08:20 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг Биринчи Халқаро пахта ярмаркасида 150 минг тонна пахта толаси сотилади

11.10.2005 08:37 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

10 октябрь куни Тошкентнинг «Ўзэкспомаркази»да очилган Ўзбекистоннинг Биринчи Халқаро пахта ярмаркасида ҳорижий ширкатларга 2005 йил ҳосилидан камида 150 минг тонна пахта толаси сотилади. Ўзбекистон ташқи алоқалар, савдо ва сармоялар вазири ўринбосари Собир Ҳасановнинг тахмини ана шундай. Ярмарка савдоларида Хитой, Россия, Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Корея, Европа ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлар енгил саноат корхоналарининг 250 дан зиёд савдо агентлари ва вакиллари иштирок этмоқдалар.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича жаҳонда олтинчи ва пахта экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллайди, у ҳар йили чет элга йиғиб олинган ҳосилнинг 80 фоизигача сотади. 2004 йилнинг сентябридан 2005 йилнинг сентябригача 860 минг тонна пахта толаси сотилган, 2005-2006 йиллар мавсумида эса уни 1,2 миллион тоннага яқин ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Бу йил кузда об-ҳавонинг фавқулодда қулай келиши натижасида, «Ўзпахтасаноат» ассоциацияси берган маълумотга кўра, октябрга келиб пахта далаларидан 3,2 миллион тонна биринчи ва иккинчи навли пахта хом ашёси йиғиб олинган, ундан сертификатлар билан таъминланган ва ярмарка савдолари учун тайёрлаб қўйилган 170 минг тонна юқори сифатли тола ишлаб чиқарилган ва экспорт терминалларига жойлаштирилган.

Ўзбекистоннинг «Ўзмарказимпекс», «Ўзинтеримпекс» ва «Ўзсаноатмашимпекс» давлат ташқи савдо ширкатлари «Cotton Outlook» котировкалари ўлчовларига таянган ҳолда экспорт баҳоларини белгилашиб, жаҳон конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда ўз маркетинг стратегияларини мустақил равишда белгиламоқдалар. Пахта толасининг эффектив равишда жўнатилиши учун бу ширкатлар томонидан харидорларга «франко-склад» шартлари асосида барча хизматларни тақдим этувчи ҳудудий божхона терминаллари ташкил этилган.

«Ўзинтеримпекс» ширкати раёсатининг раис ўринбосари Аваз Мирсалимовга кўра, Ўзбекистоннинг Биринчи Халқаро пахта ярмаркасида харидорлар шартномаларни имзолагунларига қадар ростакам намуналар шаклида тақдим этилган, сотилувчи пахта толаси ҳажмининг ҳар биридан барча жиҳатлар бўйича танлашлари ва баҳолашлари мумкин.

Тошкент марказида ярмарка ўтказиш учун «Ўзэкспомарказ»нинг янги кўргазма павильони махсус қурилган бўлиб, унда толалар намуналари ва ишлаб чиқаришнинг тўла цикли акс эттирилган сўкчаклар жойлаштирилган. Ахборот лавҳи сотувчилар ва харидорлар ўртасида бўлиб ўтган дастлабки музокараларнинг бориши ҳақида хабар беради. Бундан ташқари, ўзбекистонлик селекциячилар томонидан етиштирилган пахтанинг жойларга бўлиштирилган навлари билан 20 та пахта майдончалари барпо қилинган.

«Интерконтиненталь» меҳмонхонасида мамлакат пахта комплексини ривожлантириш стратегияси, истиқболли юқори ҳосилли янги навлар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган енгил саноат қўшма корхоналарининг тақдимот маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон пахтаси истеъмолчилари семинарда олинган ҳосилни баҳолаш ва сифатни сертификатлаш масалаларини, махсус терминаллар имкониятларини, транспорт йўлаклари ва юкни етказиб бериш схемаларини муҳокама қилмоқдалар. Шунингдек, ярмарка иштирокчилари Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги пахта тозалаш заводи ва фермер хўжалигини ҳамда «Тошкент Тола» пахта терминалини бориб кўрадилар. Республика товар-хом ашё базасининг валюта майдончасида 11 октябрь эрталабки соат 10 да бўлиб ўтадиган кўргазмали савдо сессиясининг ўтказилиши ярмарканинг асосий воқеаси бўлади.

Ўзбекистоннинг Биринчи Халқаро пахта ярмаркаси боришини кузатаётган экспертларнинг фикрича, чет эллик харидорларнинг Ўзбекистон пахтасига талаби ошиб бормоқда. Хитойга бўлган экспорт миқдори ошаяпти. Ўзбекистон пахтаси нархлари нисбатан кам ўзгаради, маҳаллий толадан фақат йирик ширкатларгина эмас, ўрта бизнес корхоналари ҳам бажонидил фойдаланадилар. Бангладешга қилинаётган пахта импортида Ўзбекистон толасининг улуши олтмиш фоиздан кам бўлмаган кўрсаткични ташкил қилади. Россия ҳам анъанавий истеъмолчилигича қолмоқда. Гарчи Россия бозорида четдан келувчи хом ашё умумий ҳажмида Ўзбекистон пахтасининг улуши бироз камайган бўлса-да, Ўзбекистонда терминаллар тузилмасининг ривожланиши билан боғлиқ равишда маҳсулотни бевосита етказиб бериш ўсди.

Ўзбекистон ОАВ ёзишларича, ярмарка натижасида нафақат мамлакат бюжетига валюта тушумларининг кўпаяди, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ҳозирги босқичда катта иқтисодий имкониятларга ҳамда келажакда бу имкониятларни ривожлантиришнинг улкан истиқболларига эга мамлакат сифатида обрў-эътибори ортиб боради.



 

Реклама