12:24 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Amnesty International – 2009: Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳамон бузилмоқда

06.06.2009 13:33 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш Amnesty International халқаро ташкилоти дунё бўйича инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши тўғрисида ҳисоботини чоп этди. “Фарғона.Ру” ҳисоботнинг Ўзбекистонга тааллуқли қисмини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилмоқда.

Халқаро ва Ўзбекистон нодавлат ташкилотлари коалицияси ва фаоллари томонидан пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши ўтказилган узоқ муддатли кампания муваффақиятга эришди.

Кийим-кечак чакана савдоси халқаро тармоқлари Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасидан тайёрланан маҳсулотларни сотишдан бош тортганлари бу ишда ўз самарасини берди.

Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари аксарият қисми тинч аҳолидан иборат намойиш иштирокчиларини ўққа тутиб юзлаб одамларни ўлдирганларидан кейин уч йил ўтиб расмийлар ҳамон бўлиб ўтган воқеани мустақил тарзда халқаро текширувдан ўтказилишига розилик бермаяптилар. Ўшанда Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар киритди: республиканинг 12 нафар юқори мартабали мулозимига Европа иттифоқи мамлакатларига кириш тақиқлаб қўйилди, қурол-аслаҳа сотишга эмбарго киритилди ҳамда Ҳамкорлик ва шериклик битимининг амал қилиши қисман тўхтатиб қўйилди. Аммо 2008 йил октябрь ойида

Ўзбекистон Тошкентда матбуот эркинлиги масалаларига бағишланган ЕИ-Ўзбекистон шаклидаги семинарни ўтказишга розилик бергани учун ЕИ 12 нафар мулозимларнинг виза тақиқини тўла бекор қилди. Лекин, семинарга мустақил ўзбек оммавий ахборот воситаларининг вакилларини, чет эллик журналистларни қўймадилар. Чет эллик нодавлат ташкилотлари вакилларига кўра, семинарни “мамлакатда 17 йил давом этиб келаётган сўз эркинлигини бостириш сиёсатида қандайдир ижобий ўзгаришлар содир бўлаётганинг исботи сифатида кўриб бўлмайди”.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг аҳволи ёмонлашишда давом этди. Икки амнистия давомида баъзи ҳуқуқ ҳимоячи маҳбусларни муддатидан аввал шартли равишда озод қидилар. Уларнинг орасида виждон маҳбуси Дилмурод Муҳиддинов ҳам бор. Аммо сони ўндан кам бўлмаган ҳуқуқ ҳимоячилари турмаларда қолиб кетдилар. Улар қариндошлари ва адвокатлари билан учрашув ҳуқуқидан маҳрум этилдилар, уларга шавқатсиз муносабатда бўлиб қийноқлар қўллаганлари маълум. Уларнинг баъзилари турмада оғир касалликка чалиндилар. Октябрь ойида ҳуқуқбонлик фаолияти учун икки нафар ҳуқуқ ҳимоячини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этдилар. Улардан бири мухолифатдаги тақиқланган “Эрк” партиясининг аъзоси Аъзам Турғунов тергов давомида унга нисбатан қийноқлар қўлланганини билдирди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари илгаригидек қолган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ортидан кузатувлар олиб бордилар, уларни милицияга сўроққа чақириб, уй қамоғига жойлаб, милиция бўлинмаларига олиб бориб калтаклаб келдилар. Уларнинг қариндошлари ҳам кучишлатар тузилмалари томонидан сиқувга олинган. Ҳисоботда ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ва виждон маҳбуси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг кутилмаганда турмадан озод этилгани ҳамда сохталаштирилган айблов билан ўн йилга озодликдар маҳрум этилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ҳақида айтилмоқда.

Ўзбекистонда чет эл оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотларига босим кучайди, “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг Тошкентдаги идораси директорига аккредитация бермадилар, Ўзбекистон телеканалларидан бирида “Озодлик Радиоси”нинг ўзбек ходимлари ватан хоинлари дея эълон қилинди. Протестантлар ва иеговачилар бирлашмаларини деструктив секталар дея атаб, уларга қарши гиж-гижлов қўлланилмоқда. Расмийлар нафақат евангелист насронийларнинг, балки давлат томонидан назорат қилинмайдиган масжидларда номоз ўқийдиган мусулмонларнинг ҳам эътиқод эркинликларини бузмоқдалар.

Ҳибсга олинган ва қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланиши ва шавқатсиз муомалада бўлишнинг бошқа турлари давом этмоқда. Шу билан бирга, нафақат тақиқланган исломий гуруҳларга алоқадорликда гумонланаётганлар ёки террризм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар, балки бошқа гуруҳ вакиллари, шу жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, мамлакат раҳбариятининг собиқ аъзоларига ва кучишлатар маҳкамаларининг собиқ ходимларига нисбатан ҳам қийноқлар қўлланмоқда. Қийноқлар ҳақидаги аризалар эътиборсиз қолдирилмоқда.

Терроризмга қарши кураш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида Ўзбекистон расмийлари илгаригидек, “Ҳизбут-Таҳрир” ва “Акромийлар” каби тақиқланган исломий ҳаракатлар ва ислом партияларнинг тахмин қилинаётган аъзоларини қўшни мамлакатлардан ҳамда Россия Федерацияси ҳудудидан берилишини фаол равишда талаб қилиб келган. Ўзбекистонга мажбуран келтирилган одамларнинг аксарияти қамалиб кетди.

Мамлакатда 1 январдан бошлаб олий жазони умрбод қамоқ жазосига алмашувини кўзда тутувчи янги қонун кучга киргани учун ўлим жазоси бекор қилинди. Аммо йил охирига келиб ҳам расмийлар ўлим жазоси ижро этилишининг олдинги йиллар статистикасини, яъни, олий жазога қанча одам ҳукм қилинганини, қанчасига нисбатан бу жазо ижро этилгани ва авф этилган маҳкумлар сони ҳақидаги маълумотни чоп этганлари йўқ. Ўлим жазоси автоматик тарзда умрбод қамоқ жазосига алмашган шахсларнинг тўла рўйхати ҳам эълон қилингани йўқ. Қатл этилганларнинг қариндошларига марҳумлар қаерга дафн этилганлари ҳақида илгаригидек хабар берилмаган. Олий суд ўлим жазоси бекор қилинган пайтга келиб отувга ҳукм қилинганларнинг ишларини кўриб чиқишга бошлади. Апрель ойининг ўрталарида суд ўн еттита отувга ҳукм қилинганларга 20 ва 25 йил қамоқ жазоси тайинлади.