22:00 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Турин политехника институтига кириш имтиҳонлари қоидабузарликлар билан бўлиб ўтди

28.07.2009 10:09 msk

Мусoфирбек Озод (Тoшкент)

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Тошкент шаҳрида Турин политехника институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори чиққанида, бўлажак абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун мамлакатдан ташқарига чиқмай сифатли европача таълим олиш истиқболи пайдо бўлгандай бўлди.

Ваъдалар, кутишлар...

Италия университетининг филиалини очиш ғояси Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Турин политехника институти, “Ўзавтосаноат” акционерлик жамияти ва General Motors – Uzbekistan корпорацияси ўртасидаги ҳамкорлик маҳсули ўлароқ пайдо бўлди.

Янги олий таълим муассасининг дастурига кўра, 2009-2010 ўқув йилида тўртта факультетга автомобиль, машинасозлик ва электротехника саноатида энергетика, корхоналарда ва саноат ва фуқаролик лойиҳалаш ҳамда қурилишларда талаб этилган ҳамда келажакда юқори малакали мутахассис бўлиб етишадиган жами 200 та талаба қабул қилинади. Улар Машинасозлик технологияси, Энергетика, Архитектура ва саноат дизайни, Ахборот технологиялари ва АБТ (автоматлаштирилган бошқарув тизимлари) факультетларида таълим оладилар. Шунингдек, университетда талабалар инглиз тилидан ташқари итальян тилини ҳам ўрганадилар.

Янги олий таълим муассасасида ўқишни истовчиларни университетнинг техник лабораторияларнинг замонавий жиҳозлангани ҳам жалб этомоқда. Айни пайтда Қорақамиш массивида “Нукус” кинотеатрининг олдида Турин политехника институти филиали биносининг қурилиши жадал суратлар билан олиб борилмоқда.

Шунингдек, ўқиш Ўзбекистон давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда, Турин политехника университетининг ўқув режаларига мувофиқ олиб борилиши ҳам маълум. Uzmetronom хабар беришича, айни пайтда пойтахт Жаҳон тиллари университетининг ўқитувчилари гуруҳи ушбу таълим юрти талабалари учун Ислом Каримовнинг китобларини ва Ўзбекистон тарихи бўйича дарсликларни инглиз тилига таржима қилишаяпти.

Университетга кириш имтиҳонлари математика, физика ва мантиқ бўйича Турин политехника университети тавсия қилган дастурларга мувофиқ ўтказилади. Таълим инглиз тилида олиб борилади, шунинг учун, қабул комиссияси абитуриентлар педагогларни тушуна олишларини аниқлаш учун суҳбат ўтказилиши ҳам ўзда тутилган.

Университет маълумотига кўра, талабалар Турин университети имтиҳон комиссияси томонидан ўтказилган кириш имтиҳонлари натижасига кўра биринчи курсга қабул қилинади. Шундай қилиб, ёшларга яхши таълим беришга имконият берувчи қабул комиссияси мустақил ва холис бўлиши ҳақида билдирилган эди.

... ва чинакам воқелик

2009 йил 13 июль куни математика, физика ва мантиқдан имтиҳонларнинг сўнгги кунида “Фарғона.Ру” мухбири абитуриентлар билан суҳбатлашди. Улардан бири имтиҳон топшириш ҳуқуқини киритиш учун қандай тўсиқларга дуч келгани ҳақида сўзлаб берди.

“13 июль куни эрталаб биринчи блокнинг (математика, физика ва мантиқ) сўнгги имтиҳонларидан бири бошланди. Имтиҳон эрталаб соат 7 да бошланди. Унга фақат Давлат тест марказининг пропуск карточкаларини олганлар киритилди, холос. Аммо мен бундай “дэтээм” карточкасини ололмадим, негаки, қабул комиссиясида бизни ҳар куни “эртага келинг” билан боқишди ва ушбу пропуск карталари “ҳали Давлат тест марказида тасдиқланмади” деб айтишди. Аввалига бу пропуск карталарини июль ойининг бошида берамиз деб ваъда қилдилар, кейин эса имтиҳон ўтказиладиган кунда берилади дейишди. Шундай қилиб, пропуск карталарини ололмадик, на 13 июлда ва интервьюдан ўтиладиган бошқа кунларда ҳам кўпчилик абитуриентларни имтиҳон олинадиган аудиторияларга қўймадилар”, – дея бошидан ўтганларини ҳикоя қилади ёш йигит. У Турин политехника университетига Ғарб мамлакатларида тан олинажак итальянча диплом олиш умидида келганди.

