02:22 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда гиёҳвандлик: Аҳволга бир назар

13.07.2009 12:43 msk

Фарғона.Ру

БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) маълумотига кўра, 2006 йилда Ўзбекистонда 130 минг банг моддалари истеъмолчилари қайд этилган. Улардан 80 мингтаси инъекцион наркотик истеъмолчилари (ИНИ) тоифасига мансуб.

Ўзбекистонда банг моддаларини истеъмол қилиш даражасининг юқорилигини унинг дунёдаги энг йирик банг моддалари етиштирувчи саналган Афғонистонга яқинлиги билан изоҳланмоқда.

Бошқа “нохуш” мавзулардан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда банг моддаларининг ноқонуний савдоси ва наркотрафик масаласи очиқ муҳокама қилинади, героиннинг йирик партиялари мусодара қилингани ҳақида хабарлар чоп этиб турилади.

Шунга қарамай, ушбу ёмон иллатдан қутилмоқчи бўлган ўзбекистонлик бангилар учун 26 май куни яна битта муаммо пайдо бўлди.

Гап шундаки, ўтган ойда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги гиёҳвандликни даволашда ишлатиладиган ҳамда одам иммун-танқислиги вируси билан яшаётган беморларнинг антиретровирус терапиясига мойиллигини оширувчи афюн ўрнини босувчи терапия (АЎБТ) бўйича лойиҳани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамкорлар ўртасида ёйинлаган мактубида АЎБТ дастурини амалга ошириш бундан кейин мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида айтилган.

Ўрин босувчи терапия қўлланганда беморларга бупренорфин ва метадон препаратлари берилади. Бу дорилар ёрдамида улар инъекцион героиндан воз кечишга уринадилар.

Лойиҳа 2006 йил апрель ойидан бери Тошкент шаҳар наркология диспансерида амалга ошириб келинган эди. Шу давр мобайнида АЎБТ дастурида 340 нафар ИНИ иштирок этдилар. Бундан кейин уларнинг аҳволи нима бўлади? Бу масалага аниқлик киритиш мақсадида улардан баъзилари билан учрашишга муваффақ бўлдик.

Венера (исми ўзгартирилган) сўнгги уч йил давомида дастурда иштирок этиб келган. “Энди нима қиламиз, юизни мушук болвси сингари улоқтириб юбордилар, - дейди 40 ёшли аёл. – Героиннинг бир “чек”и 25 минг сўм бўлса (14 АҚШ доллари)”.

Бу аёл тўрт йил аввал эридан ОИТВ юқтириб олган. Ҳозир у ўспирин ёшидаги қизини тарбиялаб наркотик моддалари сақлагани учун қамалган эрини озодликка чиқишини кутиб ўтирибди.

Бошқа суҳбатдошимиз Алексей ҳам узоқ вақт ўринбосар терапияни олиб келган. “Сўнгги ҳафта ичида учта танишимни ҳибсга олдилар. Дастур ниҳоясига етиши билан улар героин сотиб олгани “кўчага” чиқиб кетгандилар. Ўринбосар терапия олаётган давр мобайнида улар бангфурушлар билан алоқаларни йўқотган эдилар, мана энди бўлса қўлга тушдилар”.

Гиёҳванд моддалари истеъмолчиларига ёрдам бериб келган сервис хизмати ходимлари бизга интервью беришдан бош тортдилар.

ОИТВ\ОИТС профилактикаси масалалари бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилувчи халқаро ташкилотлардан бирига мурожаат қилдик. Бу ташкилотнинг вакили номи ошкор бўлмаслик шарти билан бизга қуйидагиларни айтди:

“Ўринбосар терапия кўпчилик беморларга гиёҳвандлик иллатидан қутилишга ёрдам берди, шунинг учун ҳам унинг бекор қилиниши ҳақидаги қарорни тўғри дея ҳисоблай олмаймиз.

Бу қарорни қабул қилганлар тақиқлар ва жазо бериш билан ишни ўзгартириб бўлмаслигини яхши тушунамётганга ўхшайдилар. Бу йўл билан мамлакатда бангилик даражаси пасайиб қолмайди. Гиёҳвандлик кенг ёйилмаслиги учун жиддий профилактик чоралар кўриш лозим. Қабул қилинган қарор героин ва бошқа наркотик моддалар истеъмол даражасининг кўтарилишига олиб келади. Ўринбосар терапия дастурининг давом этишига умид қилиб қоламиз”.

