23:21 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Давлат бионазорати инспектори Мақсет Қўсбергенов деяpли тўла оқланди

27.05.2009 19:00 msk

Сергей Наумов

Фотосуратда: Мақсет Қўсбергенов 2009 йил 20 апрель куни озод этилаётган пайтда. Biodiversity.ru веб-сайтининг фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон ( Ўзбекистон ) Олий судининг ҳайъати 2009 йил 20 май куни Мақсет Қўсбергеновнинг фойдасига ҳукм чиқарди.

Ўзбекистон Давлат бионазорати Амударё сув инспекциясиининг қувғиндаги бошлиғи олдинроқ чиқарилган суд ҳукми устидан шикоят қилиб юқори инстанцияга ариза берди ва ишда ўз фойдасига қарор чиқаришга муваффақ бўлди. “Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, суд Мақсет Қўсбергеновни мансаб ваколатини оширгани учун 600 минимал иш ҳақига тенг бўлган (16 миллион 240 минг сўм) жаримага тортиш бўйича ҳукм чиқарганди.

Энди, суд қарори билан эколог лавозимида қайта тикланадиган, қамоқда ўтирган ойлар учун эса унга ойлик маош тўла бериладиган бўлди.

“Фарғона.Ру” таҳририяти адвокат ва унинг мижози билан алоқа йўқлиги важидан бу қувончли хабарни ўз вақтида олгани йўқ эди. Мухбиримиз билан 27 май куни бўлиб ўтган сухбатда Мақсет Қўсбергенов ва унинг адвокати Марат Хўжаметов иш муваффақиятли якунланганини тасдиқладилар. Ҳимоячининг қайд этишича, “ҳайъат Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-чи моддаси (мансаб ваколатини ошириш) бўйича айбловни ўз кучида қолдирди аммо, жаримага тортиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди”. Эслатиб ўтамиз, Мақсет Қўсбергеновни икки миллион сўм пора олишда айблагандилар.

Браконьерларга қарши курашчининг озод этилишига “Фарғона.Ру” сайтида чоп этилган мақолалар ва Мақсет Қўсбергеновнинг ҳимояси бўйича Халқаро қўмитанинг тузилиши сезиларли таъсир кўрсатди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаатномани Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украинадан ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан юздан ортиқ экологик ва илмий ташкилотларнинг вакиллари имзоладилар. Кучишлатар тузилмалари, Бош прокуратура ва президент девонига юзлаб мактуб ва сўровномалар юборилди. Халқаро ташкилотлар ҳам тезкор ҳаракат қилдилар. Болгариялик ва франциялик экологлар Интернетда Мақсетга алоҳида саҳифа очиб қўйдилар.

Шу билан бирга, дунёда шов-шув бўлиб кетган қорақалпоғистонлик табиат ҳимоячиси тақдири билан маҳаллий ОАВ мутлақо қизиққани йўқ. Ўзбекистонлик экологлардан бири куйиниб қуйидагиларни қайд этди:

- Ушбу кампания ишнинг муваффақиятли кечишида катта роль ўйнаганига ишончим комил! Иш кенг тарзда ошкор этилиши ҳамда экологлар ҳамжамиятининг ҳақ иш учун курашга қарор қилгани туфайли Мақсетга нисбатан адолатсизлик амалга оширилмади. Яширин равишда номақбул инспекторни бурнини ерга ишқашга имкон бўлмади. Энди, биз ўзбекистонликларда оз бўлсада адолат қоғозда эмаслиги борасида ишонч пайдо бўлди. Ушбу кампания ҳақидаги ахборот маҳаллий ОАВ саҳифаларига тушмагани афсусланарли ҳол.

Эслатиб ўтамиз, Амударё сув бассейни бошлиғини ўтган йили декабрь ойида ҳибсга олдилар. Бундан бир ой муқаддам у йирик браконьерлар гуруҳини қўлга олган эди ва оқибатда бир қатор мансабдор шахслар жазога тортилгандилар.

Ҳозир Мақсет озодликка чиққан пайтда “Ўзбекистонда балиқчилик соҳасини 2009-2011 йилларда ривожлантириш бўйича чораларни амалга ошириш” дастурининг навбатдаги босқичи бошланди. Тўрт йил олдин Мақсет Қўсбергенов интернет нашрларда Оролбўйи биоресурсларини асрашга бағишланган бир қатор муаммоли мақолаларни чоп этганди. Энди бўлса Ўзбекистон Табиатни асраш бўйича давлат қўмитаси Табиатни асраш фондидан Қорақалпоғистон, Самарқанд, Фарғона ва Навоий вилоятларида маҳаллий турдаги балиқларни кўпайтиришга ихтисослашган ҳовуз хўжаликлари тузиш учун 75 миллион сўм ажратмоқда.

Мақсет Қўсбергеновнинг иши муваффақиятли тамомланиши қабатида Ўзбекистон судининг адолатли эканлиги тўғрисида гапиришга тўғри келмайди. Ўзбекистоннинг “дунёдаги энг одил суди” ҳамон одамларнинг айбсизлиги ва айбловларнинг сохталигини эътиборга олмаслик хусусиятига эга. Мисол учун, 2008 йилда ҳуқуқ ҳимоячи ва журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олиниб 10 йилга қамалди. Халқаро ҳамжамият унинг бангфурушликка алоқадор эканлигига ишониб ўтирмадиям…

Сергей Наумов