21:59 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Каримовча аттестация ҳақида...

25.05.2009 09:49 msk

Аҳмад хожи Хоразмий

Куни-кеча “Озодлик” ва “Фарғона.Ру” интернет сайтларида адвокат Руҳиддин Комиловнинг қайта аттестациядан ўтиши тафсилотлари ҳақидаги мақолалар чоп этилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг бошида “Узметроном” интернет сайти ҳам Ўзбекистон Давлат Тест Маркази ва унинг бошлиғи Баҳром Исмоиловнинг кирдикорларини фош қилувчи мақолани ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилганди. Мазкур мақолалардан таъсирланиб Ўзбекистон ҳукуматининг “аттестация” дея аталмиш ўзига хос ва ўзига мос бу лўттивозлигининг қурбонларидан бири сифатида мен ҳам қўлимга қалам олишга мажбур бўлдим.

Маълумки, каримовча аттестациядан фарқли равишда, бутун жаҳон бўйлаб аттестация илм-фан, халқ хўжалиги ва жамиятнинг ривожланиши йўлида, у ёки бу ходимнинг диний ёки сиёсий дунёқарашини юзага чиқариш учун эмас, балки эгаллаб турган вазифасига профессионаллик жиҳатдан лаёқатини аниқлаш учун ўтказилади.

2004 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мамлакатимиз аграр соҳасида тайёрланаётган кадрларнинг сифатини яхшилаш ва шу мақсадда уларга таълим бераётган профессор-ўқитувчиларнинг малакасини аниқлашни вазифа қилувчи № 415 қарорини қабул қилганди. Ўшанда мамлакатда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ўқув юртларининг талабалари ҳамда олим-педагоглари ижобий натижаларга умид билан ушбу қарорни яхши кутиб олгандилар.

Мазкур қарорга мувофиқ Тошкент Давлат Аграр университетининг профессор-ўқитувчилари орасида ҳам аттестация ўтказиладиган бўлди. Аммо Давлат Тест Маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг мансабдор ходимларидан иборат аттестация комиссиясининг 12 нафар аъзоларидан биронтаси ҳам агрономия соҳаси бўйича мутахасис эмаслиги кишини ажаблантириб қўйди.

Аттестация бошланишидан бир-неча кун олдин Давлат Тест Марказининг “махсус” ходимлари аттестация қилинувчиларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб улардан пул йиға бошладилар. Пул берганларнинг орасидан ким аттестациядан ўтмай қолса, уларни университетдан ҳайдамаслик, мабодо ишдан бўшайдиганлари бўлиб қолган тақдирда, уларга пулларини қайтариб бериш ҳақида кафолат кафедра мудирлари ва деканлар орқали етказилди.

Аксарият ходимлар айтилган пулни бердилар. Бироқ ўзига ишонган, нафақат мамлакат миқёсида, балки чет элларда ҳам танилган И.Туропов, Белолипов, А.Хоразмий, С.Азимбоев, Х.Ҳайитбоев каби олимлар пул беришдан бош тортдилар.

Юқорида қайд этилганидек, комиссия аъзоларининг агрономия соҳаси бўйича мутахасис бўлмаганликлари ва малакасизликлари боис агроном-олимларни “ароқ ким томонидан ихтиро қилинган?”, “Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон ҳижрат қилганлар?”, “ҳукуматнинг фалончи номерли қарори қачон қабул қилинган?”, “Ал-Хоразмий нечта китоб ёзган?”, “Ўзбекистон ҳудудидаги хонликларда охирги хону-амирлар ким бўлган?” каби саволлар ёрдамида аттестациядан ўтказишди.

Қизиғи шу бўлдики, аттестациядан пул берганларнинг деярли барчаси ўтиб, ўзига ишониб пул бермаганларнинг биронтаси ҳам ўта олмади. Пул бермагани учун пахтани плёнка остига экиш технологиясининг назарий асосчиси, қатор йиллар Агрохимия ва Тупроқшунослик институтининг директори бўлиб ишлаб келган, фан арбоби И.Туропов, ўз тадқиқотлари ва илмий салоҳияти бўйича чет элларда ҳам довруғли бўлган профессорлар Белолипов ва С.Азимбоев, Университетнинг ўқув бўлимига 15 йил раҳбарлик қилган, “2003-2004 йилнинг энг яхши декани” танловининг ғолиби Х.Ҳайитбоев каби олимлар чаласаводга чиқарилиб, 6 ойдан кейин қайта аттестация қилиш шарти билан “зўрға-шартли” равишда ишда қолдирилди.

Бу олимлар ҳам (яъни, шартли ўтказилганлар) тавбаларига таяндилар ҳамда пулни ошиғи билан бердилар. Ўшандан бери беш йил ўтган бўлса ҳам олти ойдан кейин бўлажак қайта аттестация комиссиянинг “эсидан чиқиб” кетди. Аттестациядан хўжакўрсинга ўта олмаганларни турли бошқа лавозимларга жойлаштиришди. Кетмоқчи бўлганларга эса пулларини қайтариб бериб, “ўз аризасига биноан” бўшатишди.

