11:28 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Бузғунчилар” парламентга сайланмайдилар...

09.07.2009 08:14 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда Олий Мажлисга ва Халқ депутатларининг маҳаллий кенгашларига сайлов ўтказишга тайёргарлик кўриш бошланди. Сайловлар 2009 йил декабрь ойида ўтказилади. Май ойида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича семинар-йиғилиш ўтказди. Семинар иштирокчилари “Сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича концепция”ни ҳамда сайловолди тадбирлари дастурини ишлаб чиқарди. Бу сафарги парламентга сайловлар шартларига кўра, ташаббус гуруҳларидан номзодлар кўрсатилмайди.

Концепцияга кўра, бўлажак сайловлар сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда ўтказилиши лозим. Мисол учун, Қонунчилик палатасига сайланадиган депутатлар сони бир юз йигирматадан бир юз элликтагача кўпайтирилган. Шу билан бирга, депутатларнинг номзодлари фақат сиёсий партиялардан ва Ўзбекистон Экология ҳаракатидан кўрсатилади. Бундай партиялар Ўзбекистонда тўртта: Либерал-Демократлар, “Миллий тикланиш” Демократик, “Адолат” Социал-демократлар ва Халқ демократик партиялари. Бўлажак парламентда Экологик ҳаракатга 15 та депутатлик ўринлари ажратилган.

Сайловолди тадбирлари уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда конференциялар, семинарлар ўтказилади, сайловлар тўғрисида қонунлар нашр этишга тайёрланади ва жойларга етказилади, МСК норматив-ҳуқуқий актларининг лойиҳалари ишлаб чиқарилади ва қабул қилинади, қонунда кўзда тутилган бошқа тадбирлар амалга оширилади. Иккинчи босқичда сайловчилар ва ОАВ билан иш олиб бориш ташкил этилади, сайлов участкаларини шакллантириш бўйича тадбирлар амалга оширилади, рўйхатлар тузилади ва ҳ.к. Учинчи босқичда депутатларга номзодлар кўрсатиш бўйича ишлар амалга оширилади, сайловчилар билан учрашувлар уюштирилади, овоз беришга тайёргарчилик ва уларни ўтказиш бўйича табдирлар амалга оширилади.

Концепция бир қатор янгиликларни таклиф этган. Сайлов қонунчилигига сиёсий партиянинг ишончли вакили тушунчаси киритилган. У сайлов участкаларида берилган овозларни санашда иштирок этиш ва имзо варақаларини тузилишини текшириш ҳуқуқига эга. Депутатларга номзодларнинг ишончли вакиллари сони бештадан ўнтагача етказилган. Сайлов қонунчилиги сингари Концепция яна бир бор сайловлар давомида “сайлов кампанияси иштирокчилардан ҳеч кимга қандайдир имтиёзлар ва преференцияларнинг берилиши истисно этилиши”ни қайд этган.

Аммо, мустақил кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича реал воқеликнинг кузатуви декабрга белгиланган сайловлар эркин бўлмайди, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари эса сайланмай ижроя ҳокимияти томонидан тайинланади деган хулосага олиб келади. Шу билан бирга, расман эркин ва очиқ халқ сайловларида сайланадиган бўлажак депутатлар рўйхати аввалдан тайёрланмоқда.

Ўзбекистон ёшлари “Веритас” ҳуқуқ ҳимоя ҳаракатининг кузатувчилари олган маълумотга кўра, ҳозиргача республикадаги барча сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экология ҳаракати Ўзбекистон Республикаси президенти девонхонасининг талабига мувофиқ депутатлар номзодларининг рўйхатини тақдим этганлар. Шу билан бирга, ижро ҳокимияти тақдим этилган номзодларни ўрганиб чиқиб, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экология ҳаракатига қайси номзодларни сайловларда иштирок этиши мумкинлиги борасида кўрсатмалар бермоқда. Ижроя ҳокимияти “дастлабки баҳолаш” жараёнида бўлажак номзодларни қандай қонун ва мезонларга асосланаётгани номаълум бўлиб қолмоқда. Шунингдек, янги шакллантирилаётган парламентга ким аъзо бўлади: профессионалларми ёки “боадаб одамларми”, бу ҳам маълум эмас.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икромов юзага келган вазиятни шарҳлай туриб “Фарғона.Ру” мухбирига “сиёсий партиялардан номзодларни аввалдан тайёрланган рўйхат асосида сайланиши расмийларнинг давлатнинг коррупциялашганини сақлашга интилаётганларига далил бўлади”, деб айтди.

