11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Дўсум Сатбаев: “Ўзбекистон – минтақа барқарорлигига футур етказувчи бош омил”

23.07.2009 11:43 msk

Ўз ахб.

Фотосуратда: сиёсатшунос Дўсум Сатбаев. Фото © “Фарғона.Ру”

Хонободда содир бўлган воқеалардан сўнг Ўзбекистон қўшнилар билан олдиндан келишмай Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида бетон деворлар кўтариб, траншея ва зовурлар қазий бошлади. Чегарада юзага келган таранглик халқаро экспертларнинг муҳокама мавзусига айланди, улар Ўзбекистоннинг минтақада юритаётган ташқи сиёсатининг алоҳида хусусиятларига яна бир бор эътиборларини қарата бошладилар.

“Фарғона.Ру” мухбири таниқли сиёсатшунос, “Таваккалчиликни баҳолаш гуруҳи” директори Дўсум Сатбаев билан учрашди. Унга кўра, айнан Ўзбекистоннинг сиёсати минтақада интеграция ва ҳамкорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи бош омил бўлиб қолмоқда.

“Фарғона.Ру”: Ўзбекистоннинг Қирғизистон чегарасида барпо этаётган деворлар минтақавий инвестиция лойиҳаларига ва потенциал инвесторларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Дўсум Сатбаев: - Менимча, кўпчилик Ўзбекистоннинг бундай ҳаракатларига ўрганиб қолган. Кечирасизу, Тожикистон билан чегарани миналаштириш кеча бошлангани йўқ. Чегарада турли ҳодислар доим бўлиб туради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ўзининг бугунги қилмиши билан ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қўшнилари билан шериклик муносабатларини тиклашдан кўра, улардан изоляция бўлишга қаратилган. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёда ишлаётган кўпчилик инвесторлар бу муаммолар ҳақида хабардорлар. Ростини айтганда, инвесторларни Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги муносабатлар қизиқтирмай қўйган. Улар учун мамлакат ичидаги инвестициявий сиёсатнинг аҳамияти катта.

Ўзбекистон ичидаги аҳволнинг ўзи яхши эмас, инвесторларни кўпроқ шу нарса ташвишга солмоқда. Қирғизистон чегарасида деворнинг кўтарилиши улар учун янгилик эмас, улар Ўзбекистоннинг бундай қилиқларига ўрганиб қолишган.

Марказий Осиёнинг инвестициявий жозибадорлиги инвесторларнинг асосий қисми учун унчалик кучли эмас. Инвесторлар, булар ғарб компаниялари бўладиларми ёки осиёликларми, улар биринчи навбатда хом ашё соҳасига сармоя ётқизаяптилар. Хусусан, ҳозир Хитой Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида ўз фаолиятини кучайтирмоқда.

Инвесторлар [иқтисодиётнинг] бошқа соҳаларига келмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Негаки, Марказий Осиёдаги баъзи мамлакатларнинг иқтисодий сиёсатида етарли даражада ғалатликлар бор. Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан нормал савдо-иқтисодий алоқаларни яратишга интилмайди. Тошкент доим қўшниларини турли айблар, мисол учун, чегарадан террористлар ёки экстремистларнинг ўтиши билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқишида доим айбдор қилиб келади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ичкарисида юзага келган иқтисодий тизим инвесторлар учун жозибали эмас. Башорат қилиб бўлмас сиёсат, маъмурий-буйруқбозлик бошқаруви, боз устига, конвертацияланмайдиган ўзбек валютаси – сўм. Пировардида, кўпчилик инвесторлар фаол равишда Қозоғистонга кела бошладилар. Ҳолбуки, Қозоғистоннинг ўзида ҳам иқтисодий вазият жуда ҳам яхши эмас. Бу ерда ҳам давлат ўз таъсирини кучайтирмоқда ва иқтисодий жараёнларни тартибга солишда бош ролни ўйнашга ҳаракат қилмоқда, бу эса жуда ҳам яхши эмас.

