12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг энг таниқли адвокатлари касбга яроқсизлиги туфайли лицензияларидан маҳрум бўладилар

19.05.2009 15:14 msk

А.Волосевич (Тошкент)

Мустақил журналистларни, ҳуқуқ ҳимоячиларини, мухолифатчиларни, “диндор” маҳбусларни ҳамда милиция ва махсус хизмат ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланганларни кўп маротаба ҳимоя қилган таниқли тошкентлик адвокатлар Руҳиддин Комилов ва Рустам Тўлаганов “қайта аттестациядан” ўта олмаганлари баҳонаси билан адвокатлик лицензияларидан маҳрум бўладилар. Уларнинг иккови ҳам кўп йиллик стажга эга эга бўлган тажрибали юристлар бўлиб, кўплаб жиноий ишларнинг буюртма характерга эга эканлиги ҳақида қўрқмай гапириб келганлари учун ҳам анчадан бери расмийларнинг назаридан қолиб кетишганди. Шу чоққача бундай фаолият билан шуғулланишга Ўзбекистонда саноқли адвокатларнинг жасорати етган, холос.

- Имтиҳонлар Тошкент вилояти Адвокатлар палатасида бўлиб ўтди, - дейди Руҳиддин Комилов. – Менга “интеллектуал мулк”, “махсус уйлар”, “ноқонуний жамоат ва диний уюшмалар тузиш”, “дастлабки терговни тугатиш ва тўхтатиш” тўғрисидаги саволлар тушди. Мен уларга батафсил жавоб бердим. Аммо улар имтиҳонни топшира олмаганимни айтишди. Имтиҳонда 50 нафарга яқин адвокатлар иштирок этдилар. Бирорта саволга жавоб бера олмаган “соқовлар” ҳам имтиҳондан ўтдилар. Мен билан яна бир киши эса синовдан ўта олмадик...

Рухиддин Камилов
Руҳиддин Комилов 1966 йилда Паркентда туғилган. ТошДУ юридик факультетини 1991 йилда тамомлаган. 1994 йилдан бери Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъатининг аъзоси. 2007 йилда “Адолат Раҳмон” адвокатлик идорасини очган,18 йиллик адвокатлик практикасига эга. У ўз вақтида ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева, Муйдин Қурбонов, Мамадали Қорабаев, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Дилмурод Муҳиддинов, Акбарали Орипов, Ҳамдам Сулаймон, Нурмуҳаммад Азизов, Муса Бобожонов, Муҳаммадқодир Отахонов, Абдуғафур Дадабаев, Носир Зокир, Холиқназар Ғаниев, Исроилжон Ҳолдоров, Мўътабар Тожибоева ва Юсуф Жумани ҳимоя қилган. 2008 йилда Ангренда милиция бўлимида қийноқлардан ўлган Музаффар Тўйчиевнинг манфаатларини ҳимоя қилган ва айни пайтда журналист Дилмурод Саййиднинг адвокати бўлиб келмоқда.

Комиловни 2004 йилда ҳам сохта айбловлар ёрдамида адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилишга уринганлар. Аммо ўшанда Адвокатлар ассоциацияси ва нуфузли халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари унинг тарафини олгани учун расмийлар ён босишга мажбур бўлганди.

Бугун номақбул адвокатлардан қутилиш учун бошқача усул танланган. Ҳар бир номақбул адвокат билан алоҳида овора бўлиб ўтиришга ҳожат қолмади. “Қора рўйхат”га тушган барча адвокатлардан қайта аттестация ёрдамида бирваракайига қутилиш мумкин бўлиб қолди.

- Бу имтиҳонларнинг ўзи қонунга хилоф, - дейди Руҳиддин Комилов. – Гап шундаки, қонунга асосланган лицензия бериш акти қонун ости акти билан бекор қилиниши мумкин эмас. Биз лицензияларимизни 1997 йилда “Адвокатура тўғрисида” қонунига асосан олганмиз. Мазкур қонунга тузатиш киритиш тўғрисидаги 2008 йил қонунида адвокатлар ўз лицензияларини қайтадан олишлари керак бўлиши тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Негаки, бизнинг олган лицензияларимиз бир муддат билан чегараланмаган.

Шунинг учун ҳам лицензияларнинг амал қилишини бекор қилиш учун аввалига қонуннинг тегишли бандларини бекор қилиш керак ҳамда унга адвокатлар янги намунадаги лицензия олиш кераклиги ҳақида тузатишлар киритиш лозим. Ўшандан кейингина бундай имтиҳонларни ўтказиш керак. Аслида, қонундан келиб чиққан ҳолда улар бизга лицензияларни қайта расмийлаштириб беришлари керак эди.

Адвокат чиқарилган қарор устидан Ўзбекистон Адвокатлар палатаси қошидаги Олий малака комиссиясига шикоят қилмоқчи. Бир неча ой илгари эса у бу ташкилотнинг тузилишига фаол қарши чиқиб келганди. Ўшанда у 600 нафар адвокатлар номидан Олий Мажлисга, Сенатга, Олий судга ва Бош прокуратурага мурожаатнома юборганди. Мазкур идоралар у ёки бу қонунни конституциявийлиги борасида мамлакат Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Сенат ушбу мурожаатномани Конституциявий судга юборди, Конститциявий суд эса ўз навбатида му масалани кўриб ўтирмаслиги ҳақида Комиловни хабардор қилди. Кўринишидан, Комилов апелляциявий идорадан ижобий жавоб олиши даргумон.