“Мени билганим, рўйхатдаги номақбул номзодларни президентнинг шахсан ўзи ўчирар экан. Рўйхатда давлат раҳбарининг нутқларини олқишлайдиганлар қолдирилади, холос, - дейди Икрамов. Олий Мажлис сессияларини телевизорда кўринг: мамлакат фуқароларини қизиқтирган қандайдир долзарб масала устида қандайдир мунозара ёки баҳслашувлар ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо мавжуд режимини мақтови учун эшиклар катта очиқ.

Улар тасдиқланган рўйхатлар бўйича келган депутатлар ёрдамида бу режим ҳаётини яна беш йилга чўзмоқчилар. Мен сайловларни анчадан бери кузатиб келаман ва ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, одамлар бундай сохта сайловлардан кўнгли қолиб кетганига анча бўлди. Сайловларга мажбур бўлган одамлар борадилар, холос. Булар асосан бюджет ташкилотларининг ходимлари. Менимча, декабрь охирига келиб ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Депутатларни халқнинг ўзи сайлаши керак. Улар “қўғирчоқ” ёки “робот” эмас, балки, ҳаракатчан ва ташаббускор бўлишлари керак”.

Қайд этиш жоизки, Адлия вазирлиги сайловларда иштирок этмоқчи бўлган сиёсий партияларни рўйхатга олиш муддатини олти ойдан тўрт ойгача қисқартирди. Аммо бу ҳолат Ўзбекистонда сиёсий партияларни рўйхатга олиш тартибини енгиллаштириб қўйгани йўқ.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий партияларнинг бирортасини ҳам мухолифатда деб бўлмайди. Бунақа партиялар республикада тақиқалаб қўйилган. Боз устига, сайловолди даврида махсус хизмат идоралари томонидан партиялар устидан назоратнинг кучайтирилиши кузатилмоқда. Миллий хавфсизлик хизматида партиялар ишини назорат қилувчи кураторлик тизими мавжуд. Ҳуфия агентура ва сиёсий партияларнинг ичидаги “қулоқ”лар бу тизимни қўллаб келган.

Шу билан бирга, 2009 йил 1 июлдан бошлаб ташаббус гуруҳлари томонидан депутатликка номзодларни кўрсатиш амалиётини истисно этувчи конституциявий ўзгартишлар кучга кирган. Бу янгилик объектив сабабларга кўра партияларга бирлаша олмаган одамларга парламент депутатлигига ўз номзодларини кўрсатиш имкониятидан маҳрум этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмита раиси Нуриддинжон Исмоилов ушбу янгиликни “Халқ сўзи” (2008 йил 6 декабрь сони) газетасига шарҳлай туриб шундай сўзларни айтган: “Ташабус гуруҳлари томонидан депутатликка номзодларни кўрсатиш амалиётининг бекор қилиниши биринчи навбатда турли бузғунчиларнинг, шу жумладан, уюшган криминал гуруҳларнинг вакиллари парламентга кириб қолишини олдини олиш учун йўналтирилган. Бу чора, шунингдек, парламент лавозимларидан клан, маҳаллийчилик ва корпоратив манфаатлар йўлида фойдаланишнинг олдини олади”.

Ўз навбатида, мустақил кузатувчилар ушбу чоралар аслида давлатга ташаббус гуруҳлари томонидан муҳталам фаолликнинг “исталмаган” кўринишлари устидан назорат ўрнатишга енгиллик беради дея ҳисобламоқдалар.

Исмоиловнинг сўзларини шарҳлаб Икрамов шундай деб айтди: “Аслида, бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, ташаббус гуруҳларининг бўлишлари зарур ва улар МДҲ мамлакатларида мавжуд. Бундай гуруҳлар ўз номзодларини, баъзан таниқли кишиларни кўрсатадилар. Улар “халқ номидан” келиб ўз ҳаракатида жасурроқ ва мустақилроқ бўладилар”.

Ўз ахб.



 

Реклама