14:30 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Душманга йўл йўқ. Ёки Ўзбекистонда чўчқа тумовига қарши қандай қилиб курашяптилар

21.05.2009 09:56 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда республика ҳудудига “чўчқа тумови” дея аталувчи хавли вируснинг кириб келишига қарши жуда ҳам жиддий кураш авж олиб боряпти.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг муовини, давлат бош санитар врачи Бахтиёр Номозов жорий йилнинг май ойи бошланишида давлат чегараси кесишган жойларда, шу жумладан, аэропортларда ва темир йўл вокзалларида санитар-назорат масканлари ташкил этилганини ва улар махсус жиҳозлар ва дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланганини маълум қилганди. Ушбу хабар асосида инфекция йўлида мустаҳкам тўсиқ ўрнатилди деган оптимистик хулосаларга келинди.

Афсуски, жаноб Номозов мазкур санитар-назорат масканларининг иши қандай тамойилларга асосан қурилгани ҳақида изоҳ бергани йўқ. Шу сабабдан, баъзилар чет элдан келган йўловчилар қандайдир махсус трубкаларга пуфлайдилар, жиҳоз эса вирус бор-йўқлигини дарҳол аниқлаб берса керак дея тахмин қилдилар. Амалда эса ҳаммаси жўн бўлиб чиқди. Шундай қилиб, “Фарғона.Ру” мухбири ўз кўзи билан кўрган Ўзбекистонда тарқалиб бораётган эпидемияга қарши кураш қуйидагича бўлиб чиқди.

...Навбатдаги учоқ халқаро “Тошкент” аэропортида қўнмоқда. Йўловчилар ташқарига чиқиб битта ёки иккита автобусга чиқиб ўтирибдилар. Йўл-йўлакай умумий оммадан vip-йўловчиларни ажратиб олиб алоҳида автобусга таклиф қилишмоқда. Кейин, қолганлар кутгунича рўйхатни қайта текшириб адашиб умумий автобусга чиқиб олган яна битта-иккита “вип”ларни ажратиб олишмоқда.

Ниҳояти, транспорт ўрнидан жилиб аэропорт биноси олдига етиб келмоқда. Эшиклар очилмоқда ва йўловчилар тезроқ чегара назоратидан ўтиб, юкларини олиб тезроқ бу ердан гумдон бўлиш иштиёқида бир-бирларини итариб бинога қараб шошилмоқдалар. Аммо кутилмаганда, уларнинг йўлини оқ халат кийган уч нафар аёл тўсишмоқда. Уларнинг ҳар бири қўлида градусник ушлаб олган ва йўловчиларга ушлатиб “қўлтиғингизга тиқинг” дейишмоқда. “Нега энди?” –дея сўрашади ҳайрон қолган йўловчилар.

Бир неча сония ўтиб оёғи энг чаққонлар чегара назорати кабиналари олдига етиб келадилар. Бу ерда уларни сюрприз кутмоқда. “Ортингизга қайтиб градусникларни қайтариб беринглар!” – дея буйруқ беради назоратчи. Градусник тарқатаётган халатли аёллардан ўн-ўн беш метр нарида бошқа оқ халатли аёллар турганини кўпчилик сезмай ўтиб кетган экан. Бу иккинчи постда медиклар градусникларни йиғиштираётган эканлар.

Иккинчи маскан ходималари барча йўловчилардан градусникларни йиғиштириб, қоғозларга нималарнидир ёзиб, глобал эпидемия белгилари топилмаганини ва санитария назоратини муваффақият ила ўтказганларини қайд этишган бўлса керак.

Менинг кўз ўнгимда бирорта ҳам йўловчи ўз тана ҳароратини ўлчагани йўқ. Текширувчилар уларнинг “биз мутлақо соғломмиз” деган сўзларига ишониб тезроқ градусникларини йиғиштириб олишга ҳаркат қилардилар, холос.

Шундан сўнг, Ўзбекистон фуқаролари ва меҳмонлари чегара назорати кабинкаларига қараб йўл олдилар. Қизиғи шундаки, аввали бошда градусникларни олмаган йўловчилар навбатнинг бошида туриб қолдилар. Баъзи йўловчиларга бундай текширувлар ёқиб ҳам қолди: назорат масканидан ўтиб бўлгандан кейин қайтариб бермаган градусникларини кўриб ўтираётган иккита аёлни кўрдим...