00:41 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда миллий валюта яна қадрсизланишга бошлади

03.08.2009 06:26 msk

Умар Шариф

Сўнгги бир ярим-икки ҳафта давомида Ўзбекистон пойтахтидаги “қора бозор”да сўм 4,4-4,5 фоизга арзонлади ва 29 июль кунига келиб долларнинг нархи 1880-1890 сўмни ташкил этди. Шу билан бир пайтда, тижорат банклари қошидаги валюта алмашув шохобчаларида долларнинг нархи 1502-1505 сўмга баҳоланмоқда. Марказий банкнинг расмий курси 1489,2 сўмга тенг. Йил бошида “қора бозорда” доллар кескин тарзда кўтарилиб бир неча ой давомида 1780-1790 сўм даражасида сақланиб қолганини, бир ой илгари 1800 сўмдан ошгани ҳамда икки ҳафта давомида 1800-1820 сўм даражада сақланиб қолгани ҳисобга олинадиган бўлса, буни сезиларли даражада кўтарилиш дейиш мумкин.

2009 йил бошланганидан бери сўм “қора бозор”да 27-28 фоизга ($1 учун 1470-1490 дан 1880-1890 сўмгача), банк ва валюта алмаштириш шохобчаларида 7,6 фоизга ($1 учун 1396-1399 дан 1502-1505 сўмгача) ва Марказий банк курси бўйича ($1 учун 1393 дан 1489,2 сўмгача) арзонлади.

2008 йил билан қиёслайдиган бўлсак, ўтган йили ўзбек валютаси “қора бозор”да 13 фоизга, тижорат банкларида ва валюта шохобчаларида 7,55-7,53 фоизга, Марказий банк расмий курси бўйича эса 7,88 фоизга арзонлаган.

Шу билан бирга, бир ярим йил ичида “қора бозор” ва Марказий банки курси ўртасидаги фарқ 2008 йил 1 январь ҳолатидаги 19 сўмдан (1,5%) ҳозирги пайтда 403 сўмгача (27%) кўтарилди.

Албатта, сўмдан ташқари қўшни мамлакатларнинг валюталари: рубль, тенге, сом ва бошқалар ҳам қадрсизланган. Ўзбекистон иқтисодиёти учун бу ҳолат яхшилик саналади, негаки, миллий валютанинг расмий ва норасмий курслари ҳаддан зиёд ошириб юборилган. Бу ҳақда 2002 йилда Халқаро валюта фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эрик де Вайдер ҳам айтганди. Экспертларга кўра, сўмнинг курси бир неча баробарига ошириб юборилган бўлиши мумкин. Сўм “қора бозорда” мунтазам равишда пасаётгани билан бу нарса жуда секинлик билан амалга ошмоқда. Маълумки, оширилган миллий валюта курси экспортга тўсқинлик қилади, аммо импортни жуда фойдали бўлишига кўмак беради. Ҳокимията яқин гуруҳлар ҳудди шу иш билан машғул. Шу муносабат билан 2009 йил 1 июнь куни имзоланган президентнинг “Жисмоний шахсларнинг мамлакатга истеъмол молларини олиб киришни тартибга солиш тўғрисида” қарорини эслайлик. Мазкур қарорга кўра, жисмоний шахсларнинг қўшни мамлакатлардан олиб кирадиган моллари 10 доллардан ошса, божхона тўловларини тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистонда сунъий тарзда долларни кўтарилган курси анъанивий услублар ёрдамида: савдони чеклаш, ойлик маош ва пенсияларни кечиктириб бериш ҳамда хусусий тадбиркорларнинг банкдаги ҳисоб рақамларини музлатиб қўйиш, яъни, пул маблағлари айланмасини иложи борича секинлатиш йўли билан қўллаб келинади. Ҳолбуки, иқтисоднинг ривожланиши учун бунинг айнан акси, яъни, пул айланмасининг тез бўлиши фойдали саналади, аммо бу ҳолат ҳукмрон бизнес гуруҳининг шахсий манфаатларига зид келади. Кризис туфайли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан келаётган пул ўтказмалари миқдори ҳам камайди, шу муносабат билан нақд долларларнинг “қора бозор”га таъсир кучи камайди.

Хулоса ўрнида шуни яна қайтариб ўтмоқчиманки, миллий валютанинг сунъий кўтарилган курсини қўллаш, конвертацияни чеклаш ва сўмнинг мавжуд бир неча ҳил курслари ҳукмрон доираларга яқин бўлган гуруҳларнинг манфаати учун жуда катта фойдаси бор. Уларнинг манфаатларига қараб мамлакат иқтисодиётининг умумий йўналишлари белгиланади ва президент Каримов иқтисодий сиёсатининг узвий қисми бўлиб қолган. Ушбу сиёсат деярли йигирма йилдан бери олиб борилмоқда ва унинг натижаси ўлароқ миллионлаб ўзбек муҳожирлари иш қидириб ватанларини тарк этмоқдалар.

FONT FACE="Arial" COLOR="#7A7A7A"> Умар Шариф