Афсуски, Марказий Осиё минтақаси ҳақида гап юриталадиган бўлса, биз ўзимизда бор потенциалдан фойдалана олмаяпмиз. Минтақа – катта бозор, 50 миллионга яқин аҳолиси бор. Улкан хом ашё захиралари, Совет Иттифоқи давридан қолган инфратузилмалар. Аммо буларнинг бари ягона механизм каби ишламаяпти, негаки, ҳозирча ягона иқтисодий макон яратилгани йўқ.

Ҳудди шунинг учун ҳам Қозоғистон Марказий Осиёга кам эътибор қаратиб, кўпроқ Россия ва Белоруссия билан Божхона иттифоқини тузиш устида ишлаяпти. Менимча, Қозоғистоннинг минтақа ичидаги ҳар қандай интеграциявий ташаббуслардан кўнгли совиганга ўхшайди. Қозоғистон олдин иқтисодиётда кўпроқ минтақавий ҳамкорлик тарафдори бўлиб келганди, энди бўлса у кўпроқ Ғарбга назар ташлай бошлади. Кўринишидан, кризис шароитида Марказий Осиёнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳатто Қозоғистон учун ҳам пасайиб қолганга ўхшайди.

“Фарғона.Ру”: - Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларида қандай реал ўзгаришларни кузатиш мумкин?

Дўсум Сатбаев: - Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг муносабатлари Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатлардан жиддий фарқ қилишини тушуниб етиш лозим. Негаки, Қозоғистон билан чегаранинг делимитацияси ниҳоясига етган, демаркация жараёни кетмоқда. Аммо Ўзбекистон ғалати савдо сиёсатини олиб бормоқда. Кўпинча у бир томонлама тартибда чегарани ёпиб қўяди, бу эса чегараолди аҳолисининг манфаатларга салбий таъсир қилмай қолмайди. Бунга турли сабаб ва баҳоналар кўрсатилмоқда: террористлар ва экстремистлар чегарадан ўтмаслигидан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистондан товарларнинг импорти гўёки ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларига футур етказаётганигача. Аммо бу ерда кўпроқ ўзбекистонлик фермерлар жабрланаяптилар, негаки улар Қозоғистон ва Қирғизистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий етказиб берувчилари саналади. Бу ерда мантиқ борми? Чегараларнинг ёпилиши фуқароларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилмайди, шу жумладан, чегараларда савдо қилаётган ўзбекларга ҳам ҳалақит беради.

“Фарғона.Ру”: - Ўзбекистоннинг ўзини-ўзи изоляция қилиши Афғонистон муаммосини ҳал қилишга қандай таъсир этмоқда?

Дўсум Сатбаев: - Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари орасида анъанавий тарзда Ўзбекистон Афғонистоннинг ички муаммоларини тартибга солишда жиддий роль ўйнаб келишга уриниб келган. Ўзбекистон музокараларда НАТО ҳам иштирок этиши учун “олти плюс уч” схемасини таклиф этганди. Аммо Хитой билан Россия бу схемага қарши чиқдилар. Умуман олганда, Ўзбекистон Афғонистон бўйича доим ўз позициясига эга бўлиб келган. Боз устига, Афғонистонда аҳвол қанчалик ёмонлашса, Ислом Каримов учун шунча яхши бўлаётганга ўхшаяпти. Ўшанда Каримов ҳаммага Ўзбекистон минтақани “Толибон” ҳаракати томонидан гипотетик хатарни тўсувчи қалқон дея таъкидлашга уринишга бошлайди. Шу билан бирга, гап наркотрафикка қарши кураш, чегарани муҳофаза қилиш ҳақида кетганда ўзбеклар ўша Тожикистонни қўлламай келади. У ерда россиялик чегарачиларнинг бўлиши бир гап, аммо ўзбек ва тожик ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлик қилганларида эди, бошқача бўлар эди. Ахир наркотрафикдан бутун минтақамиз жабрланмоқда. Аммо Ўзбекистон бошқача сиёсат олиб бораяпти, эшикларини ёпиб қўйиб, бу муаамо бизга тегишли эмас, йигитлар ўзларинг ҳал қилларинг, дегандай бўлаяпти. Ва яна сўрамоқчиман, мантиқ қани бу ерда? Ўзбекистон гўёки Афғонистон муаммосини ҳал қилмоқчи, аммо шу билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишни истамайди: товарларни чегарадан ўтказимайди, наркотрафикка қарши курашда фаол ҳамкорлик қилмайди. Масалан, у яна КХШТдаги иштирокини тўхтатмоқчи, ШҲТнинг Афғонистон бўйича ташаббусини унчалик қўлламай қўйган.