Бироқ, илмий тадқиқотлари ва китоблари Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мукофоти, Ал-Хоразмий номидаги мукофот ва Мозамбик (Африка) Республикаси ҳукуматининг мукофотига сазавор бўлган, мамлакатда агрокимё соҳасидаги нафақа ёшига етмаган ягона профессор ҳисобланган А.Хоразмий нафақат пул бермагани учун, балки, юқорининг кўрсатмасига биноан ҳам “каримовча аттестация”дан ўта олмади. Комиссия аъзолари уни аттестациядан ўтказмаслик бўйича бир овоздан қарор қабул қилдилар.

Шундай қилиб, бутун университет жамоаси ичида биргина мен, яъни профессор А.Хоразмий “аттестациядан ўта олмагани учун” деган иборали буйруқ билан ишдан бўшатилдим. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бутун бошли 415-чи қарори фақат мени бўшатиш учун чиққанидан ғурурландим ва Муҳаммад Солиҳнинг “Битта исёнчига юзлаган миршабларнинг кераги ҳам йўқ эди”, - дегани эсимга келди.

“Тўнғизга тегсада-тегмасада бир ўқ” деган ҳалқ мақоли асосида Давлат Тест Маркази ва унинг бошлиғи Баҳром Исмоилов устидан президентга шикоят аризаси билан мурожат қилдим. Президент девонининг масъул ходими У. Тошкенбоев аризамни “ўзингиз текшириб чора кўринг” дея Б.Исмоиловнинг ўзига юборибди.

Давлат Тест Марказининг директори Б.Исмоилов ва аттестация комиссиясининг котиби Б.Ражабовлар менинг аризам бўйича 2005 йил, 7-февраль куни соат 16 да ТошДАУга келишди. Университет ректори Х.Кимсанбоев, проректорлар Л.Ғофурова, Х.Шералиев, ўқув бўлимининг мудири М.Атабаев, илмий котиб Б.Мусаев, кадрлар бўлими бошлиғи Ш.Юсуповлар иштирокида йиғилиш ўтказиб президентга ёзган аризамни тўлиқ ўқиб эшитдирдилар. Йиғилишда иштирок этганларнинг биронтаси ҳам мен аризада келтирган фактларни инкор эта олмадилар. Бу ҳолат Б.Исмоилов ва Б.Ражабовларни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

- Ариза текширувчиларга иккита саволим бор, - дедим мен. Ҳамма бир овоздан: “Марҳамат, саволингизни беринг”, - дейишди. Мен Б.Исмоиловга юзланиб: “Биринчи саволим шуки, мен сизнинг, яъни жабрловчининг устидан президентга ариза билан мурожаат қилган бўлсам, президент менинг, яъни жабрланувчининг аризасини текшириб чора кўриш учун яна сизнинг ўзингизга юборганини майнавозлик дейиладими, лўттивозлик дейиладими ёки масхарабозлик дейиладими, қайси бири тўғрироқ бўлади?”, - деб сўрадим.

Саволни эшитган йиғилиш иштирокчиларнинг кўпи ўзини тута олмай кулиб юбордилар. Ноқулай аҳволда ўтирган текширувчилар довдираб қолишди ва Б.Исмоилов аттестация комиссияси котибига: “Қандай атаса бўлади?”, - деган маънода тикилди. У ҳам “билмадим” деган маънода елкасини қисиб қўя қолди.

- Иккинчи саволим шуки, ўзингизнинг устингиздан ёзилган аризани ўзингиз текширишингиз учун президент девони маъсул ходимига “кўки”дан қанча бердингиз?, - деб сўрадим Б.Исмоиловдан. Текширувчилар қора терга ботиб кетдилар. Марказ директори аттестация котибига юзланиб: “Қанча берган эдик?”, - деганини ўзи ҳам билмай қолди. Уларнинг бу аҳволига йиғилиш иштирокчиларининг барчаси кулиб юбордилар. Куни-кеча барчани зир қақшатган бу мутасаддиларнинг аянчли аҳволини таърифлашга сўз ожизлик қиларди.

Кутилмаганда, текширувчилар “Юқоридаги саволларга президент девонидан жавоб олганимиздан кейин келамиз”, - деганларича довдираганидан бири папкасини, бошқаси эса хат ва кўзойнагини ҳам қолдириб қочиб кетишди. Улар хонадан чиқар-чиқмас мажлис иштирокчиларининг кўпи мени табриклаб, “Уларни роса эздингиз, энди бўшашмай охирига етказинг”, - дейишди.

Текширувчилар бошқа келмадилар. Мен президентга “Арзимизни эшитиб адолат ўрнатинг”, - дея турли оммавий ахборот воситалари орқали мурожат қилдим ва ҳатто оилавий пикет ўтказдим. Натижада, ишсиз қолганим етмагандай ҳаётим ҳам хавф остида қолди. Пировардида, ватанимни, уй-жойим ва оиламни ташлаб, муҳожирликка чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Бунга каримовча аттестация сабаб бўлди.

Қишлоқ хўжалик фанлар доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотларининг лауреати, профессор Аҳмад хожи Хоразмий.

Стокрорт, Буюк Британия