15:11 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандда шарқ адабиёти классикларига ўрнатилган ёдгорликлар олиб ташланди

03.07.2009 21:20 msk

Максим Исаев

Самарқанддаги Абу Абдулло Рудакий ҳайкали шундай эди. Ҳозир қаерда экан у?..

Самарқандда ўтказилаётган капитал меъморий ислоҳот оқибатида шарқ адабиётининг классик намояндаларига ўрнатилган иккита ёдгорлик ўз жойидан маҳрум бўлди.

Мана бир неча ой бўлибдики, қўҳна шаҳарда капитал реконструкция ишлари олиб борилаяпти. Юзлаб дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқа объектлар бузиб ташланди. Энди бўлса ёдгорликларга навбат етиб келди.

Бир неча кун илгари, июнь охирида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга бағишланган монументал композицияси демонтаж қилинди. Ёдгорлик “Афросиёб” меҳмонхонаси олдида турганди.

Энди бўлса Ўрта Осиё халқлари тарихи ва маданияти давлат музейи олдидаги майдондан тожик адабиётининг ёрқин намояндаси Абу Абдулло Рудакийга ўрнатилган ҳайкал йўқ.

Ҳайкаллар қаерга йўқолгани ҳақида маълумот олишга уринишлар натижа бермаяпти. Расмий изоҳлар бўлгани йўқ. Зиёлилар нима бўлаётганини ўзимиз ҳам тушунмаяпмиз дея елка қисадилар. Айтишларича, ҳайкалларни бошқа ерга ўрнатишар эмиш.

Шу муносабат билан самарқандликлар шаҳардаги бошқа монументларнинг ғайри оддий тақдири ҳақида эслаяптилар. Бу “хотиралар”ни тинглаб, Самарқанд “сайёр” ёдгорликлар ўрнатилган дунёдаги ноёб шаҳарларидан бири, деган хулосага келасан.

Алишер Навоийга ўрнатилган бронза ҳайкалини мисол қилиб оладиган бўлсак, бир вақтлар уни Ҳамид Олимжон номидаги театр ёнига ўрнатишганди. Кейинчалик,ундан унча узоқ бўлмаган жойга Амир Темур ҳайкали ўрнатилганида, Алишер Навоийни университет кўчасининг нариги бурчагига кўчиришди. Кўринишидан, архитекторлар икки буюк одам ёнма-ён турмаслиги керак деган фикрга келганга ўхшайдилар.

Аввалига Алишер Наавоийни Амир Темурга қаратиб қўйдилар. Кейин мутахассислар бу нотоўғри дея билдирдилар. Бир оз ўтиб, уни орқасига ўгириб қўйдилар. Ҳайкал энди тинч турса керак деганлар адашди. Беш йил илгари марказий паркнинг капитал реконструкцияси ўтказилди ва Алишер Навоий шаҳар истироҳат зонасига кўчиб ўтди.

Сўнгги пайтларда Антон Павлович Чеховнинг бюсти ҳам шаҳар майдонларида сайр қилгани маълум.

Самарқандда бир вақтлар турган бошқа ҳайкалларнинг тақдири эса ҳозиргача номаълум. Мисол учун, 1990-чи йиллар бошида инқилобчи Миршароповга ўрнатилган ҳайкал изсиз йўқолди. Айтишларича, уни рангли металл сифатида сотиб юборганлар.

Анчадан бери Самарқандда яна бир инқилобчи – Акмал Икрамовнинг ҳайкали ҳам йўқолган. Ўтмиш қаҳрамони турган жойда супермаркет қурилиши бошланди.

Қачонлардир, шўролар даврида Максим Горький номли паркдаги рус ёзувчиси бюстининг тақдири ҳам номаълум. Сўнгги бор ҳайкални парк четида юмалаб ётганини кўришганди...

Шундай қилиб, кўпчилик самарқанд ҳайкалларининг тақдири нисбатан ғаройиб. Аммо шарқ адабиётининг намояндалари - классик шоирларнинг ҳайкаллари нега кўчирилиши ҳозирча тушунарсиз қолмоқда.

Максим Исаев