“Фарғона.Ру”: - Қозоғистон бир томондан Ўзбекистон ва Қирғизистон билан яхши дипломатик алоқларни сақлаган ҳолда ўзининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини қўлдан чиқармаслик учун нима қилиши лозим?

Дўсум Сатбаев: - Биласизми, биз минтақада кооперацияга ҳуши келмай турган Ўзбекистонга қараб бир жойда тура олмаймиз. Қозоғистон Тожикистон ва Қирғизистон билан алоҳида иш олиб бораяпти, давлатлараро кенгашлар тузилган. Боз устига, бу мамлакатларда турли лойиҳаларни молиялаштириш учун маълум бир фондларни тузган. Қозоғистон бизнеси ўзининг инвестицияларини қисқартираётган бўлса ҳам, ҳар ҳолда у Қирғизистон ва Тожикистонда бор. Алоқаларни сақлаш керак, бошқа йўл йўқ. Биз минтақанинг бир қисмимиз. Марказий Осиё дегани битта Ўзбекистон эмас. Биз Қирғизистон ва Тожикистон билан яхши савдо-иқтисодий алоқага эга бўлиш имкониятимиз бор, бу ҳаммамизнинг манфаатларимизга мос келади. Қирғизлар ва тожиклар биздан инвестициялар кутаяпти, улар минтақада энг йирик гидроэнергия ишлаб чиқарувчилари саналади. Аммо Ўзбекистонсиз баъзи масалаларни ҳал қилиш қийин, масалан транзит ва сув ресурслари. Агар Ўзбекистон ҳам ҳамкорликка қўшилганида эди, кўплаб муаммолар самарали ҳал бўларди.

Ўйлашимча, Қозоғистоннинг минтақадаги сиёсати ўзгармай қолади. Албатта Марказий Осиё мамлакатларининг интеграция масаласи устивор бўлмаса ҳам, Тожикистон ва Қирғизистонга нисбатан бу йўналишдаги муносабатлар сақланиб қолади.

“Фарғона.Ру”: - Вазиятни қандай баҳолайсиз ва келажакка қандай прогноз берасиз?

Дўсум Сатбаев: - Гарчи қайғули оҳангда янграсада, мен Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликка футур етказувчи асосий омил деган фикр тарафдориман. Чунки, Ўзбекистоннинг ўзини-ўзи изоляция қилиш сиёсати таваккалчиликдан келадиган хатарни камайтиришга тўсқинлик қилади, уларни камайтиришга кўмак бермайди. Атрофдаги ҳаммани терроризм ва экстремизмда айблаган билан терроризм ва экстремизм муаммоси ўзидан-ўзи йўқолиб қолмайди. Ўзбекистоннинг ички сиёсати самарасиз бўлиб қолмоқда, қашшоқлик даражаси жуда юқори, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст даражада. Терроризм ва экстремизмнинг илдизи мана шунда, муаммоларнинг келиб чиқишига Ўзбекистоннинг ўзи сабабчи.

