02:52 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги отишмалар

15.06.2009 07:46 msk

Бақит Ибраимов (Қирғизистон)

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида 7 май куни содир бўлган фожеа Ўш вилоятининг Қорасув шаҳри аҳолисини тўлқинлантириб юборди. Марҳум Улуғбек Усманов шу шаҳарлик эди.

Эслатиб ўтамиз, 29 ёшли Қирғизистон фуқароси Улуғбек Усманов чегарани айланиб ўтмоқчи бўлганида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан отиб ўлдирилган эди. Фожеа 2009 йил 7 июнь куни, эрталаб соат 05:20 атрофида содир бўлди.

“Ҳодиса Ўзбекистон ҳудудида, Ўш вилоят Қорасув тумани Қизил қиштақ айил ҳукуматининг (қишлоқ бошқаруви) Жанги Турмуш чегара участкасидан эллик метр нарида содир бўлди, дейди маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба. – Чегарачилар Қирғизистон фуқаросига қарата ўқ узишдан аввал икки марта осмонга огоҳлантирувчи ўқ отганлар. Яраланган Улуғбек Қирғизистон томонга югурган”.

У Қирғизистон ҳудудида чегарадан ўн метрлар нарида турган “Тико” русумли таксига чиқиб олган. Ўзбекистонлик чегарачилар машинани олдига югуриб келиб унинг олди ойнагини автоматнинг қўндоғи билан уриб синдирганлар ва Усмановни машинадан чиқариб ўзларининг ҳудудига олиб ўтганлар. Усманов беҳуш бўлган. Чегарачилар уни “Газ-66” машинасига ўтқазиб номаълум йўналишда олиб кетганлар.

“Мижоз Суратошга ташлаб қўйишни сўраганди, - дейди таксичи. Йўлда тўхтатиб чегарадан ўтаман, мева-чева олишим керак деб айтди. Бир неча дақиқа ўтиб “Тўхта!” деган бақириқ, унинг ортидан эса ўқ овозлари эшитилди”.

Воқеанинг бошқа шоҳидлари ўзбекистонлик чегарачилар билан ҳоли жойдан ўтиб кетишни келишиб олмоқчи бўлганини таъкидлашмоқда, негаки, чегарадан ўтказиш масканлари 26 май куни Хонобод ва Андижонда бўлиб ўтган ҳодисалардан кейин ёпиб қўйилганди.

Ҳалок бўлган йигитнинг қариндошлари ўзбекистонлик чегарачиларнинг ҳаракатларидан қаттиқ ғазабланмоқдалар. Улар Қирғизистон раҳбариятига мурожаат қилиб қўшниларга нисбатан чора кўришни сўрашга тайёрлар.


Марҳум Улуғбек Усманов. Оилавий архивдан олинган фотосурат

Марҳумнинг қариндошлари чегарачиларга У.Усманов Қорасув бозорида гилам савдоси билан шуғулланиб келганини, туғилган кунини нишонлаш учун Ўзбекистондан мева-чева сотиб олмоқчи бўлганини маълум қилдилар. Аммо қариндошлар байрам ўрнига мотам тутишларига тўғри келди.

Қирғизистон расмийлари вазиятни аниқлаш учун 2009 йил 7 июнь куни “Дўстлик” назорат-ўтказиш масканига етиб келдилар. Аммо Ўзбекистон томони Қорасув туман ҳокимияти, прокуратура ва ИИБ вакиллари билан учрашувдан бош тортди. Қирғизистон расмийлари Улуғбекнинг яқинлари жасадни эртаси куни қайтариб оладилар дея умид қилгандилар, аммо Ўзбекистон томони номаълум сабабларга кўра ҳозиргача жасадни беришни ортга суриб келмоқда. (жасад 11 июнь куни қайтариб берилгани ҳақида “Фарғона.Ру” хабар берганди)

Ўзбекистон Ўш чегара отряди қўмондонлигининг ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун учрашув таълабини эътиборга олмади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигида маълум қилдилар. Айни пайтда қўшни давлат расмийларига мурожаатнома тайёрланаяпти. Ўз навбатида Қирғизистон расмийлари икки мамлакат ўртасидаги чегарада зиддият эҳтимоли кучайиб бораётганини қайд этмоқдалар.