Руҳиддин Комиловга кўра, у тахминан яна бир ой давомида адвокат бўлиб ишлай олади. Кейин унинг апелляция шикояти кўриб чиқилгунича ҳам фаолият юрита олади, холос. Шу давр мобайнида у адвокат бўлиб чиқаётган ишларда, шу жумладан, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг судида ўз ишларини якунига етказмоқчи.

Малака синовидан адвокат Рустам Тўлаганов ҳам ўта олгани йўқ.

- Институтни 1975 йилда тамомлаганимдан бери юрист бўлиб ишлайман, - дейди Тўлаганов. – Терговчи, ўта муҳим ишлар бўйича терговчи, милиция идоралари устидан назорат прокурори бўлиб ишлаганман. 1997 йилдан бери адвокат бўлиб ишлаяпман. Мана, пенсияга икки йил қолганда имтиҳон топширишга тўғри келди. Билимим етарли эмас экан, адвокат бўлиб ишлашга...

Унга кўра, у ўз билетининг бешта саволига тўла жавоб берган.

- Саволлар оддий эди, уларга биринчи курс талабалари ҳам жавоб бера олади. Аммо барча саволларга жавоб берганингиз билан имтиҳондан ўта олмас экансиз. Имтиҳон топширган 47 кишидан битта мен ўта олмабман. Жуда бўш эканман, шекилли...

Рустам Тўлагановга кўра, уни “юқоридагиларнинг” кўрсатмасига мувофиқ йиқитишган.

Рустам Туляганов
Рустам Тўлаганов терговчи, ўта муҳим ишлар бўйича терговчи, Тошкент вилояти прокуратурасининг терговчиси, милиция идораларини назорат қилиш бўйича прокурор бўлиб ишлаган. 1997 йилдан бери адвокат бўлиб ишлаяпти. Кўплаб суд жараёнларида фуқаролик жамияти фаолларини, журналистларни, ҳуқуқ ҳимоячиларини, мухолифатчиларни ва “диндор”ларни ҳимоя қилиб келган. У диссидент шоир Юсуф Жума, шоир ва қўшиқчи Дадахон Ҳасан, қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ ҳимоячи Аъзам Турғуновни ҳимоя қилган. Расмийлар томонидан жорий этилган “қайта аттестациялаш”ни Рустам Тўлаганов қонунга хилоф дея ҳисобламоқда.

- У ерда адвокатлик режаларини ойлаб бажармаган адвокатлар бўлган. Мен эса бу режани ҳар ой топшириб келганман. Яъни, одамлар менга ишонган. Улар менга ишонмаганида режани қандай қилиб бажарардим? Шўролар даврида режа топширишига қараб адвокатга баҳо беришган. Давлат режасини бажарган яхши адвокат саналарди: у ўзига ҳам пул ишлайди давлатга ҳам фойда келтиради. Ҳозир эса ИИВ ва МХХ талабларига жавоб берган адвокат яхши саналади. Қийноққа солишса ҳам, ўлдиришса ҳам, ҳаммасини индамай имзолайверади – мана яхши адвокат... Ахир бу беъманиликнинг ўзгинаси эмасми? Адвокатуранинг нима кераги бор унда? Адвокатлик фаолиятининг кафолати тўғрисидаги президент фармони нима учун, ахир? Қани бизнинг кафолатларимиз? Биз президентнинг барча фармонларини бажардик, аммо бизнинг фаолиятимизга кафолат йўқ.

- Адвокатура нодавлат нотижорат ташкилоти саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз ўз раҳбарларимизни қуйидан юқорига қараб сайлашимиз лозим. Мен мазкур қонунни амалдаги Ўзбекистон қонунчилигига, амалдаги президент фармонларига ва амалдаги Ўзбекистон Конституциясига зид келади деб ҳисоблайман. Қўлимиздаги лицензиядан маҳрум бўлмай туриб янги лицензияни қанақасига олиш мумкин? Бу амалдаги қонунчиликка зид келади. Афсуски, республикада ўз адвокатлик вазифасини бажаришга интилаётган адвокатларни камситишяпти. Менимча, бу аслида адвокатура институтини йўқ қилишга қаратилган...

Қайд этиш жоизки, энг жасур адвокатларни лицензиядан маҳрум қилиш билан бирга сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинган маҳбуслар юридик ҳимоядан маҳрум бўлиб қоладилар. Негаки, оддий адвокатлар бундай ишлардан ўзларини олиб қочадилар. Боз устига, уларнинг ҳамкасбларини лицензиядан маҳрум этиш уларга яна бир ёрқин огоҳлантириш бўлиб қолади. Кўринишидан, бундан кейин фуқаролик жамияти фаолларини, диндорларни ва мухолифатчиларни расмийлар томонидан тайинланган адвокатлар ҳимоя қиладиганга ўхшайди.

А.Волосевич