15:46 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги дин пешволарига суиқасдларнинг ортида ким турибди?

05.08.2009 14:38 msk

Ўз ахб.

2009 йил 31 июль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат тунги ўн яримда Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсуновга суиқасд содир этилди. Имомнинг шогирдлари ва тарафдорларидан олинган дастлабки маълумотга кўра суиқасд унинг уйи олдида амалга оширилган. Уч нафар номаълум шахслар имомни уйидан чақиртирганлар. У дарвоза ёнига келганида эса тўққиз марта пичоқ урганлар. Пичоқ зарбалари беш марта имомнинг қўл ва тирсак қисмига, қолганлари қорин бўшлиғига теккан. Олишув ва қичқириқлар шовқини қўни-қўшниларнинг эътиборини жалб этган. Уларнинг қўққисдан пайдо бўлиши тунги меҳмонларни қўрқитиб юборди. Имомни пичоқлаган шахслар ўзларини кутиб турган оқ рангли “Матиз” автомобилига югуриб бордилар ва ҳодиса содир бўлган жойни тарк этдилар. Айни пайтда тергов идоралари ўша автомобилни қидиришяпти.

Имомга яқин бўлган манбаларга кўра, суиқасд содир бўлганидан беш кун ўтиб Анвар қори кўзини очган. Унинг ҳозирги аҳволини барқарор дея баҳоламоқдалар.

Ўзбекистон пойтахти диндорлари орасида 51 ёшли Анвар қори Турсуновнинг обрўси баланд, у республиканинг энг таниқли дин олимлари қаторидан жой олган. Ҳудди шунинг учун ҳам диний пешвога суиқасд ҳақидаги хабарлар мамлакат аҳолиси ўртасида жуда тезлик билан ёйилди ва турли миш-мишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.

Баъзи норасмий фаразларга кўра, суиқасд ортида экстремистик гуруҳларнинг вакиллари турган бўлиши мумкин. “Кўкалдош” масжиди қавмининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Анвар қори жума маърузалари давомида ваҳҳобийлар ва “Ҳизбут-Таҳрир” ҳаракати тарафдорларини қаттиқ танқид остига олиб келган. Улар суиқасд ортида айнан “Ҳизбут-Таҳрир” ҳаракатининг тарафдорлари турганига ишончлари комил.

Маҳаллий диндорларга кўра, тақиқланган ҳаракат тарафдорларини ушбу суиқасдга ундаган бошқа сабаб ҳам бўлиши мумкин. Анвар қори Турсунов аслида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва мамлакат вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг хизматига тайёр бўлган диний экспертлар гуруҳи таркибида ишлаган ҳам. Унга ўхшаган экспертлар чиқарган хулосалардан тергов идоралари у ёки бу вазият ҳамда у ёки бу адабиёт бўйича савол туғилганида фойдаланиб келишган. Аммо расмий диний идора вакиллари у ёки бу диний гуруҳларнинг экстремистик эканлиги борасида хулоса чиқаришда Анвар қорининг иштирокини мутлақо инкор этмоқдалар. Лекин пойтахтнинг бош имоми шундай гуруҳларга қарши танқидий мавъизалар билан чиққани, уларнинг баъзи диний қоидаларни тафсир қилишда йўл қўйган хатоларини тушунтиргани рост.

Нуфузли имомнинг бошқа сифатларидан бири – унинг мамлакатдаги жазони ўташ муассасаларига расман кириш ва диний эътиқоди учун озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлганлигида. Диний уламолар вакилларининг таъкидлашича, ушбу суҳбатларнинг аксарияти тавсия ва тушунтириш характерига эга бўлган. Яъни, зоналарда суҳбат ўтказаётган уламолар у ёки бу маҳкумга (одатда, уларнинг аксарияти “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзолиги учун қамалган) уларнинг танлаган йўли Ислом динининг асл мазмун ва моҳиятини бузаётганини тушунтиришга уринадилар. Кўпинча, бундай суҳбатлар давомида расмий уламолар ва “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзолиги учун қамалган маҳкумлар ўртасида алоҳида диний масалалар бўйича баҳс-мунозаралар бошланади. Шу пайтда уламолар суҳбатдошларининг тафсил қилишларида хатолик борлигини исботлашга киришадилар ва шу билан бирга, агар улар хатоларини тан олсалар, бу нарсани ёзма равишда қайд этиб олиш яхши бўларди дея эслатадилар.