“Сўнгги тўрт-беш ой давомида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда вазият анча ёмонлашиб қолди, афсуски бундай тенденция давом этиб бораверади, - дейди парламент депутати Мурат Жўраев. – Бу нарса Қирғизистон янги электростанциялар қуришга қатъий қарор қилгани сабаб бўляпти. Бунга жавоб тариқасида шундай ҳодисалар содир бўляпти”.

Бундан олдин Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида иккита жиддий можаро бўлиб ўтган эди. 2009 йил 19 апрель куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг қуролланган ходимлари аксилтеррорчилик операция ўтказаётганини баҳона қилиб баҳсли Чек қишлоғида истиқомат қилувчи Қирғизистон фуқароларининг уйларида ёппасига тинтув ўтказдилар. Шу кунларда эса ўзбекистонлик ҳарбийлар бир томонлама тартибда ўзбек-қирғиз қишлоғи саналган Чекга кираверишда шлагбаум ўрнатдилар.

15 май куни Ўзбекистон чегара наряди томонидан Сўх анклавидан ўтиб кетаётган автомобиль ўққа тутилган. Машина ичида Қирғизистон фуқаролари бўлган. Тасодиф ила ҳеч ким жабрланмади, аммо йўловчилар, шу жумладан, онаси билан кетаётган олти ёшли бола ҳалок бўлиши ҳеч гап эмасди. Ҳодисадан ғазабланган Баткен вилоятининг Тян қишлоғи аҳолиси расмийлардан қатъий чора кўришни талаб қилдилар.

“Ўзбекистон расмийлари нафақат ўз мамлакатида инсон ҳуқуқларини оёқ-ости қилиб келмоқда, балки қўшни мамлакатлар ҳудудига қуролли хуружлар орқали у ерда ўз тартиб-қоидаларини ўрнатишга уринмоқдалар, - дейди ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Қирғизистон фуқаросининг ҳалокатини Ўзбекистон махсус хизматларининг мақсадга йўналтирилган ишининг маҳсули дея аташ мумкин. Иғвогарона ҳаракатлар ва бир томонлама тартибни кучайтириш икки мамлакат чегараолди ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини оғирлаштириб юборди”.

Улуғбек Усмановнинг қариндошлари қаттиқ қўрқувда қолдилар. Қайғу-ғамга ботган ҳолда улар Ўзбекистон чегарачиларига лаънат ёғдирмоқдалар. Ўз номини ошкор этмасликни сўраган марҳумнинг акаларидан бири Ўзбекистон шу йўл билан ўз куч-қудратини намойиш этмоқчи ҳамда чегараолди қишлоқларининг аҳолисини гўёки огоҳлантирмоқчидек, уларга руҳий таъсир ўтказмоқчи бўлган. Боқувчиларидан бирини йўқотган оила моддий жиҳатдан қийналиши турган гап.

Маълум бўлишича, Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун ўғли Улуғбек Усмановнинг ўлдириши борасида Ўзбекистондаги ҳамкасби Сайёра Рашидовага мурожаат қилмоқчи, дея хабар беради “24.kg” АА . Омбудсмен матбуот хизмати ёйинлаган баёнотда қайд этилишича: “Қирғизистон Республикаси омбудсмени ушбу ҳолатни текширмайди, бу билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланади. Турсунбек Ақун ҳалок бўлганнинг мурдаси уч кун давомида яқинларига берилмаганидан ғазабланмоқда. Айбдорлар жазоланади дея умид қилиш қолди, холос”.

Бақит Ибраимов (Қирғизистон)