14:14 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Буюк девор”: Ўзбекистон расмийлари қонуний йўл билан Интернет устидан назорат ўрнатмоқчилар

07.06.2009 13:18 msk

Даниил Кислов

Сўнгги тўрт-беш йил давомида Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари учун “номақбул” веб-сайтларга йўлни қатъий тарзда тўсиб келмоқда. Ғалвирдан беҳаё порнографик сайтлар эмас, балки мустақил сиёсий ва мухолифатдаги оммавий ахборот воситалари ўтказилмоқда. Ўзбекистонда “Фарғона.Ру” сайти очилмай қўйганига ҳам анча бўлиб қолди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳаёти тўғрисидаги ҳақиқатни сўзлаб берувчи Россиянинг бошқа сайтларидаги алоҳида материаллар ҳам очилмаслиги кўпчилик интернет фойдаланувчиларга маълум.

Бу ишларнинг бари яширин тарзда амалга оширилмоқда. Тахмин қилишмизча, бу ҳақда қарорлар веб-провайдерларнинг ишига кураторлик қилувчи Миллий хавфсизлик хизматининг махсус бўлимлари қабул қилинса керак. Лекин кўринишидан, расмий Тошкент Интернетни фильтрация қилинишига қонунни ҳам асос қилиб олмоқчи шекилли.

Ўзбекистонда олий қарорлар ҳаётга татбиқ этилиши одатда жамоатчилик фикрини тайёрлашдан бошланади. Шунинг учун ҳам матбуотда Интернет устидан легал назорат ўрнатишни тарғиб қилувчи кампания бошланди. Давлат “номақбул” ва “хуш кўрилмаган” веб-сайтларни тақиқлаши мумкин ва тақиқлаши керак деган тушунчани Ўзбекистон фуқароларининг онгига сингдириш бошланди.

Интернетдаги эркинликни тартибга солиш зарурати ҳақида билдираётган Ўзбекистон расмийларининг вакиллари матбуот эркинлиги индекси рўйхатида қуйи поғоналарни эгаллаб келаётган хорижий давлатлар тажрибасига ишорат қилмоқдалар. Улар Исроил, Жанубий Корея, ва Хитойга тенг бўлишга чақирмоқдалар. Шу билан бирга улар ўз фуқароларига демократия кучлироқ бўлган давлатларда Интернет фаолият қай тарзда тартибга солинаётгани ҳақида сўзлаб берганлари йўқ. Бундан ташқари, улар баъзи муҳим тафсилотларни унутиб қўйдилар ва аёрлик қилиб ёлғон сўзлаяптилар. Шунинг учун ҳам тармоқни назорат қилиш ғояси охир-оқибат қандай амалга оширилишини дарҳол тушунса бўлади.

Мисол учун, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг масъул ходими Улуғбек Султанов “Ўзбекистон матбуоти” журналида чоп этилган ўз мақолаларидан бирида ўқувчилар аудиториясига Исроилда “Интернетда цензура ҳақида” қонуни қабул қилингани ҳақида ёзмоқда. Унга кўра, янги қонунга мувофиқ барча “номақбул сайтлар”га фильтрлар ўрнатилади. Бундай сайтлар рўйхатини Исроил Алоқа вазирлиги белгилар эмиш.

Шу ерда қайд этишимиз жоизки, эксперт ё ҳато қиляпти ёки айёрлик. Зўравонликни тарғиб қилувчи, порнография ва қиморвозлик сайтларнинг очилишини чекловчи қонун ўтган йилнинг бошланишида қабул қилинган бўлиб, ўша пайтдан бери бу қонунга кўплаб тузатишлар киритилган. Пировардида, мутасаддилар ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат комиссия қайси веб-ресурсларни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Эрон Интернетида сиёсий ва диний арбобларни танқид қилиш тақиқланган, барча блоггерлар ўз веб-сайтларини маданият ва санъат вазирлигида рўйхатдан ўтказишлари лозим. Сурия алоқа вазирлиги интернет кафеларнинг эгаларига фойдаланувчиларнинг паспорт маълумотларини ёзиб олишни ва расмийларга тақдим этиш мажбуриятини юклаган. Саудия Арабистони ҳукумати 400 минггта “номақбул” сайтларни блокировка қилиб қўйган.

“Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича 2008 йилда 1740 сайт ёпилган ёки тўсиб қўйилган, Интернетда материаллар чоп этгани учун 105 та блоггер жабрланган, шу жумладан, 1 таси ўлдирилган, 59 таси ҳибсга олинган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниши биланоқ контентнинг автоматик фильтрланиши тўғрисидаги бандига жиддий ўзгартишлар киритилди. Кнессет комиссиясининг қарорига кўра, исроиллик барча фойдаланувчилар учун Интернетга чекланмаган даражада йўл очиқ бўлиши лозим , провайдерлар эса мижознинг илтимосига биноан қандайдир фильтр ўрнатиб беради, холос.

