02:54 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўбекистон Ислом ҳаракатидан сўнг. Фарғона водийсига қайтиш – реваншнинг бошланишими ёки мавзу ниҳояси?

29.05.2009 20:56 msk

Санобар Шерматова

Андижон вилоятида жорий ҳафта давомида содир бўлган воқеалар бир қатор фаразларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди, уларнинг орасида ҳатто конспирологик (конспирология – фитналар назарияси ҳақидаги фан) шарҳларга ҳам ўрин топилди.

Қирғизистонлик баъзи “гувоҳлар” гўёки инглиз тилида сўзлашаётган жангариларни кўрганлар ва уларнинг ёнларида таржимон бўлган. Бу эса уларга кўра, изларнинг АҚШга қараб кетаётганини кўрсатади. АҚШ бор жойда эса Россия ҳам бўлади: Марказий Осиёда “Катта ўйиннинг” янги раундини бошлаб юборган “Москванинг қўли”ни кўрганлар ҳам бўлди.

“Азаттиқ”радиосига 26 май куни интервью берган Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ички ишлар бошқармаси штаб бошлиғининг муовини Ибрагим Шатманалиев номаълум шахслар гранаталардан фойдаланган ҳолда Андижон вилояти Хонобод шаҳар милиция бўлими биносига ҳужум қилдилар дея билдирди. Унга кўра, Хонобод шаҳар милиция бўлимига соқол қўйган, чет тилида, тахмин қилинишича инглиз тилида сўзлашган номаълум шахслар ҳужум қилган. Уларнинг ёнида таржимон ҳам бўлган

Аслида, жангарилар қуролли ҳужумининг сабаби ўзини “Исломий жиҳод” дея атаётган номаълум ташкилотнинг баёноти билан бир ҳил бўлиши мумкин.

Икки минг тўққизинчи йилда икки минг олтинчи йилдаги каби

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Хонободдаги блок-постга ҳужум чоғида портловчи мосламалардан фойдалангани, Андижонда эса “номаълум киши” ўзини-ўзи портлатганини тан олувчи расмий баёнотнинг эълон қилиниши биланоқ қуролли акцияда криминал унсурлар иштирок этгани тўғрисидаги илк фаразлар четга сурилди. Маҳаллий жиноятчилар портловчи мосламалардан фойдаланишга ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига очиқдан-очиқ ҳужум қилишга одатланмаганлар. Олдинига бу минтақада қуролли акцияларни фақат Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) жангарилари ўтказиб келганлар, холос.

Баъзи таҳририятларга келиб тушган мактубга кўра, “Исломий жиҳод” ташкилоти таркибига кирувчи ва ўзини “Мавароуннаҳр” деб атаган номаълум тузилма Андижондаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Мактуб муаллифи ҳужум учун нишон бўлган объектларни кўрсатиб ўтган – бу Хонободдаги милиция бўлими ва Миллий хавфсизлик хизмати биноси. Сабаб сифатида эса “репрессив Каримов режимига” қасос дея аталмоқда. Ушбу баёнотни тасдиқловчи ҳеч қандай тафсилотлар йўқлиги важидан бу ташкилотнинг мавжудлиги ҳам гумон остига олинмоқда. Шунга қарамай, ҳозирги қуролли акция нафақат Ислом ҳаракатининг тактикаси доирасида амалга оширилган, балки Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг баёнотлари руҳига ҳам мос келади.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йил сентябрь ойида Тоҳир Йўлдош ўзининг навбатдаги аудио-мурожаатномасини ёйинлаган эди. ЎИҲ аъзолари Афғонистондаги коалиция кучларига қарши “Толибон” ва “Ал Қоида” билан бир сафда туриб курашаётгани ҳақида билдирган жангарилар етакчиси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларига таҳдид қилди ва мусулмонларни таъқиб қилаётганлари учун жазолашга ваъда қилди. Ўша пайтда уч мамлакатнинг махсус хизматлари уч ой аввал Фарғона водийсидаги Тожикистоннинг чегара заставасига ва Қирғизистоннинг божхона пунктига ҳужум қилган жангариларни қидираётган эдилар. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, аслида жангарилар бу ерда қурол-аслаҳаларни қўлга киритиб, кейин террорчилик актларини амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳудудига ўтмоқчи бўлганлар. Божхоначи ва чегарачилар 12 май куни ҳужумга учраганлар, бундан милиция ходимлари Ўзбекистон ҳудудидаги акциялар Андижондаги фожеанинг бир йиллигига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилган деган хулосага келдилар. 2006 йилда бу режалар амалга ошмади.

Май, Андижон, янги ҳужумлар

Деярли уч йил аввал содир бўлган воқеалар билан қиёслашни давом этиш мумкин. Ўшанда ҳам ҳозиргидек, жангариларнинг қуролли чиқишлари арафасида Покистон армияси Қабилалар ҳудуди дея аталувчи мамлакатнинг Шимоли-Ғарбий ҳудудларида кенг кўламли операциялари ўтказганди. Баъзи маълумотларга кўра, бу ерда чет эллик жангарилар, шу жумладан ўзбеклар ҳам бошпана топганлар. Ўшанда ҳукумат қўшинларининг ҳужумлари жангариларни паноҳ топган жойларини тарк этиб қадрдон юртларига қайтишга мажбур қилганди.