Бошқа муаммо: сув ресурслари. Қирғизистон ва Тожикистон сувни пулга сотмоқчи деган айбловлар билан уларга босим ўтказиш мумкин, аммо кечирасизу, Ўзбекистон қарзларинг кўпайиб кетди деб газ беришни қисқартирса, улар нима қилишлари керак? Бунга жавобан тожиклар сув ҳам ресурс, уна ҳам биз белгилаган нархда пул тўланг дея билдирмоқдалар. Шунинг учун бировни айбламай диалог олиб бориш керак. Аммо сув-энергетика муаммоси яна Ўзбекистоннинг позициясига бориб тақалмоқда. Ўзбекистон у ёки бу масала бўйича доим “алоҳида фикрга” эга бўлгани учун биз шу чоққача сув-энергетика консорциумини ярата олганимиз йўқ.

Минтақанинг инвестициявий жозибасининг яна бир муҳим томони тўғрисида тўхталмоқчиман. Инвесторлар минтақада барқарорлик ҳукм суришидан манфаатдорлар. Уларга бу фойдали. Аммо минтақа ичида доим зиддиятлар юзага келса, унда албатта бу ерда ишламоқчи бўлган инвесторларнинг кўпи ниятларидан воз кечади. Бунақа вазиятда фақат хом ашё билан ишлайдиганлар келадилар, холос. Уларга фарқи йўқ, улар хом ашёни қазиб чиқариб сотадилар ва фойдасини олаверадилар. Аммо бизга қишлоқ хўжалигига сармоя ётқизадиган, инновация ва янги технология олиб келадиган инвесторлар керак. Аммо бундай инвесторлар эҳтиёткорлар, уларга барқарорлик, рисоладаги божхона муносабатлари, валюта конвертацияси зарур. Бизнинг мамлакатларда бундай шароитлар йўқ. Афсуслар бўлсинким, агар Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатини ўзгартирмаса, бу ерга янги технология олиб келишга тайёр бўлган инвесторлар учун минтақа жозибадор бўлиб қолмайди. Бу ерга фақат минтақамизни хом ашё кони сифатида кўрадиганлар келади, холос. Фақат хом ашё. Биз тамаддундан четда қолиб кетишга маҳкуммиз. Тўғри, ўзбеклар пахтасини, табиий газини сотишаверади, биз – нефть, газ, уранни ва ҳоказоларни сотамиз. Тожиклар сувни сотишга уринадилар. Тушунсангиз, буларнинг бари табиий ресурсларни сотиш дейилади. Аммо бордию, биз рақобатбардош бўлишни истасак, унда инновациявий соҳани ривожлантиришимиз лозим. Минтақада ўзаро ҳамфикрлик ва ўзаро манфаатли ҳаракатлар бўлмас экан, бу нарса амалга ошмайди.

“Фарғона.Ру”: - Бундан ким манфаатдор?

Дўсум Сатбаев: - Қўшниларимиз Россия ва Хитой ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг қолоқ бўлиб қолишидан манфаатдор бўлган бошқа давлатлар. Уларга рақобатчилар керак эмас.

“Фарғона.Ру”: - Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бу каби ўзибўларчилиги давом этаверса, Қозоғистоннинг ЕХҲТдаги раислиги самарали бўла оладими?

b> Дўсум Сатбаев: - Бир йил ичида кўп ишларни қилиб бўлмайди. Боз устига, ЕХҲТ раислиги расмий лавозим бўлиб, ҳеч қандай конкрет натижаларга олиб келмайди. Қозоғистоннинг ЕХҲТда раислиги Марказий Осиёга эътиборни қаратишга имконият беради. Аммо агар биз ўзимиз ўз муаммоларимизни ҳал қила олмасак, бизга ҳеч ким ёрдам бермайди. ЕХҲТ, БМТ, НАТО, КХШТ, ШҲТ бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб беради дея ўйлаш калтабинлик. Барча муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Улар бизга маслаҳат, пул билан ёрдам беришлари мумкин. Аммо ўзаро ҳамкорликсиз ва ўзаро хоҳиш-истаксиз ҳеч нарса қила олмаймиз.

Ўз ахб.