда легитим ҳокимиятдан ташқари бошқа, кучлироқ кучлар бор” бўлиб, уларнинг қарорлари барча давлат вакиллари томонидан бажарилиши шартдир?”

Аммо ҳозирча бу масалаларга аниқлик киритилгани йўқ, маҳсулот етказиб берувчилар ва ҳаридорлар учун бир мўжиза юз беришини кутиб ўтиришдан бошқа чоралари қолмаган бўлса керак.

Мактубда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ўзбекистонлик бизнесменларда ҳам юзага келадиган қийинчиликларга эътибор қаратилмоқда. 2007 йилгача давлат мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини фақат рағбатлантириб келган. Мева-сабзавот етиштирувчилари учун эса ҳар қандай олдинги тўловларсиз ва ҳеч қандай кафолатларсиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорти рухсат бериб келинган. Аммо 2007 йил ёзининг ўртасида, мева-сабзавот ғарқ пишганда кутилмаганда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 17.07.2007 сана №145 қарори чиқди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини тақиқлаб қўйилди. Фақат “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси ҳамда “Матлуботсавдо” компанияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлди. Киритилаётган чеклашларни халқ фаравонлиги борасида қайғуриш билан изоҳланди. Гўёки, чеклашлар киритилса, ички бозор арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўлар эмиш. Аммо ўшандан бери қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархи фақат ўсмоқда, негаки, ёқилғи-мой материаллари, минерал ўғитлар, химикатлар, электр энергияси, газга харажатлар доим ўсиб келган. Ички бозор эса, мактубда қайд этилишича, “бу маҳсулотларга доим тўлиб келган”.

Аммо барча тўсиқларга қармай, ўзбекистонлик тадбиркорлар кўп ҳолларда бири-бирига зид келувчи кўрсатмалага қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишга эришиб келган. Бунинг учун улар қишлоқ хўжалик маҳсулотларига нарх-навони белгилаб берувчи Ўзбекистон ҳукуматидан бошлаб божхона постигача бўлган барча мутасаддилар поғоналаридан шартномаларни маъқуллатиб олишлари лозим. Расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар орасида – “Матлуботсавдо”нинг ижозати, банкдан рўйхатдан ўтиш, шартномани божхона идораларида рўйхатга киритиш ҳамда кўплаб экспертизаларнинг ўтказилиши.

Россиялик тадбиркорларни бир савол ўйлантириб қўйди: яхшиси ўша маҳсулотларни қўшни мамлакатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан сотиб олса, осонроқ кечмасмикан? Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидан ташқари мева-сабзавот Молдавия, Озарбайжон, Европа ва Шарқий Осиёда ҳам етиштириладику...

Мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси соҳасида ишлаётган Россия ташкилотлари ва тадбиркорлари ҳамжамияти ўз мактубининг охирида шундай саволни қўйдилар: “Ўзининг қонунларини ҳамда умумжаҳон принципларни инкор этаётган давлат билан муомала қилиш жоизми?” ва Ўзбекистон ҳукуматидан “аҳволни ўрганиб чиқишни ҳамда Ўзбекистон халқи фаравонлиги ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўлида юзага келган вазиятни тўғрилашни” сўрашмоқда.