Тоҳир Йўлдош доим манзилини ўзгартиб юради, у Афғонистонда қидирилаётган жангарилар рўйхатида бешинчи ўринда туради. Америка қўмондонлиги унинг боши учун 200 минг доллар мукофот ваъда қилган. Сўнгги йилларда у бошқараётган ташкилотнинг сафи камая бошлади, шунинг учун ҳам ўзбек жангариларининг интернационал ҳаракатлар таркибига киришларида ҳайрон бўладиган ери йўқ. Боз устига, Тоҳир Йўлдош мусулмонларга мурожаатларидан бирида “Агар Ўзбекистон Ислом ҳаракати илгари асосан Ислом Каримов режимига қарши курашган бўлса, эндиликда ташкилот сайёрамиздаги барча Ислом душманларига қарши курашни бошлади” деб айтган.

Қизиғи шундаки, Фарғона водийсидаги портлашлар қўшни Тожикистондаги зўр бериб тарқатилаётган миш-мишлар қабатида янграмоқда.

Ҳукумат қўшинлари тоғларда қандайдир операция ўтказмоқдалар. Журналистлар ва мухолифатдаги сиёсатчилар Мулло Абдулло номи билан танилган дала командири Абдулло Раҳимовнинг Помиролди ҳудудларига кириб келганликда гумон қилишмоқда. Ҳозирча бу ахборотнинг расмий тасдиғи йўқ.

Аммо Тожикистондаги “Азия плюс” ахборот агентлигининг мухбири ёши 60 дан ўтан ва оғир касалдан юра олмай қолган Мулло Абдулло расмийлар билан ватанида қолиб яшашга рухсат олиш учун музокара олиб боряпти дея таъкидлаяпти. Баъзи маълумотларга кўра, унинг ёнида юзга яқин одами бўлиб, уларнинг орасида ўзбеклар, чеченлар ва араблар бор

Ўз вақтида мулла Абдулло мухолифатнинг ҳукумат билан келишув битимига рози бўлмай Афғонистонга кетиб қолганди. Айтишларича, сўнгги йилларда у Қабилалар ҳудудида яшаб келган. Энди улар қайтаяптилар. Кимдир тинчлик билан, бошқаси эса уруш ниятида.

Кейин нима бўлади?

Янги ном остида чиқаётган жангариларнинг келажаги борми? Қайта қуриш даврида пайдо бўлган исломий уюшмалар тез орада радикал йўналишга кириб кетдилар, уларнинг аъзолари эса жангариларга айландилар. Улар расмийларнинг таъқибидан қочиб Тожикистонга бордилар ва фуқаролик уруши давомида ҳарбий тажрибага эга бўлдилар. Энди бўлса улар ғарб коалиция қўшинлари ва Покистон армиясининг сиқуви остида Афғонистон ва Покистондан ортга қайтмоқдалар.

Радикалларга талаб ватанда эмас толибларда бор экан. Ташкилот тузилганидан бери Ўзбекистонда бирорта ҳам аҳамиятли ижтимоий база ярата олгани йўқ. Кўринишидан, республика аҳолисининг аксарияти ҳаракат ғояларига қўшилмайдиганга ўхшаяпти. ЎИҲ брендининг “Мавароуннаҳр”га алмашуви, дастурий мақсадларга киритилган тузатишлар бу вазиятда ҳеч нарсани ўзгартиришга қодир эмас.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг кенг кўламли акциялари, шу жумладан, 1999 йилда Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юришлар, Тошкент вилоятидаги терактлар ижтимоий қўллаш билан эмас, балки бу ташкилот учун аталган ўша специфик роль билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Ташкилот Ўзбекистон раҳбариятининг аралашувидан ғазабга келган тожикистонлик сиёсатчиларнинг кўмагини олаётган пайтда машҳур бўлди. Москванинг ҳам ўз эътирозлари бор эди ўшанда: Ўзбекистон россиялик раҳбарларнинг лаёқатсизлиги важидан кўнгли қолиб шошилинч равишда Ғарб билан муносабатлар ўрната бошлади. Тошкент Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиши ортидан (1999 йил май) жангариларнинг ҳужумига учрагани тасодиф бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам исломий радикаллар ўшанда кимгадир собиқ совет сиёсий элиталар манфаатини илгари суриш учун самарали восита бўлиб кўринган бўлса керак.

Исломий радикалларнинг сиёсий саҳнага янгидан чиқиши баъзи шартлар негизида амалга ошиши мумкин. Бунинг учун масалан, қайсидир республикада ҳокимият заифлашиши ёки минтақада мувозанатнинг бузилиши керак. Ҳозирги элиталар тўла лаёқатли ҳамда Россия, Хитой ва Ғарб мамлакатлари манфаатларининг зиддиятларида нозик ўйинлар кўрсатиш қоидасини яхши эгаллаб олганлар. Боз устига, уларнинг қўлларида бир-бирларига таъсир кўрсата оладиган, радикалларга нисбатан самаралироқ ва хавфсизроқ янги воситалар пайдо бўлган.

Реванш амалга ошмай қолди. Аммо Исломнинг ёрқин келажаги учун курашчилар ҳамон ҳуқуқ-тартибот идораларига нохушликлар етказишга қодирлар. Радикалларнинг йўқ бўлиши – вақт, рақибларнинг профессионал савияси ва минтақа мамлакатлари сиёсатчиларининг келишилган ҳолда фаолиятига боғлиқ нарса. Сўнггиси, давлатлараро муносабатларда зиддиятли потенциал сақланиб қолишини ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда энг катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Санобар Шерматова, “Новости” РАА экспертлар кенгашининг аъзоси, “Фарғона.Ру” АА учун махсус