07:14 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Талабаларнинг пуллари қаерга кетяпти?

02.07.2009 09:51 msk

Елена Бондарь

Фотосуратда: Ислом Каримов ва талабалар байрамона кайфият қучоғида. ISCS.uz сайтидан олинган фотосурат

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2009 йил июнь ойида пулли шартнома асосида ўқишга кирган талабаларга тўлов пулини 30 фоизга кўтариб “қувонтирди”. Шундай қилиб, республика олий ўқув юртларида 2008-2009-чи ўқув йили учун ўртача шартноманинг нархи 80 фоизга кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, расмийлар 2008 йил сентябрь ойида шартнома асосида таълим олаётган талабалар учун тўлов пулини 50 фоизга кўтарган эдилар. Ўшанда буни қуйидагича изоҳлагандилар: 2008 йили “Ёшлар йили”деб эълон қилингани учун 2008-2009 ўқув йилида биринчи курсда таълим олаётган талабалар учун улар давлат гранти ёки пуллик-шартнома асосида ўқишларидан қатъий назар улардан пул олинмайди. Расмийлар шу йўл билан абитуриентларни “Ёшлар йили” билан табрикламоқчи бўлгандилар. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожланишида нарх кўтарилди, аммо бепул ўқиш бекор қилинди.

Тошкент университетларининг раҳбарлари талабаларга 2009-2010 ўқув йили учун янги шартномалар бўйича тўлов нархларини эълон қилиб бўлди. Тўлов пули ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошган. Тўлов пули нега ошгани ҳақида талабаларга ҳеч ким ҳеч нарса тушунтиргани йўқ. Раҳбарлар вазирликнинг қарори шу, дейишмоқда.

“Факультетларда техник жиҳозлар деярли йўқ ҳисобида, бинолар таъмирланмаган, парталар ва ўриндиқларга қўрқиб ўтирасиз. Шунча пулни нега тўлашимиз керак?” – дея савол беришади талабалар.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтидан олинган маълумотга кўра, 2008-2009 ўқув йилида бакалавриатга 58 минг ўрин ажратилган, улардан 40 мингги пулли-шартнома асосида қабул қилинди.

Бу йил республикада шартноманинг ўртача нархи 1,2 миллион сўмни ташкил этди. Шундай қилиб, вазирлик хазинасига 48 миллиард сўмдан (35 миллион доллар) зиёд пул келиб тушган.

Пуллик тўлов асосида таълим олаётган талабаларнинг йиллик шартнома пули доим ўзариб туради. Катта пул тўлагани билан шароитлар деярли йўқ ҳисобида, парталар шўролар давридан қолган, ресурс марказларидаги компьютерлар эса эскиб кетган. Пуллар қаерга кетаяпти ўзи?

Тошкентдаги институтлардан бирининг деканига кўра, “Ўзбекистон талабаларидан келиб тушадиган пул маблағлари устидан назоратни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Вазирлар маҳкамаси билан бирга олиб борадилар. Ҳар йили ўқув йили охирида вазирлик шартномаларнинг тасдиқланган ставкаларини қайта кўриб чиқади, қайта ҳисоб-китоб ўтказиб вазирлар маҳкамасига тўлов пулини қанчага кўтариш бўйича таклиф беради. Шундан сўнг вазирлар маҳкамаси бу таклифларни қабул қилиб тасдиқлайди”.

Вазирлик олий ўқув юртларининг барча харажатларини назорат қилиб бориши маълум бўлди. Институтлардан бирининг ходими номини ошкор этмаслик шарти билан ўзи гувоҳ бўлган вазият ҳақида сўзлаб берди.

Ҳар бир университет раҳбарлари маблағ олиш учун смета тузиши лозим. Сметада институтга керак бўлган маблағ миқдори ва уни қайси мақсадда сарфланиши кўрсатилади. Смета вазирликка юборилади. Вазирлик талабномани кўриб чиқиб тасдиқлаш учун вазирлар маҳкамасига юборади. Шундан кейин университет ёки институт пул олиб уларни таъмирлаш ёки жиҳозлаш ишларига сарфлаши мумкин. Вазирлик баъзи режаланган харажатларни кераксиз деб топиб, бири тийин ҳам бермаслиги мумкин.

- Бир сафар биз университет раҳбарияти билан ҳамкорликда шунга ўхшаш смета туздик. Рўйхатга янги компьютер сотиб олиш, аудитория ва парталарни таъмирлаш каби харажатларни киритдик. Аммо бизга пул беришмади. Негалигини биласизми? Қарши шаҳрида қандайдир институтнинг капитал таъмири режаланган экан, пулларимиз ўша ерга кетибди.

Аслида давлат учун фойда талабаларнинг ҳозирнинг ўзида шартнома учун тўлаган пулидан эмас, булки унинг яхши таълим олиб, кейинчалик яхши мутахассис сифатида давлат учун сезиларли фойда келтира олишидан бўлиши маълум. Ҳозирги талабалар келажакда малакали мутахассис бўла оладиларми? – бу масала очиқлигича қолмоқда.

Маҳаллий қонунларга кўра, давлат гранти ҳисобидан таълим олган талабалар давлат муассасаларида уч йил ишлаб беришлари керак. Ушбу низомни тасдиқлаган мутасаддилар республика корхоналарига умуман олганда янги кадрлар керакми ёки йўқми деган масала ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганга ўхшайдилар. Пировардида, битирувчилар бирорта иш беришармикан деган умид билан давлат корхонасига келадилар ва бўш иш ўринлари йўқ деган жавоб эшитадилар. Аммо ҳукумат олдида ҳисобот бериш учун ўша корхона талабага ишлаб берди деган тамғали ҳужжат беради.

Яқинда Uzmetronom сайти номини ошкор этишни истамаган университет ўқитувчисининг мактубини чоп этди. “Таълим бериш тизимининг ҳозирги коррупциялашган ҳолатида биз анчадан бери диплом эмас, қуруқ қоғоз бераяпмиз. Биз қўлида диплом ушлаб олган саводсиз ва лаёқатсизларнинг тўдасини яратдик. Энди тасаввур қилиб кўринг, бу одамлар иқтисодиётнинг барча соҳаларида ишлаяптилар ва жамиятимизнинг тақдири уларга қараб қолган. Агар биз бу фалокатни онгимиз билан идрок эта олмасак, мамлакатимизни ўнлаб йиллар давомида қашшоқ ва ярим мустамлака мамлакат тақдири кутмоқда...”, - дея ёзади у.

Пировардида, таълим учун катта пул тўлашга тўғри келади, аммо институт ёки университетни битирганидан кейин ёш мутахассиснинг ҳеч кимга кераги йўқлиги маълум бўлади. Шунинг учун кўпчилик дипломини энг юқоридаги токчага ташлаб қўйиб, оғир жисмоний меҳнат воситасида тирикчилик қилишга тўғри келади.

Елена Бондарь