Эслатиб ўтамиз, Турин политехника университетида айни пайтда дунёнинг турли бурчакларидан келган 28 минг талаба таълим олмоқда. Университет 1859 йилда очилган ва бошланишида Инжиниринг техник мактаби (Scuola di Applicazione per gli Ingegneri) деб аталган. 1906 йилдан бери ҳозирги номи билан аталади. Уни яна Қироллик политехника университети (Regio Politecnico di Torino) ҳам деб атайдилар. Технологик профилдаги таълим муассасалари орасидаги рейтингда дунё бўйича 51 ўринни эгаллаган ва Шеффилд (Буюк Британия), Британия Колумбияси (Канада), Токио (Япония) ва Сидней (Австралия) каби таниқли университетлари билан ёнма-ён туради.

Бўлажак техник мутахассисларни қабул қилиниши ҳақида бошқа суҳбатдошимнинг фикрлари кескинроқ чиқди: “Таниш-билиши йўқ, фақат ўз миясига ишонаётган содда абитуриентлар учун бу навбатдаги “лақматрон” бўлиб қолди”.

Шу муносабат билан бир савол туғилади: Турин университетининг раҳбарлари олий таълим муассасасининг обрўси маҳаллий коррупция ботқоғида шунчалик тез лойга беланганини фаҳмлаб етдиларми? Менга суҳбатдош бўлган яна бир қизнинг фикри шу саволга жавоб бўлса ажаб эмас. “Қабул комиссияси иш фаолияти давомида мен фақат битта чет эллик вакилни кўрдим, холос. Кўринишидан, италиялик бўлса керак. У рус тилини билмас экан, мен унга инглиз тилида савол билан мурожаат қилдим. Шунда у мени маҳаллий ходимларнинг олдига юборди. Мен саволларимни ўша хорижлик кишининг ўзига таржима қилиб беришларини сўрадим, улар эса мени қизиқтирган барча саволларга ўзимиз жавоб беришга қодирмиз, бу одам “оддий меҳмон”, холос, деб айтдилар. Кўпчилик абитуриентлар “дэтээм”лар кечикаётганидан ғазаблана бошлаганларида, бу италиялик меҳмоннинг изини ҳам топа олмадилар”, - дейди Турин университетига ўқишга кирмоқчи бўлган вилоятлардаги институтлардан бирининг талабаси Нигора С.

Пировардида, имтиҳонларга ва инглиз тилидан суҳбатга ҳамма истаган абитуриентлар кира олмадилар.

Имтиҳонга кира олмаган абитуриентлар гуруҳи тез орада прокуратурага совуққонлик ва имтиҳонга киришга қасддан тўсқинлик ҳолати юзасидан Тошкент филиалининг раҳбарлари, қабул комиссиясининг аъзолари ҳамда Давлат тест маркази устидан шикоят аризалари билан мурожаат этмоқчи бўлиб турибдилар.

Тест натижалари маълум бўлди. Уларни қайта кўриб чиқилмаса керак. Негаки, бу нафақат Тошкентдаги филиалнинг, балки Турин университетининг обрўсига ҳам футур етказади. Аммо қоида бузилишлари ҳолати ошкор бўлиб, прокуратура ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига етиб борса, шунингдек, шикоят аризалари кўриб чиқилса деган умидлар кишига оптимистик руҳият баҳш этади. Балки, келгуси йилда олий таълим муассаса раҳбарияти талабаларни танлаш жараёнига ўз эътиборини кучайтирар. Имтиҳонларга кира олмаган ва келгуси йилда ҳам ўз кучини синамоқчи бўлган “йиқилган” абитуриентлар шу нарсага умид қилмоқдалар.

Қайд этиш жоизки, бутун республикадан “олтин ақлларни” жалб этиш кампанияси олий таълим тарихида илк бор тайёрлов курсларини ҳам ўз ичига олди. Бу курслар бутун Ўзбекистон бўйлаб 2009 йил 1 июнь кунидан бошлаб ўтказилди. Имтиҳонларни муваффақиятли равишда топширган абитуриентларга эса Тошкентгача ва қайтиш йўлкиралари қоплаб берилди.

Турин политехника университети филилалининг бошига 2002 йилда давлат раҳбари ташаббуси билан очилган Весминстер университетининг куни тушмаса деб умид қилиб қоламиз. Ҳозир у ерда европача таълимдан фақат таълим бериш тизими, бир-иккита чет эллик ўқитувчилар ва британиялик проректор қолган, холос.

Яна бир нарсани қайд этиш жоизки, Турин политех-университетига кириш имтиҳонлари 1 августгача бўлиб ўтди, шунинг учун имтиҳондан ўта олмаганлар мамлакатнинг бошқа университет ва институтларга ҳужжат топширишга улгурадилар.

Мусoфирбек Озод (Тoшкент)