Шундай қилиб ўзбекистонлик мутасадди бошлиқларининг буюртмасини бажара туриб орзу қилаётган нарсасини амалда бор дея тақдим этишга уринмоқда.

Мақоланинг давомида ЎзМАА ходими ўзича Интернет-ресурслар устидан давлат назоратини ўрнатишнинг ижобий намуналарини келтирмоқда. Унга кўра, “Интернет қарийиб барча хонадонларга кириб борган Жанубий Кореяда тахаллус остида мақола ва хабарлар тарқатиш тақиқланиб, муаллиф ўз номини ёзиб жойлаштириши шарт қилиб белгиланади. Ҳозирда ушбу мамлакатда мазкур меъёрни бошқа сайтлар учун ҳам жорий этишга қаратилган қонун устида иш олиб борилмоқда”, деб ёзади у.

Бу ерда аниқлик киритилиши лозим: Жанубий Кореяда бундай қонун ҳақиқатдан ҳам 2005 йилдан бери амал қилиб келмоқда. Қонунга кўра, ўқувчилар сони 100 мингдан ошган сайтлар фойдаланувчиларининг идентификацияси талаб қилинади.

Фойдаланувчилар рўйхатдан ўтаётганларида ўзларининг ҳақиқий исм-шарифларини ва яшаш манзилларини аниқ кўрсатишлари керак. Сайтлар маъмурияти эса ахборотнинг ҳақиқиқийлигини текшириб расмийларга бу ҳақда маълумот бериб туришлари лозим. Вақти келиб Ўзбекистонда ҳам сайтга кириб чиқувчи фойдаланувчилар сони шунга ўхшаш обрўли веб-нашрлар пайдо бўлишини орзу қилишимиз мумкин, холос. Бу нарса қачон амалга ошишини Яратганнинг ўзи билади. Боз устига, “Фарғона.Ру” экспертларининг маълумотига кўра, Корея қонунчилигида у ёки бу нобақбул сайтларга тўсиқ қўйиш ҳақида бирор оғиз сўз йўқ.

Пекин маъмуриятининг кўрсатмасига биноан Интернет-кафе мижозларининг нафақат ҳужжатларини текширадилар, балки суратга туширадилар ҳам. Туркменистанда Интернет-кафе хизмат ҳақини тўлаётган мижоз паспортини кўрсатиши шарт, мамлакатдаги ягона провайдер эса кўплаб “номақбул” сайтларни блокировка қилиб қўйган .

Лекин, Ўзбекистон расмийлари аслида замонавий ва тушунарли қонун яратиш тўғрисида қайғурмаяптилар. “Номақбул” ва “зарарли” сайтларни тақиқлашдан мақсад – Интернетнинг мамлакат аҳолиси онгига таъсирини иложи борича камайтириш.

«Халқ Сўзи» газетаси бош муҳаррирининг муовини Шуҳрат Жабборов ҳам куни-кеча ўзи ишлаётган газетасида “номаъқул” танқидлар билан шуғулланувчи интернет сайтларни назоратга олиш таклифи билан чиқди. Мақолада номаъқуллик даражасини ким аниқлаб бериши ҳақида Жаббаров индамаётгани ҳам рост. Кўринишидан, у бу масалада “тегишли идоралар”га тўла ишонаётганга ўхшайди. Улар ҳозир ҳам истаган сайтларини ўз хоҳишларича блокировка қиляптилар. Жаббаров бу борада Хитойда амал қилаётган “Буюк Хитой девори” дастуридан ўрнак олиш кераклигини, Хитой расмийлари мазкур дастур орқали кўп сайтларга кириш имконини ёпганларини ўрнак сифатида келтирган.

Қайд этиш жоизки, олдинроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Тошкент давлат юридик институти ректори Мирзаюсуф Рустамбоев ҳам шунга ўхшаш таклиф билан чиққанди. У Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи энг хавли интернет сайтларининг ягона рўйхатини тузиш ва тезликда уларни назоратга олиш, шу билан бирга халқаро тармоққа ахборот тарқатишни назоратга олиш бўйича қонун ҳужжати қабул қилиш керак, деган ташаббусини ўртага ташлаган эди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда цензура тез орада енгиллаб қолармикан деган умидлар ҳам чиппакка чиқмоқда. Республикада ахборот олиш бундан кейин янада қийинлашади. Матбуотда ўтказилган тарғибот кампаниясидан сўнг депутатлар ишга киришадилар. Керакли қонун ортиқча баҳс-мунозарасиз қабул қилинишига шубҳа йўқ: республикадаги сиёсий вазият шунақа. Тармоқнинг ҳукумат назоратидан ҳоли участкаларида фильтрлаш қонуний асосга эга бўлганидан кейин эса унга қарши кураш янада қийинлашади.

Даниил Кислов, “Фарғона.Ру” АА бош муҳаррири. Мақола NewsUz.Com хабарларидан фойдаланган ҳолда тайёрланди