Маҳаллий диндорлар ва уламоларга кўра Ўзбекистон пойтахти имомининг бу каби фаолияти суиқасднинг ортида Анвар қорининг фикрига мутлақо қўшилмайдиган диний гуруҳлар вакиллари турибди деган тахминларга асос бўла олади. Шу билан бирга, уламолар ва имомнинг яқинлари можаро унга қарашли ҳудудда қандайдир тадбиркорликка ҳомийлик сабабидан содир бўлгани борасидаги фаразларни қатъий инкор этишмоқда. Анвар қори тарафдорларининг таъкидлашича, бош имом ҳеч қандай бизнес билан шуғулланмаган, унинг асосий даромадлари диний маросимларни адо этишдан тушадиган маблағлардан ташкил топган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон пойтахтининг бош имомига нисбатан содир этилган суиқасд пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари яшириб келган бошқа қотилликни ошкор этиб қўйди. Аниқланган маълумотларга кўра, шу йилнинг 16 июль куни “Кўкалдош” мадрасаси мудирининг маънавият ишлари бўйича муовини, 37 ёшли Аброр Аброров ўлдирилган экан.

Тергов аниқлаган маълумотга кўра, А.Аброров Сирғали-6 даҳасидаги уйининг подъездида қўл телефонида гаплашиб турган пайтида ўлдирилган. Унга ҳужум қилганлар кўкрагига етти марта пичоқ урганлар ва тўмтоқ нарса билан юзига икки марта урганлар. Аброров олган жароҳатлардан ўша жойнинг ўзида жон берган, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўзғатилган иш эса тез орада маҳфийлик пардасига ўралди. “Фарғона.Ру” агентлигининг ишончли манбалари маълум қилишича, ҳужум қилганлардан бирининг фотороботи яратилган, жиноий иш бўйича жами 147 киши қўлга олинган. Айни пайтда уларнинг қотилликка алоқадорлиги текширилмоқда.

Қизиғи шундаки, ҳужум содир этилган пайтда А.Аброровнинг ёнида 2300 АҚШ доллари, 50 Евро, 13,5 сўм ўзбек пули (8-9 долларга яқин), пластик карточкада 60 минг сўм пул (43 доллар) ва машина калити бўлган. Марҳумнинг чўнтагидан ҳеч нарса олинмаган. Шундан келиб чиқиб талончилик мақсадида ҳужум қилинган деган фаразлар мутлақо инкор этилмоқда. Сўнгги тафсилот уламоларда ҳужум ортида тақиқланган диний гуруҳлар вакиллари турган деган шубҳаларни уйғотди.

Аброр Аброровни яхши таниган диндорлардан бирининг айтишича, мадраса мудирининг муовини иккита олий диний таълим муассасасини тамомлаган. Тошкент Исломий университетини тугатганидан кейин у Мисрга бориб Ал-Азҳар университетида таҳсил олган. Етарли даражада диний билимларни эгаллаб хизмат поғоналарида тез кўтарилишга эришган. Боз устига, уни ҳам баъзан эксперт хулосаси чиқаришда эксперт комиссияси ишида иштирок этишга жалб этиб туришган.

Республика Тез ёрдам марказининг реанимация бўлимида ётган шаҳарнинг бош имоми аҳволига алоҳида эътибор қаратган диний уламолардан фарқли ўлароқ мамлакат ИИВ ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг вакилларидан иборат тергов гуруҳи ҳозирча қандайдир фаразларни илгари суришдан ўзини тийиб турибди.

Уларнинг бундай позициясини жамият вакиллари ҳам қўллаб, тергов тадбирларига жиддий ҳалақит беришига ва бегуноҳ одамларнинг ҳибсга олинишига сабаб бўладиган турли ўйламай текширилмаган фаразларни илгари суришда тийилишга чақирмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари кучишлатар тузилмалари ходимларини ва тергов гуруҳини ҳар бир фаразни синчковлик билан ўрганишга чақирмоқдалар ва қабул қилинган ҳар бир нотўғри қарор кимнингдир ҳаётини издан чиқариши мумкинлигини эслатмоқдалар.

Ўз ахб.