Гиёҳвандлик ва бангфурушликка қарши курашнинг икки йўли борлигини қайд этиш жоиз: биринчиси, гиёҳванд моддаларига эҳтиёж ва талабларни пасайтириш ва унинг салбий оқибатларига қарши кураш. Бангфуруш ва гиёҳвандларга қарши жазо санкцияларининг қўллаш кўп йиллар давомида кўплаб мамлакатларнинг наркотикларга қарши курашнинг асасий стратегияси бўлиб келганди. Баъзи мамлакатларда бангфурушларни қўрқитишга қаратилган ўлим жазоси каби чоралар ҳам иш бермагани маълум. Полиция тадбирларига сарфланган харажатлар билан бирга гиёҳвандлик ҳам ўсгани учун 1980-чи йилларда бу иллатга қарши курашда янги йўлларни қидиришга чақириқлар янграй бошлади.

Шундай йўналишлардан бири - “Наркотикларнинг нотиббий истеъмол қилинишидан зарарни пасайтириш(harm reduction)” дастури бўлиб қолди.

Ушбу дастур Ўзбекистонда 1999 йилдан бери қўлланишга бошланган. Қайд этиш жоизки, ушбу дастур мутахассислар ва жамоатчилик томонидан бир ҳилда қабул қилинмаяпти. Мисол учун, Ўзбекистон расмий доираларида ва оммавий ахборот воситаларида ОИТВ\ОИТС ҳамда банг моддаларини истеъмол қилишнинг илдизи аҳлоқсизликка тақалади ва маҳаллий менталитетга, урф ва одатларга зид келади деган фикр устун туради.

Мутахассислар орасида ўринбосар терапияга қарши бўлганлар ҳам бор. Улардан бири шундай деб айтди: “наркотикларнинг нотиббий истеъмол қилишдан зарарни пасайтирувчи компонент сифатида ўзининг чекланган самараси важидан ўринбосар терапияни опиат гиёҳвандликни даволаш учун илмий жиҳатдан асосланган ёндашиш деб бўлмайди. АЎБТ тарафдорлари унинг ОИТВ профилактикаси, криминогенликнинг пасайиши ва гиёҳвандликни даволашда самарали дейишади. Аммо бунинг самараси менимча жуда ҳам шубҳали. Кўпчилик наркоманлар героин истеъмол қилишдан барибир тўхтамаяптилар , демак, ҳамон илгаригидек ОИТВ ва криминал хавфи йўқолмаяпти. Даволаш тўғрисида эса бирор сўз ҳам йўқ”.

Ўринбосар терапия тарафдорлари эса бу модель наркотик истеъмол қилишга ва ОИТВ тарқалишига қарши курашда энг реалистик чора дея ҳисобламоқдалар. Улар “Наркотикларнинг нотиббий истеъмол қилинишидан зарарни пасайтириш(harm reduction)” дастури бўйича АЎБТ олганларнинг кўпи бу иллатдан қутилганлари, иш топганлари ва оиласига қайтганларини қайд этмоқдалар.

“Наркотик истеъмолчилари ва уларнинг оилалари тўғрисида қарор қабул қилаётган одамлар гиёҳвандлик ва ОИТВ на ижтимоий ва на бошқа афзалликларга қарамайди: бу иллатга бойлиг, яшаётган муҳит, маълумот, олдинги хизматлар, миллий мансублик каби омилларнинг аҳамияти йўқ. Бу иллатга ҳар қандай киши йўлиқиши мумкин, - дейди ўз номини ошкор этишни истамаган тошкентлик нарколог врач. – Бу иллатнинг оқибатида киши аввалига ишидан маҳрум бўлади, кейин бўлса ишлаш қобилиятини йўқотади. Жамият меҳнатга лаёқатли ёш авлоддан айрилади. Наркомания – алоҳида бир киши бошига тушган муаммо эмас. Бу ижтимоий муаммо”.